Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарихнинг номаълум саҳифалари ёхуд «Ўткан кунлар»ни ўқиганлар тақдири
12:59 / 2020-01-02

Репрессиянинг шамоли каминага ҳам оз-моз тегиб ўтган.


Репрессиянинг шамоли каминага ҳам оз-моз тегиб ўтган. Бироқ мен бахтиёрман. Чунки энг биринчи дафъа буюк Абдулла Қодирий туфайли таъқибга учраганман. Ўшанда ҳали ўн етти ёшга тўлиб-тўлмаган ўсмир эдим. Лекин ўша вақтларда мени элакдан ўтказган кимсалар Абдулла Қодирий билан тўғрироғи, унинг «Ўткан кунлар» романи билан тўққиз ёшимдаёқ учрашганимни билишмас эди.

Бу 1937 йилда бўлган эди. Тўнғич акам Солиҳ Абдураззоқов ҳали бўйдоқ эди. Лекин мен бўлажак келинойим – Раҳима опамларнинг Инжиқободдаги хонадонига тез-тез қатнаб турар эдим. Акамдан хат олиб бориб, Раҳима опамдан жавоб мактуби келтирар эдим. Акам ҳам, бўлажак келинойим ҳам масрур эдилар. Чунки улар «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» китобларини ўқиб, бири ўзини Отабек ё Анвар, иккинчиси Кумуш ёки Раъно деб тасаввур этар эди. Буни, албатта, кейинроқ фаҳмлаганман.

Ўша кезлари Раҳима опам «Ўткан кунлар»ни қўлидан қўймас, дугоналарини тўплаб олиб, қайта-қайта ўқиб берар, кечаси ёстиғининг тагига қўйиб ухлар эди. Китобнинг баъзи жойларини йиғламасдан ўқий олмас, шунда дугоналари ҳам пиқиллаб йиғлашар, менинг кичкина юрагим ғашланиб, уларга, улардан кўра кўпроқ Кумуш бибига ачинар эдим.

Абдулла Қодирий билан мана шундай танишганман. Мен бахтиёрман!

Кейинчалик, 1938 йилда Раҳима опам бизникига келин бўлиб тушганида ўқилавериб титилиб кетган ўша «Ўткан кунлар»ни энг қимматбаҳо сеп сифатида олиб келди. Мен уни ўзим мустақил ўқиб чиқмоқчи эдим. Менга мураббийлик нуқтаи назари билан қарайдиган акам рухсат этмади. Жуда ҳам ёш эдим-да. Лекин келинойим ижозат берди:

– Сиз менга хабарчилик қилгансиз, майли ўқинг, – деди у. – Фақат акангиз билмасинлар. Шундай қилиб, «Ўткан кунлар» романини ўн ёшимда бошдан-оёқ ўқиб чиқдим. Кейинчалик яна қайта-қайта ўқидим. Яна ўқийман.

«Ўткан кунлар»ни, «Меҳробдан чаён»ни ўқиш ёки эшитиш энг фарахли дамлар эди. Кейинчалик, минг тўққиз юз ўттиз тўққизинчи, кирқинчи, қирқ биринчи йилларда ҳам бизнинг хонадонимизда шу икки китоб қайта-қайта ўқилди.

...1938 йил, июнь. Абдулла Қодирийнинг Самарқанд дарвозадаги боғи ёнида Сталин номли пионерлар лагери бор эди. Мен ўша лагерда дам олаётган эдим. Бир куни чошгохда шовқин-сурон, қий-чув, дод-вой бўлиб қолди. Абдулла Қодирийнинг боғида аёл киши баланд овозда нола қилаётган эди. Биз болалар ўша томонга югурдик. Қарасак, боғнинг атрофини милиция ўраб олган, ҳарбий кийимдаги уч-тўрт одам томга чиқиб, тунукаларни бузиб, қайириб, ниманидир излаяпти.

Боғдаги баланд ерга жойлашган ҳовлида адибнинг узун сочлари ёйилган рафиқаси қўлларини боши узра кўтариб, бор кучи билан чапак чалиб:

– Дод! Ҳукуматнинг дастидан дод! – деб фиғон чекяпти. Кўчани одам босиб кетган. Ҳаммаси – бир гуруҳ томошабин оломон. Милиционерлар уларни ҳайдайди. Тарқалиб кетган оломон яна қайтиб келади. Хуллас, даҳшатли манзара.

