Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарихга назар: Саудия-АҚШ муносабатларининг саксон йиллик даври
14:33 / 2025-05-16

АҚШ Президенти Дональд Трамп Яқин Шарқ мамлакатларига ташрифи доирасида Саудия Арабистонига келди.

Саудия – АҚШ муносабатларининг саксон йиллик тарихи 1945 йил Рузвельт ва Ибн Сауд ўртасидаги учрашувдан бошланган ва икки давлат ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган.

Трамп Подшоҳликка иккинчи ташрифида турли соҳаларда ўзаро манфаатга эътибор қаратади.

Ўтган давр мобайнида ўзаро муносабат мудофаа, савдо, таълим, туризм ва бошқа соҳаларни қамраб олган кўп қиррали ҳамкорликка айланди, ҳукумат амалдорларидан тортиб фуқароларгача – барча даражадаги алоқалар қўллаб-қувватланди.

1974 йилдан буён АҚШнинг олти етакчиси Подшоҳликка келиб, Саудиянинг беқарор минтақада барқарорлаштирувчи куч сифатидаги доимий таъсирини таъминлади, дейиш мумкин.

– Бугунги кунда муносабатларимиз ҳар қачонгидан жадаллашиб, давлатларимиз ўртасидаги ҳукумат амалдорларидан тортиб оддий фуқароларгача бўлган барча даражадаги ҳамкорлик орқали мустаҳкамланмоқда, – деб ёзган эди АҚШнинг Саудия Арабистонидаги сўнгги элчиси Майкл А.Ратни ўтган йил 22 сентябрь куни “Arab News” нашрида эълон қилинган мақоласида. – Бу куч бизнинг кенг кўламли ҳамкорлигимиз – хавфсизлик, савдо, маданият ёки Судан, Яман давлатлари билан боғлиқ ҳамда бошқа минтақавий можароларни ҳал қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатимизда яққол намоён.

Мудофаа ва энергетика соҳасидаги дастлабки ҳамкорликдан таълим, технология, туризм ва санъатдаги замонавий иштирокка икки томонлама муносабат вақт ўтиши билан минтақавий ўзгариш, глобал силжиш ва умумий манфаат таъсирида чуқурлашди.

Таълим тизимида, жумладан, минглаб саудиялик ёшларни Қўшма Штатларга юборган Қирол Абдуллоҳ Стипендиялар дастури йўлга қўйилган. Умуман, таълим  вазирликлари ҳамкорлиги турли ташаббуслар билан мустаҳкамланмоқда.

Сўнгги йилларда “Нигоҳ-2030” шерикликка янги сурхат бағишлаб, билим алмашиш ва миллиардлаб доллар ўзаро сармоя жалб қилиш учун имконият очди.

Ҳар икки юрт тадбиркорлик ва технологик тараққиётни қадрлайдиган инновацион мамлакат. Кўпчилик муносабатлар ривожига Трампнинг 2017 йилги ташрифи ёки “Нигоҳ-2030” туртки берган, деб ҳисоблайди. Аслида пойдевор бундан ўн йиллар олдин қўйилган.

Бу дўстликнинг илдизи 1932 йил Нажд ва Ҳижоз қабилаларини бирлаштирган, Саудия Арабистонини ташкил этган қирол Абдулазиз Ол Саудга бориб тақалади.

1945 йил 14 февраль, Иккинчи жаҳон уруши тугаши арафасида Президент Франклин Д.Рузвельт Ялта конференциясидан сўнг Мисрнинг Буюк Аччиқ кўлида “USS Quincy” саҳнида Қирол Абдулазиз билан кўришади. Ўша учрашув тарихий бурилиш нуқтаси эди. Рузвельт Европадан келган яҳудий қочқинлар масаласида ҳамкасбидан маслаҳат сўраб, Саудияни урушдан кейинги тартибни шакллантиришда асосий ўйинчи сифатида кўради.

Рузвельт уруш тугаса-да, саҳна ортида янги дунё тартиби шаклланаётгани, Саудия Қўшма Штатлар билан дўстлашиши керак бўлган давлатлигини биларди. Хуллас, икки раҳбар ўзаро ҳурматни ривожлантирди: Рузвельт қиролга “DC-3” йўловчи самолёти, кейин яна икки учоқ совға қилиб, “Saudia Airlines” авиакомпаниясига асос солди.

Тарихий суҳбатдан икки ой ўтиб, Рузвельт вафот этди, “Квинси учрашуви” эса узоқ муддатли муносабатга асос солган воқеа сифатида тарихда қолди. 1953 йил икки давлат ўзаро мудофаа соҳасидаги ёрдам тўғрисида битим тузим, ҳарбий алоқани расмийлаштирди.

