English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарихини эъзозлаган миллатнинг келажаги буюк бўлади
19:06 / 2023-08-18

Бугунги кунда мамлакатимиз ўзининг муҳим стратегик ҳамкорлари, шу жумладан Корея Республикаси билан ўзаро иқтисодий, маданий алоқаларни тобора мустаҳкамлаб бормоқда.

Икки томонлама ҳамкорликни янада ривож топаётганининг биргина исботи, Наманган вилояти ҳамда Жанубий Кореянинг ҳудудлари билан ҳозирга қадар 20 дан ортиқ делегациялар алмашинувидир. Савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, электроника, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 10 дан зиёд соҳалар бўйича кенг ҳамкорлик йўлга қўйилди.  

Кореянинг жанубий-марказий минтақасида жойлашган Кёнсан шаҳри мэрининг ўринбосари Ли Канг Хак бошчилигидаги делегация Наманган вилоятига уч кунлик ташрифи икки томонлама ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишига катта йўл очди. Икки шаҳар раҳбарлари ўртасидаги расмий учрашувда Наманган шаҳар ҳокими Ғофуржон Жамолов жорий йилнинг июнь ойида ўзбек делегациянинг Кореяга ташрифи ўзаро ҳамкорлик борасида кўпгина амалий мулоқот ва келишувларга имкон яратганлигини таъкидлади.  

Наманган ва Кёнсан шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ўрнатишга қаратилган “Биродар шаҳарлар” келишувини имзолашга тайёрлигини билдирди. Қайд этилганидек, Наманган вилоятида Корея Республикаси билан ҳамкорликда умумий қиймати 23 миллион долларга тенг 12 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Ҳозирда, вилоятда 25 дан ортиқ қўшма корхона барқарор ишлаб турибди. Бунинг самараси ўлароқ икки томонлама умумий савдо айланмаси, 2022 йилда 12 миллион долларни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 20 миллион доллардан ошди.  

Эътиборлиси, Наманган шаҳрида Кореянинг дунёга машҳур “Ёджу” техника институтининг филиали ташкил қилинди. Кёнсан шаҳри саноати машина деталлари, қурилиш, рақамли технологияларга ихтисослашган бўлиб, бу борада юқори натижалар қайд этилмоқда. Илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кореялик дастурчилар ва соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда янги “IT School” фаолиятини бошлагани меҳмонлар эътиборини тортди.  

Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхона марказида Кёнсан делегацияси ва вилоятдаги ахборот технологиялари ҳамжамияти вакиллари ўртасидаги учрашув ҳам қизғин руҳда кечди. “IT Park” резидентлари ҳамда ҳудуддаги дастурчилар иштирокидаги учрашув аввалида уюштирилган кўргазмада бир қатор тадбиркорлик субъектлари, бизнес, тиббиёт, таълим ва кўплаб соҳаларда ўзларининг замонавий ечимларини таклиф қилувчи дастурий маҳсулотларини намойиш этилди.  

Наманган вилояти электрон ҳокимиятни ривожлантириш маркази раҳбари Бахтиёр Охунбобоев таъкидлаганидек, айни кунларда вилоятда ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида 566 та корхона мавжуд бўлиб, уларнинг 147 таси дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида вилоят бўйича кўрсатилган алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 444,7 миллиард сўм, компьютер дастурлаш хизматлари ички айланмаси 16,9 миллиард сўмни ташкил этди. Кореялик меҳмонлар ташриф давомида бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек диққат сазовор масканлар, тарихий қадамжолар, жумладан Ахсикент археология мероси объекти ва Ахси саййидлари мажмуасида бўлди.  

– Буюк тамаддун ўчоғида эканимизни ҳис этиб турибмиз. Ахсида кўҳна тарих билан тўқнашдик. Бу ерда ўзбек-корейс алоқаларига оид артефактларни борлиги бизни ҳайратлантирди, – дейди Кореянинг Кёнсан шаҳри мэрининг ўринбосари Ли Канг Хак. – Тарихни эъзозлаган миллатнинг келажаги буюкдир. Ахсикент мисолида Наманганда бу борада амалга оширилган ишлар ҳар қанча эътирофга сазовор. Бу биз учун ҳам ибратдир. Бизда Шилла деб номланувчи тарихий маскан бор. У ердаги тош ҳайкалларда мамлакатларимиз ҳамкорлиги тарихи минг йилларга бориб тақалашини исботловчи далиллар мавжуд. Ахсикентда барпо этилаётган очиқ осмон музейлари делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.  

 

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА