Марказий кўргазмалар залида рангтасвирчи рассом Раҳимжон Ризомуҳамедовнинг 70 йиллик юбилейига бағишланган “Тарихингдир минг асрлар” номли шахсий кўргазмаси ташкил этилди.
Рассом Р.Ризомуҳамедов П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида, кейинроқ Тошкентда театр ва рассомлик соҳасидаги олий ўқув юртида таҳсил олган. Институтни тамомлагач, аспирантурада Ўзбекистон халқ рассоми Раҳим Аҳмедов раҳбарлигида ўқиди.
Р.Ризомуҳамедов серқирра, кенг диапазондаги ижодкордир. У портрет, манзара, тарихий мавзудаги асарлар муаллифи бўлиб, ижоддан, изланишдан сира чарчамайди. Рассом пейзаж асарларида она-табиат, тарихий обидаларни акс эттиради. Р.Ризомуҳамедов ўзининг портрет асарларида образларнинг характери ва ички ҳиссиётларига чуқур кириб бора олган ва профессионал маҳорат билан яратган.

Раҳимжон Ризомуҳамедовнинг асарлари Буюк Британия, Малайзия, Туркия, АҚШ, Франция, Исроил ва бошқа мамлакатларнинг шахсий коллекцияларига киритилган. Рассом тарихий рангтасвир жанрида Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Берунийга бағишланган туркум картиналар яратди.
Кўргазма экспозициясидан 200 ортиқ асарлар – тарихий асарлар, манзаралар, портретлар, натюрмортлар ўрин олган.
Қирқ йилдан ортиқ вақт давомида у Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Театр безаги кафедрасида ёшларга тасвирий санъат сирларини ўргатмоқда. Кўргазмада унинг шогирдлари – Абдуҳаким Каримов, Татьяна Фадеева, Носир Ҳусанов, Қодир Аҳмедов, Ринат Бекберганов ва Матлуба Юсупованинг асарлари ҳам тақдим этилди.
Н.Усмонова, ЎзА