Аввал хабар берилганидек, Президентимиз АҚШга ташрифи доирасида ўша ерда яшаётган ва ишлаётган бир гуруҳ ватандошларимиз ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида етакчи олий таълим даргоҳларида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашди. Бу тарихий кун ёшлар учун бир умр ёддан чиқмайдиган воқеа бўлди. Уларнинг таассуроти бир олам.
Шуҳрат Тоғаев,Колумбия университети магистранти:
- Самарқанднинг олис ҳудудида, оддий ишчи оиласида туғилган бола, вақти келиб, АҚШда дунёнинг энг кучли 10 та олий ўқув юрти сафига кирган Колумбия университетида таҳсил олишини тасаввур қилиш қийин. Бинобарин, мен айни шу орзу билан яшадим ва мақсадимни амалга ошириш учун тинимсиз ўқидим. Ёшлигимда “Умид” жамғармаси совриндорлари ҳақида телевидение орқали кўриб, радиодан эшитиб, ҳайратга тушарканман, “бир кун Американинг нуфузли университетида ўқиб, юртим ривожига муносиб ҳисса қўшаман”, дея аҳд қилдим.
Ёшим 40 дан ошса-да, биз учун яратилган имкониятдан фойдаланиб, давлатимиз раҳбарининг шахсий ташаббуси билан фаолияти тикланган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиясига сазовор бўлдим. Ҳозир “Инглиз тили педагогикаси” мутахассислиги бўйича PhD дастурида таҳсил оляпман. Ўқишни якунлагач, юртимизга қайтиб, инклюзив таълимни ривожлантиришга ҳисса қўшаман. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган ва ногирон талабалар инглиз тилини мукаммал ўзлаштиришга кўмаклашиш ниятидаман. Тилни коммуникатив ўрганиш усулини кенг жорий қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш режам бор.
Хорижда ўқиётган стипендиатлар номидан Президентимизга, халқимга миннатдорлик билдираман. Зеро, биз сингари ёшларга яратилган кенг имконият, чексиз ғамхўрлик туфайли минглаб ўзбек фарзандлари дунёнинг топ университетларида таълим олмоқда.
Йўлчи Бўриев, Бостон университети магистранти:
- Ҳуқуқ инсон ҳаётини, яшаш тарзини ҳал қиладиган соҳалардан бири. Мен доим айнан шу йўналиш орқали эл-юртга, халққа холис, адолатли хизмат кўрсатишни,ҳуқуқий масала, муаммоларни адолатли ҳал этиш орқали жамиятга нафим тегишини орзу қилганман.
2016 йил Тошкент давлат юридик университети юриспруденция факультетига ҳужжат топширдим. Мақсадимни амалга ошириш учун кўп ўқиш, халқаро тажриба билан танишиш зарур эди. Шу йўлда “Эл-юрт умиди” жамғармаси менга кўмакдош бўлди. 2022-2023 йилларда жамғарма стипендиясини олиш учун танловда иштирок этиб, бахтлилар сафидан жой олдим. Айни пайт АҚШдаги Бостон университети халқаро ҳуқуқ факультети магистратура босқичида таҳсил оляпман. Университетимиз кучли ўттизталикка кирган, халқаро ҳуқуқ бўйича дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири.
Ривожланган давлатларнинг сара олий таълим муассасаларида ўқиш, Президентимиз билан хорижда учрашишни тасаввур ҳам қилмагандим. Куни кеча давлатимиз раҳбари очиқ, самимий мулоқот қилиб фикримизни, таклиф ва тавсияларимизни билдирганимизга ҳалиям ишонгим келмайди.
Таассуротим, тасаввурим ўзгача. Учрашув мен кутгандан-да аъло даражада ўтди. Қувонарлиси, мулоқот давомида Ватанимизга қайтсак, биз учун яна барча шароит яратилиши айтилди. Бундай имкониятдан сўнг ўқимай, изланмай бўладими?! Бор куч ғайратимизни илм олиш, жаҳон тажрибасини астойдил ўзлаштиришга сарфлаймиз. Мамлакатимизга аниқ хулоса – тажриба ва маҳорат билан қайтамиз.
Даврон Абдурашидов,Пенсильвания университети магистранти:
АҚШга яқинда келдим. Куни кеча давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган учрашув, мен сингари ёш кадрларга чексиз куч-қувват, руҳ берди. Президентимиз билан очиқ, самимий мулоқот кечди. Таклиф, тавсиялар баробарида ҳозирги кунда учраётган айрим муаммолар, камчиликларга барҳам бериш, ечим топиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Хусусан, ёшлар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан боғлиқ янги платформа ташкил этилиши айтилди. Бу лойиҳа орқали ҳар бир ёшнинг таклифи инобатга олиниб, улар ҳақида давлат раҳбарига ахборот бериб турилиши маълум қилинди. Шу билан бирга стипендиатлар нафақат назарий, балки амалий билим, кўникмага эга бўлишини таъминлаш мақсадида малака ошириш жараёни ташкил этиладиган, ҳар бир стипендиат билан алоҳида шартнома асосида дунёнинг энг кучли компанияларида тажриба ўрганиш имкони яратиладиган бўлди.
Давлатимиз раҳбари бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бир кадрлар билан боғлиқлигини қайд этди. Мамлакатимизга бутун дунё эътибори тушиб, энг машҳур компанияларнинг қизиқиши ортиб бораётгани сир эмас. Жуда кўп давлатлар инвесторлари юртимизга сармоя киритяпти. Хусусан, бу галги ташриф давомида ҳам жуда салмоқли инвестиция жалб қилиниб, йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишувга эришилди. Бундай йирик лойиҳаларни амалиётга жорий этиш учун, аввало, дунё талабига жавоб берадиган юқори малакали кадрлар зарур.
Учрашувда стипендиатлар ва хорижда ўқиётган, ишлаётган ватандошларга мамлакатимизга қайтиб, олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда кўмакчи бўлиш таклиф этилди. Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида фаолият юритганман. Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг давлат бошқаруви, давлат сиёсатида кадрлар йўналиши бўйича олган билим, кўникмамни юртимизда ҳаётга татбиқ этиш ниятидаман.
Албатта, халқаро тажрибани кўр-кўрона жорий этиш ҳам тўғри эмас. Айни шу фикр давлатимиз раҳбари томонидан ҳам айтилди. Демак, ўрганилган билимни миллий урф-одатимиз, тарихимиз, анъана ва қадриятларимизни инобатга олган ҳолда қўллаш лозим. Шундан келиб чиқиб, ўз йўналишим бўйича кадрлар захираси яратиш, ходимлар фаолиятини тўғри ташкил қилиш бўйича Американинг самарадор тажрибасини мамлакатимизда жорий этиш ниятим бор.
Гўзал Сатторова, ЎзА