“Амир Калон”, яъни Саййид Амир Кулол ибн Амир Ҳамза ибн Амир Иброҳим тахминан 1281 йили Бухоро атрофидаги Сухор (ҳозирги Когон тумани, Янги ҳаёт қишлоғи) қишлоғида дунёга келган.
Ривоятларга кўра, Саййид Амир Кулол узун бўйли, буғдойранг, елкаси кенг, қўллари узун, чатмақош, соқолига оқ оралаган, бақувват, паҳлавон келбатли киши сифатида таърифланади.
Отаси Амир Ҳамза Ҳижознинг Мадина шаҳридан бўлиб, Мовароуннаҳрга кўчиб келгач, Бухоро атрофида яшаган. Амир Ҳамза яссавия шайхларидан бири Саййид Отанинг дўсти бўлган. Саййид Ота ҳар сафар Бухорога келганида Амир Ҳамза билан учрашарди. Саййид Ота бир сафар келганида унинг хонадонида бутун жаҳонни ўзига хизмат қилдирадиган бир буюк ўғлон дунёга келишини башорат қилиб, унинг отини Амир Калон деб қўйишни тавсия қилади.
У кулолчилик ҳунарини пухта эгаллагани сабабли “Амир Кулол” номи билан машҳур бўлган, шу ишдан топган даромади эвазига оила тебратган. Муридларига ҳам ҳалол луқма орқали умргузаронлик қилишни тавсия этган.
Айтишларича, Амир Кулол 15 ёшга тўлгунига қадар кураш тушган. Унинг биринчи устози яссавия тариқатининг пири, турк машойихи Саййид Отадир.
“Рашаҳот”да келтирилган ривоятга кўра, кунларнинг бирида Хожа Муҳаммад Бобо Самосий ёш Амир Кулолнинг кураш тушаётган ердан ўтаётиб, унинг келажакда буюк сўфий бўлиб етишишини сезади ва уни ўз тариқатига жалб этади. Шу тариқа Амир Кулол 15 ёшидан хожагон тариқатининг йирик намояндаларидан Муҳаммад Бобо Самосийга шогирд тушиб, 20 йил давомида ундан Қуръони Карим, Ҳадиси шариф, тасаввуф илмларини ўрганиб, ўз замонасида “султонул-тариқат” (тариқат султони), “шайхуш-шуюх” (шайхларнинг шайхи), “муршидус-соликин” (ҳақ йўлга кирганларнинг пири), “саййидул-орифин” (орифлар саййиди) унвонларига эга бўлган.
Саййид Амир Кулолнинг Амир Бурҳон, Амир Шоҳ, Амир Ҳамза ва Амир Умар номли тўрт ўғли отаси изидан бориб, сўфийлик йўлига кирган. Амир Кулол ҳаёти ҳақида маълумотлар унинг невараси Шаҳобиддиннинг “Мақомоти Амир Кулол” асари ва бошқа кўплаб маноқибларда мавжуд. Ривоятларга кўра, Ҳазрати Амир 25 йил давомида душанба ва жума кунлари шом намозини Сухорда, хуфтон намозини эса Самосда ўқиган. Қисқа вақт ичида узоқ масофани босиб ўтиши ҳам Амир Кулолнинг кароматларидан бири бўлган.
Бундан ташқари, у ваҳший ҳайвонларни ўзига бўйсундириш қобилиятига ҳам эга бўлган.
Саййид Амир Кулол 1370 йили Бухорода ўзи туғилган Сухор қишлоғида оламдан ўтиб, шу ерга дафн этилади. Унинг васиятига биноан, Мавлоно Ориф Деггароний ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд устозининг муборак жасадини тупроққа қўядилар.
1994 йилда “Саййид Амир Кулол” жоме масжиди ҳашар йўли билан қайта қурилган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Бухоро вилояти Адлия бошқармаси томонидан 1998 йил 10 августда қайта рўйхатдан ўтказилган. Ҳозирги кунга қадар масжид ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. 2007–2008 йиллар давомида таъмирлаш ишлари олиб борилганидан сўнг зиёратгоҳ янада ободонлашди, янги мақбара бунёд этилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/an9lAIhPuNw?si=hRVsm2LDCqxvs05Y" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>2018–2019 йиллар давомида етти пир зиёратгоҳларидан бири бўлган Саййид Амир Кулол мақбараси қайта таъмирланиб, обод масканга айлантирилди.
М.Турдалиева, И.Исматов (видео), ЎзА