Бугун бадиий таржимани сифат жиҳатдан янада такомиллаштириш масаласи давлатимиз раҳбарининг эътиборида бўлиб турибди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Тошкент вилоятидаги “Паркент ижод уйи”да ташкил этилган Республика таржимонлар форумида айни соҳага оид долзарб масалалар муҳокама этилди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июндаги “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида” қарори ижроси доирасида ўтказилди.

– Шунчаки хорижий тилни билган билан ҳеч ким яхши таржимон бўлиб қолмайди, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Таржимон адабиётни севиши, таржимага қўл урмоқчи бўлган асарнинг муаллифи ижоди билан яқиндан таниш бўлиши, муайян асарга қалбан яқинлиги ғоят муҳимдир. Бу галги ижодий форум “Турк ва озарбайжон шеъриятидан таржималар”, “Хорижий тиллардан таржима муаммолари”, “Бадиий фильм дубляжи учун таржима қилишнинг ўзига хос томонлари”, “Болалар шеърияти таржимаси масалалари”, “Замонавий ўзбек шеъриятининг қай жиҳатлари турк ўқувчисини жалб қилади?” ва бошқа долзарб мавзуларга бағишлангани билан аҳамиятли бўлди. Иштирокчилар юракларидаги гапларини айтдилар. Форум қатнашчилари мазкур тадбирда олган билимларини янги таржима асарлари, тадқиқотлар, ижодий ишлар учун сарфлашларига умид билдирамиз. Айтмоқчиманки, мазкур форум қатнашчиларнинг фаолиятида ўз изини қолдирмоғи керак, албатта.

– Дарҳақиқат, авваллари таржимон ва адиб ёки шоирлар ўртасида ўзаро ижодий ҳамкорлик, қалбан ва руҳан яқинлик бўлар эди, – деди таниқли адабиётшунос олим, таржимон Адҳамбек Алимбеков. – Бу эса бадиий таржиманинг мукаммал ва пухталигини таъминлашда, асарнинг моҳиятини англашда муҳим омил саналади. Ижодкорлар ўртасида шахсий дўстлик бўлмагунича адабий алоқаларни ривожлантириш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Келгуси форумларда Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия каби қардош давлатлардан ҳам вакиллар иштирок этиши керак. Бу эса ижодкорлар ўртасидаги ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.

– Ушбу форумда кўтарилган масалаларнинг ҳар бири алоҳида анжуманга, катта бир форумга арзийди, – деди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиба ва таржимон Рисолат Ҳайдарова. – Форумда барча учун қизиқарли мавзулар кўтарилди. Бу ғоялар кўпчиликни қизиқтириб қўйди. Ушбу мавзулар устида келгусида алоҳида иш олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Масалан, таниқли олим ва публицист Азизуллоҳ Оролнинг Афғонистонда “Ўзбек тилининг миллий қомуси” устида олиб борилаётган ишлар, таниқли шоир, таржимон ва публицист Тоҳир Қаҳҳорнинг “Европадаги турк адабиёти”, Иқбол Қўшшаеванинг “Бадиий фильм дубляжи учун таржиманинг ўзига хос жиҳатлари”, Кавсар Турдиеванинг “Болалар шеърияти таржимаси ҳақида”ги маърузалари форум иштирокчиларида катта таассурот ва қизиқиш уйғотди.
– Мазкур форум иши иштирокчилар учун жуда фойдали бўлди, – деди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси, таржимон Бегойим Холбекова. – Дарҳақиқат, бугунги кунда бадиий таржимага оид ишларни замон руҳига монанд йўлга қўйиш, муаллиф ва таржимонлар ўртасидаги ҳамкорликни тобора мустаҳкамлаш муҳимдир.
Форум якунида иштирокчиларга ташаккурномалар топширилди.
Назокат Усмонова,
Аҳмаджон Тўраев (сурат),ЎзА