Термиз туманидаги Термиз халқаро савдо марказида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси бошланди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Электрон кооперация маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ярмаркада воҳадаги 200 дан зиёд ҳамда мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан 30 дан ортиқ саноат корхонаси ўзининг импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ ўтказилаётган ярмаркада асосан қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноати, доривор ўсимликлар ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича турли маҳсулотлар кенг намойиш этилмоқда.
Мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, саноат инфратузилмасини ривожлантириб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган. Бу жараёнда сармоядорлар учун қатор имтиёзлар яратилиб, енгиллик берилгани ҳудудлар саноатини янги босқичда ривожлантираётир. Хусусан, ерости ва ерусти бойликлари сероб Сурхондарё вилояти ҳам катта ўзгаришларга юз тутмоқда. Жумладан, сўнгги олти йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 31,2 фоизга ошиб, 14,4 триллион сўмдан 34,9 триллион сўмга етди. Ёки биргина ўтган йил якуни билан қарийб 2,4 баробарга ўсди.
Саноқли йиллар муқаддам жанубдаги воҳада қишлоқ хўжалиги асосий соҳа сифатида кўрилган бўлса, эндиликда саноат ҳам етакчи тармоққа, текстиль – тўқимачилик ҳамда қурилиш материаллари саноати вилоятнинг етакчи драйвер соҳаларига айланди. Масалан, 2017 йил воҳада 637 миллиард сўмлик текстиль ва тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, жами саноат маҳсулотлари ҳажмидаги улуши 27 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йили ишлаб чиқариш ҳажми 2,9 триллион сўмни, соҳанинг саноат ҳажмидаги улуши 41 фоиздан ошгани қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 3,6 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Унинг 44,2 миллиард сўмлиги маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга тўғри келди. Саноат корхоналарининг ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар сабабли Электрон кооперация портали орқали 105,9 миллиард сўмлик маҳсулот савдоси амалга оширилди.
Бу рақамлар кейинги йилларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда импортни оптималлаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида вилоят ҳокими У.Қосимов шу ҳақида атрофлича сўз юритиб, иштирокчиларни ярмарканинг тантанали очилиши билан табриклади. Сармоядорларни воҳанинг бой салоҳиятидан фойдаланиб, ҳудудда ўз бизнесини йўлга қўйишга таклиф этди. Кўргазмага қўйилган импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар билан танишди.
Ҳудудлар ва тармоқлар ўртасида ўзига хос ўзаро кооперация майдончаси вазифасини бажараётган ярмаркадан жой олган тайёр маҳсулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Жумладан, Жиззах вилоятидаги “BMB Zafaron” корхонасининг Бахмал туманида етиштираётган заъфарон ўсимлиги ноёб ва шифобахшлиги билан барчанинг эътиборини тортди. Ундан фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва парфюмерияда кенг фойдаланилади. Дунёнинг саноқли давлатида парваришланадиган қимматбаҳо бу ўсимлик ҳосили Италия, Хитой, Германия, Испания каби ўндан ортиқ давлатга экспорт қилинмоқда.
Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган 35 минг 600 хўжалик юритувчи субьектнинг 3 минг 200 га яқини саноат корхонаси бўлиб, Бандихон туманидаги “Бойсун керамзит инвест” масъулияти чекланган жамияти улардан биридир. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхонада йилига 50 минг куб-метр импорт ўрнини босувчи керамзит ишлаб чиқарилади.
–Тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйгунимизча бу турдаги маҳсулот четдан олиб келинаётган эди, – дейди корхона раҳбари Саид Алланов. – Уни ўзимизда ишлаб чиқаришни ўзлаштиргач, қурилиш учун жуда зарур керамзит таннархи анча арзонлашди. Ҳозирча 15 киши меҳнат қилаётган корхонамиз маҳсулотини фақат маҳаллий бозорга етказиб беряпмиз. Ҳудудимизда хомашё захираси сероб. Саноат ярмаркасида иштирок этиш буюртмачиларимиз билан кооперация алоқаларимизни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Саноат ярмаркаси эртага, яъни 25 август куни якунланади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА