Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фракция аъзолари бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилди.
Дастлаб «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Фракция аъзоси Жаҳонгир Ширинов «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳасига муносабат билдириб, лойиҳанинг айрим моддалари Ўзбекистон Конституциясига мос келмаслигини таъкидлади. Бу моддаларни Бош қонунимизга мослаштириш кераклигини, акс ҳолда фракция қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Ташаббускорлар бу масалада ҳуқуқшунослар билан яна бир бор маслаҳатлашиб, буни албатта, қайтадан кўриб чиқишга ваъда берди.
Шунингдек, йиғилишда «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси ер қаъри участкаларидан фойдаланиш тизимини тубдан ислоҳ қилувчи хорижий тажриба ва халқаро ташкилотлар фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган. Унинг қабул қилиниши ушбу соҳада тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун яратилишига, шунингдек, ер ости бойликларидан фойдаланиш тизимидаги зиддиятлар бартараф этилишига, барча субъектларга нисбатан ер қаъридан фойдаланиш тизимини бир хилда амал қилишига хизмат қилади.
Депутатлар «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Маълумки, кейинги йилларда айрим ёшларимизнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар, муқаддас қадамжоларимизга нисбатан ҳурматсизлиги акс этган лавҳалар ижтимоий тармоқларда жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Қонунчилигимизда бундай ҳаракатларга нисбатан етарлича жавобгарлик белгиланмагани боис, ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўришнинг иложи бўлмаётган эди.
Жиноят кодексининг 132-моддасида миллий ва умуминсоний қадриятлар, муқаддас қадамжоларимизга нисбатан ҳурматсизлик қилганларга нисбатан жавобгарлик белгиланган. Лекин бунда қадриятларимизга катта миқдорда шикаст етказганларгина жазоланади, холос. Натижада моддий маданий мерос объектларига кам миқдорда зарар етказганлар арзимаган жарима билан қутилмоқда. Энди ушбу қонун билан тарихий обидаларга ҳурматсизлик қилганлар, хусусан, бундай объектларга уятсиз сўзлар ёзиб, расм чизганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваригача миқдорда жаримага тортилади. Бу ҳолат бир йил давомида такроран содир этилса, 15 суткага қамалади.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан тегишли мутасаддиларга мурожаат қилди.
– Қонун лойиҳасида ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўриш фақат давлат рўйхатига олинган тарихий объектларга нисбатан қўлланиляпти, — деди фракция аъзоси Даврон Орипов. — Давлат рўйхатига олинмаган, лекин халқ эътиборида бўлган объектларга зарар етказганлик масаласи четда қоляпти. Умуман, давлат рўйхатига олинган, олинмаган деб ажратишимиз қанчалик тўғри?
Қонун ташаббускорлари бу саволга жавобан, тарихий объектларни давлат рўйхатига олиш узлуксиз жараён эканлигини билдирди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг кўрилган масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА