Мулоҳаза
Хўжа Илғор қишлоғи — шунчаки географик нуқта эмас, у миллатнинг шонли тарихи илдиз отган, Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган табаррук заминдир. Бу ердаги ҳар бир қадам, ҳар бир ёдгорлик — бобомизнинг киндик қони тўкилган муқаддас қудуқ, шифобахш Чиллабулоқ, ёш Темурнинг шижоатидан сўзловчи харсангтош ва Хўжа Муҳаммад ибн ал-Қосим мақбараси — халқимизнинг маданий мероси, миллий ўзлигимизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Бу маскан нафақат юртимиз, балки жаҳон цивилизацияси учун ҳам улкан маънавий аҳамиятга эга.
Бироқ бугунги воқелик киши дилини хуфтон қилади. Бундан бир неча йил аввал, Соҳибқирон таваллудининг 682 йиллиги муносабати билан ушбу ҳудудни обод қилиш, замонавий музей, истироҳат боғи ва халқаро туризм инфратузилмасини барпо этиш бўйича баландпарвоз ваъдалар берилган эди. Масъулларнинг “Хўжа Илғор обод бўлади” деган тантанали нутқлари остида катта режалар тузилган эди. Афсуски, вақт ўтиши билан бу ваъдалар ва масъулият ҳисси чанг босган архивларда қолиб кетди.
Бугунги кунда Хўжа Илғордаги аҳвол ачинарли: тарихий қудуқ маиший чиқиндилар билан тўлган, ваъда қилинган “Амир Темур боғи”ни яшил дарахтлар эмас, ёввойи ўтлар ва харобалик босган. Ноёб тарихий ёдгорликларнинг қаровсиз ҳолатда қолиши — бу нафақат масъулиятсизлик, балки тарихий хотирамизга ва улуғ аждодимиз руҳига нисбатан ҳурматсизликдир. Мазкур ҳолат миллий қадриятларни улуғлаш ҳақидаги сўзларнинг амалдаги ифодасига жиддий шубҳа уйғотмоқда.
[gallery-27947]
Олдимизда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллик қутлуғ санаси турибди. Ушбу юбилей арафасида Хўжа Илғорни қайта тиклаш ва уни халқаро даражадаги маданий-туризм марказига айлантириш — давлат аҳамиятидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Бунинг учун ҳудуддаги обидаларни илмий асосда реставрация қилиш, замонавий музей ва миллий ҳунармандчилик марказларини ташкил этиш, инфратузилмани тубдан яхшилаш ва ҳар йили анъанавий фестиваль ўтказиш тизимини йўлга қўйиш зарур.
Буюк аждодимиз меросига бўлган садоқат баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки айнан мана шундай хайрли ва амалий ишлар билан ўлчаниши лозим. Хўжа Илғорнинг обод этилиши — тарихий адолатни қарор топтириш ва келажак авлод олдидаги маънавий қарзимизни адо этиш йўлидаги энг муҳим қадамдир. Зеро, Соҳибқирон бешиги бўлган бу замин харобаликка эмас, балки энг юксак эҳтиром ва ободликка муносибдир.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА