English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тармоқлараро саноат ярмаркаси маҳаллий тадбиркорларга кенг имконият эшигини очади
16:04 / 2022-11-14

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар марказида Республика тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Ташкилотчилар маҳаллий корхоналар ўртасида кооперация алоқасини йўлга қўйиш, шунингдек мамлакатимизда харидоргир, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтиришни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратишган.

Бир неча тадбирни жамлаган мазкур бизнес дастурида маҳаллий тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчиларни қўшма лойиҳалар амалга оширишга жалб этиш, саноат кооперациясини ташкил этиш ва ички бозорда юқори талабга эга маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга алоҳида аҳамият берилган.

Ярмаркада 14 ҳудуднинг жами 944 корхонаси томонидан 9 350 турдаги маҳсулот намойиш этилмоқда.

- Мазкур ярмарка экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотларни маҳаллий хом ашёдан юртимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ички ва ташқи бозор талабига жавоб берадиган товарларни кўпайтиришга қаратилган яхши лойиҳа, - дейди “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ сотув бўлими бошлиғи ўринбосари Муҳсинжон Жалилов. – Комбинатимиз томонидан жорий йилнинг ўтган даврида маҳсулот ва хизмат импорти ҳажми сезиларли даражада камайди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 412,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу тадбир орқали айни йўналишдаги фаолиятимизни янада ривожлантириш, янги ҳамкорлар топиш, самарали келишувларга эришишни мақсад қилганмиз.

[gallery-9570]

Ҳар йилгидан кўра пухта тайёргарлик билан, кенг кўламда ташкил этилган ярмаркада иштирокчиларга ҳар жиҳатдан қулайлик яратиш мақсадида кўргазмадаги маҳсулотлар тармоқ тамойили асосида жойлаштирилди. Саноат тармоғи ва ҳудудий корхоналар маҳсулоти умумий ҳолда намойиш этилмоқда. Бу ерда тоғ-кон металлургияси ва кимё саноати, Нефть-газ, энергетика ва электротехника саноати, транспорт, телекоммуникация, фармацевтика, қурилиш материаллари ва мебель саноати, тўқимачилик ва чарм саноати, Ҳунармандлар уюшмаси ва Ногиронлар жамияти маҳсулотлари, очиқ майдонда эса транспорт воситалари, йирик ўлчамдаги ускуналар ва бошқа маҳсулотлар билан танишиши мумкин.

- Саноат фильтрлари ишлаб чиқарадиган илк корхона сифатида рўйхатга олинган фирмамиз 2013 йил ташкил этилган, - дейди “Uzfiltr.uz” фирмаси раҳбари Соҳибжон Хайитов. - Асосан асфальт, цемент, металлургия комбинатидан чиқадиган зарарли чангни ўзида ушлаб қоладиган махсус фильтрлар ишлаб чиқарамиз. Йилига 200 мингдан зиёд олтмишга яқин турдаги маҳсулот тайёрланади. Бундай фильтрлар авваллари юз фоиз хориждан импорт қилинар, нархи баланд эди. Бизнинг маҳсулот эса сифат жиҳатидан ҳам, хамёнбоплиги билан ҳам харидорларга жуда маъқул. Қолаверса, фильтрни сотиб олган харидорга 6 ойгача кафолат берилади. Анжуманда маҳсулотларимизни кенг оммага таклиф, реклама қилиш баробарида тадбиркорлар билан ўзаро тажриба, фикр алмашяпмиз.

Ярмарка доирасида тармоқлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Жумладан, 21 саноат тармоғи томонидан маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтириш имконияти юзасидан тақдимот ўтказилади.

В2В ва В2G шаклидаги учрашувлар ўзаро ҳамкорликка чорловчи шартнома ва меморандумлар имзолаш учун қулай фурсатдир.

Республика тармоқлараро саноат ярмаркаси 18 ноябргача давом этади.

Гўзал Сатторова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА