Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарих чархи айланаверади, "Умид" эса оила қадриятининг муқаддаслигини намоён қилади
11:12 / 2021-05-17

Дарибай Таджимуратов ижодхонасининг остонасидан ҳатлаб ўтганингиз заҳоти ўзингизни бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Бу оламда сизни рассом ва ҳайкалтарош тафаккури, иқтидори, фалсафаси, бетиним ижод ва изланиш туфайли дунёга келган рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика асарлари ўраб олади.

Уларнинг бариси сизни суҳбатга чорлайди, фалсафа оламига етаклайди. Эътиборингизни кўпроқ график тасвирлар ўзига тортса, ажабмас. Уларда умуминсоний қадриятлар ифодасини сезасиз.

 Рассомнинг «Умид» деб номланган график листи инсонни чуқур ўйлантиради. Оила қуриш, уни қўрғондек мустаҳкам қилиб барпо этиш, таҳдид ва хиёнатлардан ҳимоя қилиш.....

Бу каби тушунчалар мана шу асарда оқ-қора график тасвир усулида ва юксак иқтидор билан тасвирланган. Бир қараганда сюжет жуда оддийдек – эр ва хотин.

Бир тан бир жон бўлиб, яхлит бўлиб ўтиришганига қарамай , эътибор берсангиз уларнинг юзларида ҳар хил ифодани кўрасиз. Иккаласи ҳам икки хил хаёллари оғушида, аммо иккаласининг орзуси битта – оила деган қўрғонни мустаҳкамлиги, умрбод бир-бирига устун бўлиб яшаш.

 Рассом аёл қўлида тухумни тасвирлайди. Маълумки, фалсафий маънода тухум, бу – ҳаётнинг пайдо бўлиши ва улғайиш рамзи саналади. Аждодларимиз ҳатто тухумда баҳор ва қуёш тимсолини, ёруғлик ва илиқлик маъносини кўришган. Орзулар оғушидаги аёл узра унинг мустаҳкам ҳимояси сифатида қамраб турган эркак қўлларига эътибор берсангиз, Алпомиш савлатини сезасиз.

Бугунги кун қорақалпоқ тасвирий санъатининг йирик намояндалардан бўлган Дарибай Тажимуратов бу асари орқали ҳар қандай жамият учун унинг дастлабки бўғини бўлган оила мустаҳкамлигини эр ва хотинни бу ягона ва мустаҳкам қўрғон, қоя образида тасвирлайди.

Зурриёт, бу – қўрғоннинг давомчилари, ота ва она меҳри ва садоқати туфайли дунёга келишади. Тарих чархи шу тариқа айланаверади.

"Умид" эса ўзбек ва қорақалпоқ миллатларига мос ва хос бўлган оила қадриятларини авайлаб-асраб, келгуси авлодларга етказиш учун авваламбор аёл ва эркак ўртасида садоқат ва вафо, сабр ва матонат билан яшашга ундайди, оила каби қадриятнинг нақадар муқаддас тушунча эканлигини намоён қилади.

 

Шоҳиста Абдураҳмонова, санъатшунос