Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарихий дипломатиядан замонавий дипломатия сари янги қадамлар
18:50 / 2025-04-02

Муносабат

3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтади.  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур саммит олдидан “Euronews”га интервью берди. 

Эксклюзив интервьюда ушбу халқаро анжуман чинакам тарихий аҳамиятга эга бўлиши, шунингдек, илк бор Марказий Осиёнинг бешта давлати ва Европа Иттифоқи раҳбарлари бир жойда йиғилиши билан аҳамиятли эканлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари саммит учун айнан Самарқанд шаҳри танланганлиги ҳақида тўхталиб, бундан олти асрдан ошиқроқ вақт муқаддам Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Темур эркин ва хавфсиз савдо-сотиқни таъминлаш мақсадида Европа подшоҳлари билан фаол алоқада бўлганлигини ёдга олиб, Самарқанд асрлар давомида савдо, илм-фан ва дипломатия маркази бўлган, маданиятлар, халқлар ва ғояларни бирлаштириш қобилиятига қурилган шаҳар эканлигини ёрқин ифодалаб берганида кўксимиз фахрга тўлди. Шундай мамлакатнинг, Ўзбекистоннинг фарзанди эканлигимиздан фахрландик.

Бундай олий даражадаги саммитнинг жонажон Самарқанд шаҳрида ўтиши ўзидан ўзи бўлган эмас. Албатта, давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари, дипломатик алоқалар, энг муҳими, ўзаро дўстлик ва ишонч камарларининг мустаҳкамлигидан далолатдир.

Давлатимиз раҳбари ўз мулоқотида саммитнинг мақсади ва аҳамияти тўғрисида тўхталиб, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга қаратилганлигига урғу берди ва, ўз навбатида, товар айирбошлаш сўнгги етти йил ичида тўрт баробар ошганлигини баҳолаб, саммит ушбу суръатни мустаҳкамлаш ва қўшма вазифаларни ҳал этишда минтақалараро ҳамкорликни кенгайтиришга интилишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон кейинги йилларда Европа Иттифоқи билан турли йўналишларда фаол ҳамкорлик қилиб келаётганлигини яхши биламиз. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик иқтисодиёт ва сармоядан тортиб барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва рақамли трансформациягача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олади ва узоқ муддатли стратегик устуворликларга асосланади. Бу эса мамлакатимизнинг янада шиддат билан ривожланишига замин бўлади.

Кези келганида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон тараққиётининг охирги ўн йиллигида Европа давлатлари билан яқинлик сезиларли даражада ошиб бормоқда. Буни дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарларининг мамлакатимизга, Президентимизнинг Европа мамлакатларига қилаётган ташрифларида, ҳамкорлик алоқаларининг кучайиб бораётганида кўрмоқдамиз. Айниқса, Германия, Италия, Венгрия, Франция каби давлатлар билан ўрнатилган стратегик ҳамкорлик томонлар учун манфаат келтираётганлигига гувоҳмиз.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Самарқандда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ўзаро муносабатлардаги бурилиш нуқтасидек кўринади. Нега энди алоқалар янги даражага кўтарилмоқда?

Шавкат Миромонович таъкидлаганидек, охирги етти йилда Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқи ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми тўрт баробарга ошиб, 54 миллиард еврони ташкил қилганлиги диққатга сазовордир. Бу кўрсаткич, Европа тадбиркорлари билан Ўзбекистон тадбиркорлари ўртасидаги узвий ҳамкорликдан далолат беради.

Биз, албатта, Самарқандда бўлиб ўтадиган саммитда минтақамиз мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик муносабатларининг янада барқарор ва кенг кўламли ўрнатилишини қўллаб-қувватлаймиз. Бундай ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик мамлакатларимиз учун янги-янги имкониятлар эшигини очишига ишонч билдирамиз.

Абдукамол РАҲМОНОВ, 

Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши

раисининг биринчи ўринбосари.

ЎзА