Сурхондарё вилоятида уюшган меҳнат миграциясини ташкил этиб, бу жараённи бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, чет элда меҳнат қилиш истагида бўлган фуқароларга қулай шароитлар яратиш, хориждан қайтганларни иш билан таъминлаш учун маҳалла ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, туман, шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 4 апрелдаги “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Онлайн-маҳалла” маҳалла платформаси яратилиб, у “Хориждаиш.уз” платформасига тўлиқ интеграция қилинган. Айни пайтда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари хорижда ишлаш ёки тил ўрганиш истаги бўлганларни мазкур платформага киритмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали ёритилмоқда. Маҳаллаларда тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Салоҳиятли хорижий иш берувчилар танловларида иштирок этиши учун жойлардаги бандлик бўлимларида барча қулайлик яратилган. Уларни салоҳиятли иш берувчилар талабига мос касбларга тайёрлаш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги олтита касбий кўникмалар, Термиз шаҳридаги қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказлари, вилоят олий таълим, фан ва инновация бошқармаси таркибидаги техникум ва касб-ҳунар мактаблари имкониятларидан фойдаланилмоқда.
– Хорижга чиқиб ишлашга қаратилаётган эътибор олдинги меҳнат миграциясидан тубдан фарқ қилади, – дейди Ташқи меҳнат миграция агентлиги вилоят филиали раҳбари Ҳошимжон Эрдонов. – Эндиликда меҳнат миграцияси уюшган ҳолда ташкил этилмоқда. Бунинг учун уларга хорижий тиллар ўргатилаётир. Шу мақсадда вилоятдаги салоҳиятли 26 та нодавлат ўқув марказлари билан ҳам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ҳозир мазкур ўқув марказларида 2 минг 600 дан ортиқ фуқаро хорижга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида хорижий тилларни ўрганмоқда. Уларнинг 831 нафари инглиз тилига, 500 га яқини немис тилига, 840 дан ортиғи корейс, 20 нафари япон, 259 нафари рус ва 165 нафари бошқа тилларга ўқитилмоқда. Яқинда Германиянинг иш берувчиси ўтказган танловда нодавлат ўқув марказларимизда тил ўрганган 16 нафар тингловчи иштирок этди. Шу кунларда яна ўн нафари суҳбатга тайёрланмоқда. Хорижда ишлашга қизиқиш билдираётган воҳадошларимизга яна бир енгиллик яратиш учун шу йил тил даражасини белгиловчи O’sD сертификатлаш маркази филиалини очишни ҳам режалаштиряпмиз.
Вилоятда четга чиқиб меҳнат қилишни кўнглига тукканлар учун хорижий тилларга ўқитиш ўз самарасини бермоқда. Жумладан, 2023 йил Германия давлатида ишлаш учун вилоятдан 11 нафар фуқаро борган бўлса, ўтган йили 50 га яқин киши жўнаб кетди. Бу йил немис тилини ўрганган 300 дан ортиқ кишини Германияга ишга жўнатиш мўлжалланмоқда.
Хорижий ҳамкорлар ва салоҳиятли иш берувчилар билан ишлаш жараёнида жанубдаги воҳа Россия Федерациясининг Новосибирск вилояти билан яқин ҳамкорлик ўрнатди. Шу асосда Новосибирск вилояти қурилиш-монтаж ва сервис хизмати кўрсатиш коллежи ҳамда Термиз шаҳридаги архитектура ва қурилиш, Бойсун тумани қурилиш техникумлари, Ангор тумани касбий кўникмалар маркази, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ўртасида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик шартномаларини тузиб, турли тадбирлар ташкил этмоқда. Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойида бир ҳафталик онлайн вебинар ва декабрь ойида офлайн семинар ўтказди. Ўқув-семинар якунида таълим муассасаларининг 22 нафар ўқитувчисига Россия Федерациясининг махсус сертификати топширилди. Ўзаро тажриба алмашилди. Жорий йилдан бошлаб, малакали ўқитувчилар ёшларга хориж тажриба асосида касб ва чет тилини ўргатмоқда.
Бу йил вилоятда 17 минг кишини ташкиллаштирилган ва уюшган меҳнат миграцияси орқали хорижда ишга жойлаштириш кўзда тутилмоқда. Ўтган даврда уларнинг 1 минг 200 дан ортиғи дунёнинг турли давлатларида ишга жойлашди. Айни пайтда сурхондарёликлар дунёнинг Германия, Буюк Британия, Япония каби ривожланган давлатларида ҳам уюшган меҳнат миграцияси орқали юқори даромадли ишларда меҳнат қилмоқда.
Хорижда турли касбларни ўрганиб, вилоятга қайтаётган меҳнат мигрантларининг иш билан таъминланаётгани, уларнинг бизнесини йўлга қўйишига кўмаклашилаётгани ҳам эътиборга сазовор бўлмоқда. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида ҳам миграциядан қайтган фуқароларни доимий даромад келтирадиган иш билан банд қилиш белгиланган. Шунга мувофиқ ўтган йили маҳалла еттилигининг миграциядан қайтганлар билан учрашувларида тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги бўлган 2 минг 206 нафари танлаб олиниб, уларга тижорат банклари ва мутасадди ташкилотлар бириктирилди. Бандлигини таъминлаш бўйича алоҳида “йўл харита”си ишлаб чиқилди. Шу пайтгача уларнинг 2 минг 82 нафарига 74 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилиб, тадбиркорлигини бошлашга ёрдам кўрсатилди. Ғоя ва таклифлари қўллаб-қувватланди. Масалан, Ангор туманидаги Янгиобод маҳалласида яшайдиган Наргиза Мадиева Санкт-Петурбург шаҳрида меҳнат қилиб, қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлаш ҳунарини ўрганиб, қайтди. Унга маҳалла томонидан зарур шароит яратиб берилди. Ҳозир қандолатчилик цехида ўзи билан бирга икки нафар мигрантни ҳам иш билан таъминлади. Улар ойига 20 миллион сўмгача даромад топмоқда.
– Ёки бошқа бир мисол, – дейди Ҳошимжон Эрдонов. – Қизириқ туманидаги Зарбдор маҳалласида истиқомат қиладиган Баҳриддин Турсунпўлатов ҳам Россиянинг Санкт-Петурбург шаҳрида меҳнат қилиб, металлдан турли буюмлар ясаш ҳунарини эгаллаб қайтди. Темир дарвоза ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқараётган ҳунармандга маҳалласида барча шароит яратиб берилди. Хорижда ойига 400 доллар даромад топган бўлса, эндиликда юз миллион сўмгача даромад олмоқда. Шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтган ўн кишининг ҳам бандлигини таъминлаган. Буларнинг барчаси давлатимизнинг хорижда меҳнат қилаётган фуқароларига ҳам алоҳида эътибор қаратаётгани ва тартибли миграциянинг самараларидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири