Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркия Республикасига ташрифи доирасида “MEXT” технологик марказида бўлди.
Марказ масъуллари вазирлик делегациясини ақлли сенсорлардан иборат “Рақамли фабрика” (Digital Factory) лойиҳаси ҳамда ақлли саноат етуклигини баҳоловчи “Smart Industry Readiness Index” (SIRI) доирасидаги ишлар билан таништирди.
Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, музокаралар давомида томонлар ўртасида қатор келишувларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистондаги уюшмалар, жумладан “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат”га аъзо, шунингдек фармацевтика, пахта саноати каби тармоқ корхоналаридаги ишлаб чиқаришнинг рақамлаштирилганлигини ўрганиш бўйича махсус баҳолаш дастурини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Шу билан бирга тармоқ корхоналари ва хўжалик бирлашмаларида ташкил этилган Инновацияларни жорий этиш бўйича раҳбар ўринбосарлари (Chief Innovation Officer) учун ишлаб чиқаришни рақамлаштириш ва инновацияларни жорий қилишга қаратилган махсус тренинглар ташкил қилиш режалаштирилди.
Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида жорий йилнинг III чорагида икки томон ўртасида Англашув меморандумини имзолаш ва “Инно” технологик парки резидентлиги асосида фаолиятни юритишга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “MEXT” технологик маркази Туркиядаги биринчи ва энг йирик саноат уюшмаси қошида 2020 йилда ташкил этилган. Марказ томонидан юқори ва ўрта даражадаги менежерлар, муҳандислар ва операторлар учун мўлжалланган рақамли трансформация бўйича кенг қамровли ўқув дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, йилига 50 минг нафар ходим ушбу дастурлардан фойдаланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА