Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарих ва тараққиёт уйғунлашган Қашғар (+видео)
12:04 / 2026-02-24

Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони ҳудудида жойлашган Қашғар шаҳри қадимий ва бетакрор қиёфаси билан дунё тамаддуни тарихида алоҳида ўрин тутади. Минг йиллик ўтмиш ва замонавий тараққиёт уйғунлашган ушбу маскан бугунги кунда ҳам ўзининг маданий ва тарихий аҳамиятини сақлаб қолмоқда.

Айниқса, Қашғарнинг эски шаҳар қисми узоқ асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаган савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани билан аҳамиятлидир. Бу ҳудуд қадимги Шулэ давлати ва Тан сулоласи даврига оид бой тарихий меросни ўзида мужассам этган.

Маълумки, Буюк ипак йўли инсоният цивилизацияси тараққиётида муҳим ўрин тутади. Қашғар ана шу буюк йўлнинг йирик марказларидан бири сифатида турли маданиятлар ва халқлар мулоқотига замин яратган. Бугун эса эски шаҳар ҳудуди нафақат тарихий ёдгорлик, балки ҳаёт қайнаётган, ҳунармандчилик ва туризм ривожланаётган замонавий маскан сифатида намоён бўлмоқда.

Эски шаҳарда яшовчи маҳаллий ҳунармандлардан бири Айбибэ хоним оиласи билан мис идишлар ва бадиий буюмлар тайёрлаш устахонасини юритади. Турмуш ўртоғи билан биргаликда асрлар давомида шаклланган анъанавий ҳунарни давом эттираётган ушбу оила меҳнат орқали ўз турмуш фаровонлигини таъминламоқда.  

Сўнгги йилларда сайёҳлар оқимининг ортиши уларнинг фаолиятига янги суръат бағишлаган. Устахонада яратилган маҳсулотлар нафақат маҳаллий бозор, балки хорижлик меҳмонлар эътиборини ҳам қозонмоқда. Бу эса қадимий шаҳарнинг иқтисодий ва маданий жиҳатдан тикланаётганининг ёрқин ифодасидир.  

Қашғарга ташриф буюраётган хорижий меҳмонлар ҳам эски шаҳардаги ўзгаришларни алоҳида қайд этмоқда. Сингапур-Хитой ассоциацияси делегацияси вакили Вэй Бинхуан қадимий шаҳар ўз қиёфасини асраб қолган ҳолда янгича мазмун билан бойиганини таъкидлайди. Унинг фикрича, турли миллат вакилларининг тинч-тотув ҳаёт кечираётгани мазкур ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.

Бугунги глобаллашув шароитида тарихий меросни асраш ва уни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш долзарб аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Қашғар тажрибаси маданий туризмни ривожлантириш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш ва ҳудудларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишини таъминлаш борасида намуна бўлиши мумкин.  

Бу жиҳатлар Ўзбекистон учун ҳам аҳамиятлидир. Мамлакатимизда ҳам қадимий шаҳарлар ва тарихий обидаларни асраб-авайлаш, улар негизида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва миллий ҳунармандчиликни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қашғар эски шаҳри мисолида тарих ва замонавийликнинг уйғун ривожи, маданий меросни асраб, уни иқтисодий тараққиёт омилига айлантириш мумкинлигини кўриш мумкин. Бу эса халқаро ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш орқали барча мамлакатлар учун манфаатли йўналиш ҳисобланади.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ezprMPvI6KM" title="Tarix va taraqqiyot uyg‘unlashgan Qashg‘ar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Нилуфар Бозорова, ЎзА