Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тармоқлараро саноат ярмаркалари ўтказилмоқда
10:09 / 2021-06-21

Вазирлар Маҳкамасининг «2021 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан жойларда саноат ярмаркалари ўтказилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, шундай тадбирлардан бири Нукус шаҳрида ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидан саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг маҳсулот ҳамда хизматлари билан иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси Нукус шаҳридаги олий таълим муассасаларининг янги лойиҳалари ҳамда инновацион ишланмалари ярмаркада иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинишига кўмаклашди.

Бундан ташқари, мазкур ҳудудий бошқарманинг таклифига биноан Тошкент шаҳридан «Яшнобод» технопарки резидентлари “Lotus engineering” стартапи ўзининг ҳавони ва буюмларни тозалаш инновацион технологияси - «Сlean box” ускуналарини ҳамда муаммоли ва жароҳатланган териларни ҳимоя қилувчи “LiPatch” инновацион косметик маҳсулоти, Хоразм вилояти Урганч шаҳридан “Wolsoft” стартапи ўзининг туристик масканларда виртуал сайр қилиш имкониятини яратадиган “Vr box” маҳсулоти ва “Smart Agro Solutions” МЧЖ стартапи ўзининг дарахт кўчатларига «Агролоток»лар қўйиш орқали сув тежовчи инновацион тизимни жорий этиш технологияси маҳсулотларини кенг омма эътиборига тақдим қилди.

Саноат ярмаркаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳраман Сариев бошчилигида ўтиб, улар ярмарка доирасида Қорақалпоғистон Республикаси олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилган инновацион ишланмалар билан яқиндан танишди.

Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали томонидан ишлаб чиқилган ва фойдаланишда қулай бўлган, ҳамёнбоп нархдаги жўжа чиқариш инкубатори, шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ишлаб чиқилган энергия тежамкор иситиш қозонига қизиқиш билдирилди. Ушбу ишланмалар ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш ва республика ҳудудларига кенг жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Икки кун давом этган саноат ярмаркаси якунида олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқариш корхоналари билан жами 50 миллион сўмлик шартномалар имзоланди ва ярмаркага келган бир нечта акциядорлик жамиятлари билан биргаликда эндиликда бирга ишлашга келишиб олинди.

Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан университет талабаларини ишлаб чиқариш жараёнларини кузатишга жалб этиш ва мавжуд лабораториядан фойдаланишда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ўзаро келишув меморандуми имзолади.

 ЎзА