1957 йил Қирол Сауд Вашингтон миллий аэропортида Президент Дуайт Эйзенхауэр билан учрашиб, АҚШга борган биринчи Саудия монархига айланди. Ташриф минтақавий муаммоларга узоқ муддатли ечим зарурлигини тасдиқлади, Саудия армиясини кучайтириш мажбуриятини белгилади.

Дастлабки ҳамкорлик инфратузилма соҳаси ҳисобига кенгайди: 1958 йил америкалик меъмор Минору Ямасаки Даҳрандаги фуқаро авиацияси терминалини лойиҳалаштирди. Дипломатик ташрифлар 1960-1970 йилларда давом этиб, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлади.

1966 йил Қирол Файсал давлат ташрифи чоғи Президент Линдон Жонсон билан учрашди. 1971 йил яна бир расмий ташриф давомида Президент Ричард Никсон билан учрашди.

1974 йилга келиб, саноат, таълим, технология ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган АҚШ-CАП қўшма иқтисодий комиссияси тузилиши билан иқтисодий алоқалар чуқурлашди. Ўша йили Президент Никсон Саудия Арабистонига тарихий ташрифи билан ўсиб бораётган ҳамкорликни яна бир бор тасдиқлади.

1982 йил вице-президент Жорж Буш Қирол Холид вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириш учун Ар-Риёдга келди. Бу икки томонлама муносабатнинг шахсий моҳиятини англатади.

Ҳарбий ҳамкорлик 1990-91 йиллардаги Форс кўрфази уруши даврида – Саудия қўшинлари Америка ва иттифоқчи кучлар билан Кувайтни озод қилишда бирлашганда фаоллашди. Саудияга АҚШ қўшинлари киритилиши Подшоҳликнинг минтақавий мудофаадаги стратегик ролини кўрсатди.

2002 йил Подшоҳ Абдуллоҳ Президент Жорж Бушнинг Техас штати Кроуфорд шаҳридаги ранчосига ташриф буюрди. Шу тариқа терроризмга қарши кураш, энергетика, таълим ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Саудия-Америка стратегик мулоқотига тамал тоши қўйилди.

Ушбу ҳамкорлик руҳи 2005 йил Саудиянинг инсон капиталига сармоя киритишга мўлжалланган Қирол Абдуллоҳ стипендияси дастури ишга туширилиши билан давом этди. Тажриба босқичи 9000 дан зиёд саудиялик талабани Қўшма Штатларга ўқишга юборди. Кейин бу рақам кескин ошди.

Олий даражадаги ўзаро алоқалар биринчи хоним Лаура Бушнинг 2007 йилдаги, кейин Президент Барак Обаманинг 2009 йилдаги ташрифи билан давом этди.

2012 йил Кўрфаз – АҚШ стратегик форуми ташкил этилди. Ўша пайтдаги Давлат котиби Хиллари Клинтон Ар-Риёддаги биринчи вазирлар йиғилишида иштирок этиб, АҚШнинг минтақавий стратегиясида Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши ролини оширди.

2017 йил Президент Трамп ўзининг биринчи муддатида Ар-Риёдга келганда ҳамкорлик даражаси яна бир поғона кўтарилди. Мазкур ташриф давомида учта нуфузли – Араб-Ислом-Америка, АҚШ-Саудия Арабистони ва АҚШ-Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши саммитлари бўлиб ўтди. Учрашувлар ҳарбий ва тижорат алоқаларини кенгайтиришга бағишланди.

Подшоҳлик ўз иқтисодиёти ва “Нигоҳ-2030” доирасида глобал ҳамкорликни қайта шакллантираркан, энергия алмашинуви, тоза технология ва рақамли трансформация каби соҳаларда АҚШ билан ҳамкорликка устувор аҳамият бермоқда.

Трампнинг иккинчи муддатидаги хорижга биринчи расмий сафари сармоя, инновация ва одамлар ўртасидаги алоқаларни янгилашга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада кучайтириши кутиляпти.

1945 йил Рузвельт ва Абдулазиз ўртасидаги тарихий учрашувдан бошлаб, стратегик ҳамкорликнинг янги давригача Саудия Арабистони ва АҚШ алоқалари урушлар, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлардан омон қолди. Ҳар икки давлат келажакка назар ташларкан, ўзаро ҳамкорликни глобал барқарорлик ва имкониятларнинг муҳим лангари сифатида кўряпти.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА