Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарихни жонлантирган забардаст адиба
19:26 / 2024-06-12

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли адиба, таржимон, моҳир публицист Шаҳодат Исахонова таваллудининг 75 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ҳамда «Султон Жалолиддин Мангуберди», «Бибихоним», «Нодираи даврон», «Гавҳаршодбегим» номли китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Адабий анжуманда атоқли адиба Шаҳодат Исахонова ижоди, асарларининг моҳияти ва аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. 

– Юртимизнинг ҳар бир куни адабиёт байрамидек ўтмоқда, уюшманинг ушбу анжуманлар зали эса сўз санъати мухлислари билан ҳамиша гавжум, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид. – Буларнинг барчаси миллий адабиётимизга кўрсатилаётган улкан эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Шаҳодат Исахонова ҳам адабиётимиз равнақи йўлида заҳмат чекиб ижод қилаётган, унинг ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган ёзувчиларимиздан саналади. 

– Ёзувчилар уюшмаси кенг қулоч ёзиб тарғибот ишларини олиб бормоқда, мамлакат бўйлаб маърифат улашмоқда, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров. – Шаҳодат Исахонова ижодининг энг юксак кўтарилган даврида унинг хурсандчилигига шерик бўлиб турибмиз. Адиба қарийб 25-30 йил давомида тўртта катта тарихий роман яратиб, Ўзбекистон халқига тақдим этди. Унинг бу ижодий маҳоратини ҳақиқий маънода жасорат дейиш мумкин. Чунки 25 йил давомида ҳали ҳеч ким тўртта тарихий роман ёзиб, халқимизга тақдим этмаган эди. Кўп йиллар аввал унинг Туркон Хотун ҳақидаги романининг қўлёзмасини ўқиб, дунёга тарихий мавзудаги асарлар тақдим этувчи адиба кириб келаётганига ишонч ҳосил қилганман. Шаҳодат Исахонова Бибихоним, Гавҳаршодбегим, шу кунларда эса Нодирабегим ҳақида романлар ёзиб, ўша даврнинг фожеаларга тўлиб тошган жараёнларини акс эттириб, тарихнавис, романчилик маҳоратини эгаллаган ёзувчи сифатида ўзини намоён этди. Демакки, ўзбек маликаларининг инсоният тарихига, тақдирига таъсири беқиёслигини, уларнинг фазилатлари дунё маликаларидан асло кам эмаслигини, қайси жиҳатлар билан эса устунлигини китобхон яна бир бор юракдан англади. 

[gallery-17807]

Шаҳодат Исахонованинг «Бибихоним» тарихий романи икки қисмдан иборат бўлиб, унда Турон юртининг бош маликаси Бибихоним ва маликалар Туман оғо, Руҳпарвар оғо ҳамда кичик хоним Тукалхоним ҳаётининг юлдузли онлари ва аянчли эврилишлари акс этган. 

«Султон Жалолиддин Мангуберди» романида Ватанимиз тарихининг оғир ва мусибатли замонлари – мўғул босқини ва истибдоди даври воқеаларини ёритишга бағишланган. Асарда Султон Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Темур Малик каби халқ қаҳрамонлари гавдаланган. 

Муаллифнинг кейинги икки романида Гавҳаршод бегим ва Нодираи даврон ҳақида ҳикоя қилинади. Мазкур китобларнинг барчаси «Маърифат битиклари» нашриётида «Турон маликалари» туркумида чоп этилган.

Тадбирда сўзга чиққанлар адибанинг ижодий фаолияти, изланишлари, тарихий романларининг яратилиши ва унинг аҳамиятига эътибор қаратди.

Тақдимот тадбирида ижодкорга Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди. Йиғилганларга муаллифдан янги китоблар тақдим қилинди.

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА