ФОТОТАНҚИД
Бугун нафақат Самарқанднинг, балки юртимизнинг ташриф қоғозига айланган Регистон майдонини кўриш, унинг бунёд этилиш тарихи билан танишиш мақсадида дунёнинг турли бурчакларидан минглаб туристлар ташриф буюрмоқда. Аждодларимизнинг юксак салоҳияти, ақл-заковати туфайли ўта аниқлик ва бебаҳо архитектура асосида барпо бўлган Регистон майдони хорижликларни эътиборини тортиш билан бирга уларни ҳайратига ҳам сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Афсуски, бугунги айрим замондош-ёшларимиз томонидан тарбия, маданиятдаги нуқсонлар сабаб юксак салоҳиятли аждодларимиздан қолган бебаҳо маданий меросга нисбатан шафқатсиз муносабат кузатилмоқда. Хорижлик сайёҳлар ҳар бир ғиштнинг жойлашуви, безаклар, шаклларни синчковлик билан ўрганиб, аждодларимизнинг ақл-заковатига лол қолаётган бир пайтда, биз келажагимиз, эртамиз эгалари дея эътироф этаётган ёшлар шундай бебаҳо мерос – Регистон майдонидаги мадрасаларнинг орт қисми деворларига ўз “дил изҳорлари”, “эсдаликларини” ёзиб қолдиришмоқда. Наҳотки, оддий маданият, фаҳм-фаросатда ҳам ғарбдан шунчалик даражада “ортдамиз?!”
Яқинда оилавий саёҳатга чиқиб, Регистон майдонининг орқа томонидан ўтишга тўғри келди. Ҳар доим меҳмонлар билан тўғри келиб-кетиб унинг ортидаги аҳволидан бехабар эканман. Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг орт қисми деворлари ёшларнинг “дил изҳорлари-ю эсдаликлари”га тўлиб кетибди. Айниқса, Шердор мадрасасининг орт қисми. Икки мактаб ёшидаги қизнинг бевосита “эсдалик” ёзаётганлигига кўзим тушиб, уларни тўхтатишга ҳаракат қилдим. Бир-икки огоҳлантириш билан қизлар “мақсади”дан қайтмагач, олдиларига бориб жиддий гаплашдим. Кўнглидаги иши амалга ошмаган қизлар ўз “эътирозларини” билдириб, бу ишни фақат улар эмас бошқалар ҳам қилиб кетганлигини рўкач қилиб, мендан “хафа” бўлишди. Улар кетгач мадраса деворига жиддий эътибор қаратдим. Аҳвол жуда ёмон. Табиат синовлари – ёмғир, қор, иссиқ, совуқ таъсирида таъмирга, меҳрга муҳтож бўлиб бораётган деворлар ёшлар томонидан турли бўёқлар, қалам ва ручкаларда ёзилган “эсдаликлар” сабаб беўхшов ҳолатга келиб қолган, эссиз.
[gallery-7378]
Биз улуғлаб, кўкларга кўтараётган эртамиз эгалари – ёшларнинг дам олиши, уларга кўтаринки кайфият улашиш мақсадида концерт дастурлари уюштириш ва ҳоказоларга эътибор қаратиш билан оввора бўлиб, тарбия, маданиятни ўргатишда оқсоқликка йўл қўяяпмиз, шекилли. Аксинча бўлганида бутун дунё эътирофида бўлган бебаҳо тарихий обидалар тарбия кўрмаган ёшларнинг “дил изҳорлари” доскасига айланмаган бўларди.
Шу ўринда бир таклифим бор. Тарбия, маданиятни ўргатиш узоқ ва машаққатли масала. Шунинг учун эртадан кечгача Регистон майдони олдида ўтирадиган ички ишлар органларининг туризм объектларига бириктирилган ходимлари ва Миллий гвардия хизматчиларининг бир-икки нафарига мажмуанинг орқа қисмини ҳам назорат қилишни топшириш зарур. Чунки, уч-тўрт форма кийган хизматчи бинонинг олд қисмига кўплик қилади.
Алишер ИСРОИЛОВ, ЎзА