Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарих – келажакка масъулият билан қадам қўйиш асоси
13:02 / 2025-11-29

Навбаҳор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” лойиҳаси доирасида Навоий шаҳридаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига саёҳат қилишди.

Тарихий ҳақиқатларни англаш, миллий хотирани асраш ва тарбия жараёнларида тарих сабоқларидан унумли фойдаланиш мақсадида ташкил этилган саёҳат давомида иштирокчилар ХХ асрнинг энг оғир даврларидан бири қатағон йиллари ҳақида кенг қамровли маълумотларга эга бўлди. 
Музейдаги мавжуд экспонатлар, архив ҳужжатлари, тарихий фотосуратлар ва шахсий буюмлар ўша фожиали даврнинг реал воқелигини беихтиёр кўз олдингизга олиб келади.

– Тарихни билиш келажакка масъулият билан қадам қўйишдир, – дейди туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Абдуҳошим Қаршиев. – Музей ходимлари ҳар бир экспонатнинг мазмун-моҳияти, қурбонлар тақдири, уларнинг мамлакат тараққиётида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумот бериб, қатағон сиёсатининг жамиятга кўрсатган салбий таъсирларини очиб берди. Бу тарихий далиллар ижтимоий-сиёсий вазиятни чуқур англаш ва тарихдан хулоса чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Саёҳат давомида тинчлик ва эркинликка эришиш осон бўлмагани, бугунги фаровон ҳаёт ортида қанчадан-қанча авлодлар жасорати борлиги алоҳида таъкидланди. 

Ўзаро мулоқотлар чоғида иштирокчилар таълим соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар сифатида ёшларга тарихни тўғри етказиш, миллий онг ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш ҳар бир педагогнинг муқаддас бурчи эканини қайд этди.

Тадбир иштирокчилари учун мазкур саёҳат нафақат маърифий таассурот, балки ўтмишни англаш, бугунги кун қадрига етиш ва келажак учун масъулият билан яшашга чорлов бўлди, десак муболаға бўлмайди.

А.Бўриев, ЎзА