Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тармоқлараро кооперация саноат ярмаркасида кўплаб ҳамкорлик шартномалари имзоланади
17:56 / 2021-04-23

Навоий шаҳридаги “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмасида йирик саноат корхоналари томонидан ташкил этилган Республика тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

Тадбирнинг иккинчи кунида иштирокчилар “Навоий машинасозлик заводи” ИЧБда ташкил этилган ярмарка фаолияти билан танишди.  

– Корхонамиз 2014 йилдан ўз фаолиятини бошлаган, “Андижон энерго таъмирлаш” масъулияти чекланган жамияти бош муҳандиси Баҳриддин Бўронбоев. – Айни пайтда бу ерда 60 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. 200 турдан ортиқ маҳсулотлар, жумладан, энергетика соҳаси учун турли эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади. Жамиятимиз яқинда ташкил топганлигига қарамай бозордан ўз ўрнини топди. Айни пайтда фаолиятимизни янада кенгайтириш, иш ўринлари яратиш бўйича янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Бундай ярмаркаларда тез-тез қатнашиб турамиз. Навоий вилоятига ўз маҳсулотларимиз билан биринчи келишимиз. Насиб бўлса, ушбу ярмаркада яқин ҳамкорларимизни топамиз, деган умиддамиз.

– Навоий кон-металлургия комбинатида ташкил этилган саноат ярмаркасига бугун Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманидан келдик, – дейди “Альфа инвест” МЧЖ раҳбари Умиджон Бердиев. – Биз ярмаркада оҳактошдан ясалган қурилишбоп маҳсулотларимиз билан иштирок этаяпмиз. Эрталабдан буён кўплаб қизиқувчилар ҳамкорлик қилиш бўйича ўзларининг таклифларини билдирди.

Ярмарканинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Галина Саидова, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров, Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Санақуловлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, Навоий кон-металлургия комбинати бугунги кунда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда кооперация алоқалар бўйича етакчи ўрини эгалламоқда. Хусусан, 2020 йилда корхонада умумий қиймати 352,3 миллиард сўм бўлган маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Комбинат тармоқлараро кооперация доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3,5 триллион сўмлик маҳсулот харид қилган. Биргина, ўтган йили импорт ўрнини босувчи 140 м3 ли шартли тегирмон илк бор Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилиб 2,5 миллион доллар валюта маблағи иқтисод қилинган. 2021 йилда ҳам комбинатда бу ишлар изчил давом эттирилиб, 154 та лойиҳа бўйича қарийб 433 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот, шу жумладан, 82 миллиард сўмлик 71 та янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, жорий йилда саноат кооперация доирасида 3,8 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар харид қилиш кўзда тутилган.  

[gallery-2160]

Бугунги кунда, инновация йўналишида НКМК тизимида Инновация маркази, Марказий илмий-тадқиқот лабораторияси, Конструкторлик бюроси, Лойиҳалаштириш бюроси, жойлардаги бўлинмалари таркибида лабораториялар фаолият олиб бормоқда. Шу билан биргаликда, Навоий давлат кончилик институтининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам бу жараёнга яқиндан жалб қилинган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юқорида қайд этилган лойиҳаларнинг иқтисодий самараси 1,3 триллион сўмни ташкил этади. Навоий кон-металлургия комбинати, Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент давлат техника университети томонидан 153 мингдан ортиқ нашрдан иборат фондга эга комбинат электрон кутубхонаси фаолият олиб бормоқда.  

Ўтган ўн йилда комбинат мутахассислари томонидан 40 дан ортиқ ихтиролар Ўзбекистон, Россия, Украина, Германия ва Швейцариянинг патент идоралари томонидан патентланди. Комбинат ходимларининг бу йўналишда олиб бораётган ишлари 2017 йилда Бирлашган Миллатлар ташкилоти қошидаги Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан “Ихтиро учун” олтин медали билан тақдирланди. Ҳозирги кунда 17 та ихтиродан ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилмоқда, 13 тасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.  

Ўтказилаётган ярмарка доирасида Электрон кооперация портали орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан саноат маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар тузиш мўлжалланган.

– Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали маркази электрон тижоратда инновацион технологияларни жорий қилиш орқали ишлаб чиқарувчилар учун маҳсулотларини онлайн намойиш қилиш, буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида масофадан туриб шартнома қилиш ва тезкор молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятларини яратди, – дейди марказ директори Фаррух Хўжамқулов. – Мазкур тадбирларнинг барчаси, албатта, ҳудудлар, тармоқ корхоналари ва кичик тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқалари ривожига кўмак беради ва келгусида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда, порталда жами 72 413 та корхона қамраб олинган, савдо қилинаётган маҳсулотлар сони эса 171 618 тага етган. Ўтган 2020 йилда умумий қиймати 5375,7 миллиард сўмлик 39 996 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилган.

Тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси доирасида бир қатор ташкилотлар томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатиш ҳамда илм-фан соҳаларини фаол интеграция қилиш, кимё кластерларини ташкил этиш, илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларни янада кенгайтириш, тармоқ корхоналари томонидан импорт қилинаётган машинасозлик маҳсулотларини кичик корхоналар томонидан ишлаб чиқарилишини ўзлаштириш имкониятлари, тармоқ корхоналар томонидан импорт орқали олиб келинаётган маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ва хусусий бизнес субъектлари билан кооперация алоқаларини кенгайтириш, бу борада мавжуд муаммо ва уларнинг ечимлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.

– 2007 йилда ўз фаолиятини бошлаган корхонамиз тоғ-шахта саноати учун турли турдаги ностандарт маҳсулотлар ишлаб чиқариш, металлга ишлов бериш ва тегишли саноат ускуналарини таъмирлаш ишларини амалга оширади, – дейди Навоий шаҳридаги “Гидро станко сервис” МЧЖ ходимаси Юлия Такманова. – Асосан кон, кимё, энергетика, нефтгаз соҳа ва тармоқларига хизмат кўрсатамиз. Маҳсулотларимиз билан ички бозорга кириб бораяпмиз.  

Тармоқлараро кооперация саноат ярмаркаси давом этмоқда.  

 

Абдували БЎРИЕВ,  

Сирож АСЛОНОВ (фото), ЎзА