French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарих сабоқлари: Ҳасан ва Ҳусайнхон Ниёзийлар ким эди?
15:34 / 2020-11-25

Улар зулм ва зулматларни доғда қолдирган маърифатпарвар инсонлар эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда Гулистон давлат университети ҳамкорлигида "Аждодларимиз хотираси – муқаддас қадрият" мавзуидаги республика онлайн анжуманида қатнашиб, шундай хулосага келдик.  

Анжуманда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов, Гулистон давлат университети ректори, техника фанлари доктори Муҳсин Ҳожиев ва бошқалар маърифатпарвар боболаримиз фаолиятини ўрганишга оид бошланган ишлар янги изланишларга туртки бераётганини таъкидлади.

Анжуманда таъкидланганидек, Ҳасан ва Ҳусайнхон Ниёзийлар 1895 йилда Андижонда, дин арбоби Муҳаммадмусо Эшон хонадонида таваллуд топган.  

Мусиқа, ижрочилик санъати, адабиётга ихлоси баланд Ҳасанхон Ниёзий муаллимлик қилиш билан бирга, "Миллий иттиҳод" ташкилотига аъзо эди. Манбаларга кўра, ушбу тузилма большевиклар режимига қарши курашда шўро муассасаларида хизмат қилаётган миллий раҳбар ходимларга таянган ва ўз олдига Туркистонда миллий мустақил давлатини барпо этишни бош мақсад қилиб қўйган. 

Ҳасанхон Ниёзий аъзо бўлган «Миллий иттиҳод» ўзагини ўз Ватанининг мустақил бўлиши йўлида курашга тайёр бўлган тараққийпарвар зиёлилар ташкил этган. Бу зиёлилар тақдири келгусида қай йўсинда кечгани ҳақида яққол ва аниқ тушунча беради. Келгусида юртни озод ва мустақил кўриш орзусининг ўзи Ҳасанхон Ниёзийнинг тоталитар режим қурбони бўлиши учун замин яратган эди.

Ҳусайнхон Ниёзий биринчи ўзбек кимёгар олимларидан эди, десак янглишмаймиз. У болаликдан замонавий илғор фанларни, бир неча хорижий тилларни катта қизиқиш билан ўрганди. Тошкентга илм истаб келган Ҳусайнхон 1916 йили, ҳали чор ҳукумати ҳукмронлиги даврида планeр ясаб, осмонга учиргани боис бебошликда айбланган эди. Қарангки, айни Ҳусайнхон Ниёзий томонидан юртимизда мактаб дастурига кимё, физика фанларини киритиш ғояси илгари сурилган. 

Маърифатпарвар олим мазкур фанларга доир ўнлаб дарслик ва қўлланмалар, ўқитиш методикаларининг муаллифи ҳамдир. Ўша даврнинг ғалати саволлари, ажаб савдолари ҳам кўп эди. Машъум 37-йилда отувга ҳукм этилган Ҳусайнхон Ниёзий илмий ишлари боис "профессор" унвонига сазовор бўлганини ҳатто билмаган ҳам!  

Юртимизда илм-фанга катта ҳисса қўшган бу аждодларимиз гарчи шўролар репрессиясига учраган бўлса-да, улар яратган изланишлар ҳамон тадқиқотчилар эътиборида. Диққатга сазовор жиҳати, тарихчи олимларимиз ташаббуси билан Ҳасан ва Ҳусайнхон Ниёзийлар ҳақида ҳужжатли фильм яратилиб, тез кунларда томошабинларга тақдим этилиши кутилмоқда.

Анжуманда қатағон қурбонлари меросини ўрганиш, тарғиб этишга оид ишларни янада такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар атрофлича келишиб олинди.

Н.УСМОНОВА, ЎзА