French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарихий ва маданий бойликлар ушлаб қолинди
16:04 / 2024-09-20

“Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан “Тошкент – Волгоград” йўналишидаги поезд божхона назоратидан ўтказилди. Натижада йўловчилардан бири бундан 54 йил муқаддам ишланган бюстни олиб чиқаётганлиги аниқланди.

“Довут-ота” чегара божхона постида аниқланган ҳолатда эса фуқаро автотранспорт воситасида ўзи билан 12 дона тарихий осори атиқаларни олиб чиқаётган вақтида фош қилинди. Улар орасида 1965 йили ва 1970 йили собиқ Иттифоқда зарб этилган икки дона танга, XX асрга мансуб барчаси кумушдан ишланган бир дона билагузук, бир дона узук, икки дона чойқошиқ, аёллар кийимига тақиладиган икки жуфт тўқа ашёвий далил сифатида ушланди. Мазкур ашёлар орасида тўрт дона қадимий қўлёзма китоб ҳам борлиги аниқланди. 

Хулосасига кўра, китоблардан учтаси тошбосма усулида XIX асрда чоп этилган бўлиб, асосан ислом дини тарихига оид ноёб манбалар ҳисобланади. Китоблардан яна бири эса XX аср бошларида Тошкентда чоп этилган. 

Божхона ходимлари томонидан ушлаб қолинган мазкур қадимий ашёлар Нукус шаҳрида жойлашган Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейига топширилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан сўнгги 3 йилда аниқланган 46 та божхона қонунбузилиши ҳолатида қиймати 88 миллион сўмлик, тарихий аҳамиятга эга 726 дона маданий бойликнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олди олинди. 

Эслатиб ўтамиз, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилишини давлат томонидан тартибга солишни Божхона қўмитаси ҳам амалга оширади. Мазкур қонунга асосан, 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш мумкин эмас. 

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда. 

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.