Бу бинода 1917-1918-йиллар шўролар ҳукумати ҳарбий қўмондонлиги жойлашган. Маълум муддат уни Лениннинг сафдоши Михаил Фрунзе бошқарган. Шу жойда минглаб юртдошларимизни ҳибсга олиш, сургун-қулоқ қилиш, қатл этиш каби қирғинбарот қарорлар қабул қилинган. Бугун у Ўзбекистоннинг йирик олий ўқув юртларидан бири – Фарғона Давлат университетининг биноларидан биридир. Тарих ва замон уйғунлиги ғояси асосида университетда қатағон қурбонлари музейи ташкил этилди. Маърифатпарвар Ашурали Зоҳирий, жадид боболаримиз Ибрат, Саидносир Миржалилов, Обиджон Маҳмудов, Сўфизода, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби буюк аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти акс этган кўргазмалар ёшларга ўтмишдан ҳикоя қилиб турибди.
–Жадид боболаримизнинг илмий, амалий, таълим-тарбия, давлат бошқаруви ҳақидаги фикрларини ўрганиш муҳим вазифалардан ҳисобланади, – дейди музей раҳбари Собиржон Сиддиқов. – Миллий озодлик ҳаракатининг етакчилари бўлган жадидлар ҳаётини акс эттирган махсус экспонатлар, стендлар жорий қилинди. Ҳозирги кунда туркий тилли халқлар томонидан жуда катта ишлар олиб бориляпти. Ўзбекистондаги олимлар томонидан жадидчилар фаолиятини ўрганиш, улар тўғрисида илмий оммабоп кинофильмлар яратиш ва ёшларга етказиш борасида катта ишлар қилиняпти. Ўйлайманки, жадидчи боболар фаолияти ҳаётда ўз ўрнини топади. Яқин кунларда ҳар бир жадидчи бобомиз ғоялари, фаолияти ҳақидаги маълумот электрон манбаларини яратиш устида иш олиб боряпмиз.
Жадидчилик ҳаракатининг йирик намоёндаларидан бири ношир ва жамоат арбоби Обиджон Маҳмудовдир. У асли Марғилонда туғилсада, улғайгач Каспий денгизи қирғоқларида нефть конлари очилишида иштирок этади. Кейинроқ Фарғона водийсидаги нефть конлари очилишида ҳам Обиджон Маҳмудов ташкилотчилик қилди ва шу туфайли бойиди. Лекин у топган давлатини илм, маърифатга сарфлади. 1914 йилда чиқа бошлаган “Садои Фарғона” ва “Ферганское эхо” газеталари муассиси эди. Обиджон Маҳмудов фаолияти акс этган кўргазмалар тарихий ҳужжатларда акс эттирилган.
Фарғона Давлат университети қошидаги “Қатағон қурбонлари” музейи нафақат талабалар, балки сайёҳлар учун ҳам хизмат кўрсатмоқда.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/VMxQ1xY31YY" title="TARIX HUJJATLARDA AKS ETADI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов