Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 28 сентябрида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шундай деган эди: “Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим.
Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур”.
Давлат раҳбари томонидан айтилган ушбу сўзлар ҳар бир зиёли инсонга, жумладан тарихчи олимларимиз, улар фаолият олиб бораётган олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари зиммасига катта масъулият юклайди. Дарҳақиқат, халқимизнинг бой маданий дурдоналарига бутун дунё халқлари қизиқиши тобора ортмоқда. Эндиги вазифа тарихий маданиятимизни чуқур тадқиқ қилишдан иборат. Бунинг учун, аввало, тадқиқотларни тўғри йўналтириш, тарихий соҳада изланиш олиб бораётган мутахассислар назарий билмини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.
Шу маънода Тошкент давлат шарқшунослик университетида айни йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар эътиборга молик. Яқинда мазкур олий ўқув юрти ҳузуридаги “Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази” томонидан Шарқ цивилизацияси ва тарих факультети билан ҳамкорликда университ профессор-ўқитувчилари қишки таътил вақтини самарали ташкил этиш, университетда олиб борилаётган тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг ўқув жараёни билан уйғунлигини таъминлаш, шунингдек университетда изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларнинг тарих фани бўйича назарий билимларини мустаҳкамлашга қаратилган илмий семинар ташкил этилди.
Анжуманда “Тарихий тадқиқотларда фанлараро ёндашув масалалари”, “Тарихий манбашунослик тадқиқоти ва таълими муаммолари”, “Ўрта аср манбашунослиги муаммолари”, “Жаҳон тарихини ўрганишнинг назарий ва методологик муаммолари”, “Халқаро муносабатларни ўрганишнинг долзарб масалалари”, “Тарихишунослик бўйича илмий тадқиқотларнинг назарий ва методологик муаммолари”, “Тарих фанларини ўқитишда рақамли ресурслардан фойдаланиш” мавзуларида маърузалар тақди м этилди.
- Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Марказий Осиё халқлари тарихи ва этнологияси”, “Манбашунослик ва тасаввуф герменевтикаси”, “Шарқ мамлакатлари тарихи ва антропологияси” кафедралари фаолият юритиши билан билан бир қаторда, ўрганилаётган ҳар бир минтақа давлатларининг, масалан, Япония, Корея, Туркия, Хитой тарихи ҳам ўқитилмоқда. Шунингдек университетда “Халқаро муносабатлар тарихи ва назарияси” ҳамда “Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари” ихтисосликлари бўйича илмий кенгашлар фаолият юритмоқда.” - дейди университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нодир Абдуллаев. - Шу нуқтаи назардан, ташкил этилган семинар тарихий кафедраларда илмий изланиш олиб бораётган бўлажак олимларимиз учун тарих фани методологиясини чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоиз, бундай илмий семинарлар тарих фани илмий тараққиётига хизмат қилади ва маълум маънода Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдевори яратилишига асос бўлади.
Улуғбек Абдуллаев,
ТДШУ “Шарқ мамлакатлари тарихи
ва антропологияси” кафедраси доценти,
тарих фанлари номзоди