Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарихий обод масканларга саёҳат
11:43 / 2021-06-04

Сайхунободликлар мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан ободонлаштириш ишларини тумандаги Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бир неча асрлик тарихга эга “Нўширавон” ёки “Каллатепа” номи билан юритилувчи қабристондан бошлаб, катта савобга қўл урди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сайхунобод туман кенгаши фаолларининг ташаббуси билан туман ҳокимлиги, қатор ҳомийлар ва маҳалла аҳли ҳамкорлигида ушбу қабристонда улкан ободонлаштириш, таъмирлаш, тиклаш, қурилиш ишлари амалга оширилди ва шу ерга дафн этилганлар хотирланди.

Халқимизда, бир элнинг тўкинлигини кўрай десанг, бозорига бор, бир элнинг ободлигини билай десанг, мозорига бор, деган нақл бор. Шунга амал қилган ЎзЛиДеП туман кенгаши Сирдарё вилояти Сайхунобод туманининг тарихий қадамжоларидан бири, кўҳна “Ўғуз ариқ” излари бўйлаб саёҳат ва “Нўширавон” қабристонига зиёрат ташкил этди.  

...Ўғуз туркий қабила аҳолиси Тошкент вилоятининг Бекобод тумани яқинида Сирдарё, яъни кўҳна Сайхун дарёсидан деҳқончилик мақсадида “Ўғуз ариқ” ариғини қазиган. Бу ариқнинг узунлиги ҳозирги Сирдарё тумани ҳудудидаги “Сирдарё” маҳалласигача етиб борган ва “Ўринбой ариқ” деб номланган ариққа туташган.

Қадимда Сирдарё оқимининг ўрта қисмининг чап қирғоқ бўйларида туркий қабилаларнинг “Ўғуз” уруғи яшаган. Бу уруғ асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган.

Хоразм, Қорақалпоғистон ва Чимкент, қисман Тошкент вилояти ўзбекларининг этногенезида ўғузларнинг таъсири мавжуд. “Ўғуз ариқ” номи эса ўша даврда яшаган ўғуз уруғи номига қўйилганлиги айтилади.

Бу қадим ўзан йўллари “Нўширавон” қабристони томон олиб боради.  

Бу қабристон – “Калла тепа” археологик ёдгорлиги XV асрга оид тепалик бўлиб, аҳоли манзилгоҳлари саналади ва унинг умумий майдони 6 гектарни ташкил этади. “Каллатепа” археологик ёдгорлигининг барчаси бугунги кунга келиб “Нўширавон” қабристонига айлантириб юборилган.

Мазкур археологик ёдгорлик 1982 йилда Самарқанд археологик институти олимлари томонидан аниқланган ва рўйхатга олинган. “Каллатепа” археологик ёдгорлиги моддий маданий мерос объекти сифатида рўйхатга ва муҳофазага олинган. Бугунги кунда ушбу объект Сайхунобод ободонлаштириш ташкилоти тасарруфида.

“Каллатепа” қабристони ҳудуди Буюк Ипак Йўли тармоқларидан бири бўлиб, Сирдарё дарёсининг ҳозирги “Работ” маҳалласи ҳудудидаги кечув орқали карвон йўлини ўз ичига олган.  

Халқ орасида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ривоятларга кўра, ҳозирги “Нўширавон” қабристони ўрнидаги ўғуз аҳлининг қўналғасида мўғул босқинчилари намоз ўқиётган ўғузларни қатл қилган.  

Бугунгача “Каллатепа” атрофида ўғузлар қазиган ариқ излари сақланган.  

Бугунги кунга қадар ушбу қабристонга “Гулистон”, “Турковул”, “Тўрақишлоқ”, “Нурли йўл” қишлоқларида яшаб, вафот этган фуқаролар дафн этиб келинмоқда. Бундан ташқари “Работ” ва “Ахчоб” қишлоқлари аҳолисининг бир қисми ҳам шу ерга дафн этилган.

Тарихий жойга уюштирилган саёҳатда ЎзЛиДеП туман кенгаши томонидан мазкур қадимий қабристон тарихига оид тайёрланган маълумотлар жамланган фотоальбом ва қабристоннинг обод қилиниши юзасидан тайёрланган лойиҳа буклетлари ҳам тарқатилди.

Ушбу қабристонда ҳашар билан кириш йўли асфальт қилинган, манзарали дарахт кўчатлари экилиб, янги таҳоратхона биноси ва қабристон биносининг айвон қисмлари янгидан барпо этилган.

Тадбирда Гулистон МФЙ аҳолиси, оқсоқоллар, фахрийлар, депутатлар ҳамда қўшни Қозоғистон Республикасидан ушбу хайрли ишда иштирок этиш мақсадида келган меҳмонлар ҳам иштирок этди.  

Тадбирда қурбонлик келтирилиб, жонлиқнинг гўшти “Темир дафтар”га киритилган оилаларга тарқатилди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан Сайхунобод тумани 1-сектор ҳудудидаги Паймард МФЙда жойлашган маҳалла қабристонида ва Гулбулоқ маҳалласида жойлашган марказий қабристонда ҳашар йўли билан маҳаллий аҳоли ва бир қатор ҳомийлар томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Манзарали дарахт кўчатлари экилган, ёзда иссиқдан, қишда ёғин ва изғириндан бошпана вазифасини ўтовчи айвон биноси қайта қурилган, қабристон атрофига бетон панжаралар ўрнатилган.

Мазкур саёҳат ободонлаштирилаётган масканларни кўриш, унинг тарихини билиш ва келажак авлодларга етказишда муҳим аҳамиятга эга.

 

А.Қаюмов, Ф.Тошматов (сурат) ЎзА