– Нега бунақа қилишяпти? – деб сўрадим ёнимда турган синфдош ўртоғимдан.

– Абдулла Қодирийнинг тилла-пилласи бўлса керак, ўшани қидиришяпти, – деди ўртоғим.

Бу гапга ҳаммамиз ишондик. Биринчидан, ёш бола эдик. Иккинчидан, шоирлар, ёзувчилар бой бўлади, деб эшитган эдик. Сиёсатга тушунармидик биз, ёш болалар?..

1967 йилда ўша даҳшатли воқеанинг гувоҳи бўлганимни Ҳабибулло Қодирийга айтдим.

– Хотирангизга қойилман! – деди у киши. – Ҳеч нарса қўшмасдан аниқ айтиб бердингиз.

Ҳабибулло ака айтганидай, ҳикоям шу даражада аниқ эдики, ҳовлида фиғон чекаётган онахонимизнинг эгнидаги кўйлаги-ю, кўйлагининг рангию гулигача тасвирлаб берган эдим. Болалик хотираси бошқача бўлар экан-да.

– Ўшанда Абдулла Қодирийдан нафратланган бўлсанглар керак? – деди Ҳабибулло ака.

Ҳақиқатни яширишнинг на ҳожати бор.

– Ҳа, – дедим мен. – Китобларини яхши кўрганимиз билан халк душмани эканига, миллатчи эканига ишонган эдик. Ишонтириб қўйишган эди.

– Ўшанда ҳеч қанақа тилла-пилла излашган эмас, – деди Ҳабибулло ака. – Уйимизни тортиб олиб, бизни кўчиришмоқчи эди.

Даҳшатли репрессия вақтинча тўхтади. Унинг ўрнини даҳшатли уруш, фашизм бошлаган қирғинбарот эгаллади. Жанг майдонларида аҳвол қандай кечганини эшитганмиз, ўқиганмиз. Бироқ фронт орқасида ҳам ҳаёт ширин бўлгани йўқ. Очлик, яланғочлик, жудолик азоблари тўрт йил давомида одамларнинг тинка-мадорини қуритиб юборди.

Киши бошига 300 граммдан нон берилар эди. Карточкага олган нонларини сотиб, пулига Абдулла Қодирийнинг китобларини харид қилган одамларни Ҳазрати Имом бозорида ўз кўзим билан кўрганман. Демак, китобни ўлдириб бўлмас экан.

...Шайхонтоҳур дарвозасининг ғарбий қанотида тоғаларимнинг кичик-кичик каталак ҳовлилари бўларди. Улардан бири – онамнинг амакиваччаси Рўзимат тоғам – Рўзи акамнинг ҳовлиси эди. Мен 1942 йилдан эътиборан ўша ҳовлига қатнай бошладим. Ҳозирги Шастри номли 24-мактабда физикадан дарс берган Рўзи акам жуда катта китобхон, ҳар томонлама билимга эга дарвишнамо одам эди.

78 йил яшаб, уйланмай ўтди. У киши менга араб алифбосидаги китобларни тутилмасдан ўқишни ўргатди, табобатга оид жуда кўп китобчалар берди. Ўқидим. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ботуларнинг ким эканлигини тушунтириб берди. Уларнинг ҳеч қачон Ватан хоини бўлмаганини, миллатчи эмас, миллатпарвар бўлганини уқтириб, кўзимни оча борди. Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» романини, Чўлпоннинг «Тонг сирлари», «Кеча ва кундуз» китобларини ўша кишидан олиб ўқиганман.

Минг афсуслар бўлсинким, 1945 йил ёзида Рўзи акам қамоққа олинди. 1946 йилнинг бошларида суд қилинди. Уч кун давом этган суд мажлисидан кейин беш йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилдилар. У Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 2-«б» қисми билан айбланди.

Айбномада айтилишича, Рўзи акам советларга карши рухдаги адабиётларни асраган ва тарқатган. Советларга қарши рухдаги адабиёт деганларида фақат Абдулла Қодирийнинг китобларини назарда тутган эдилар. Чунки тинтув вақтида Рўзи акамнинг уйидан бошқа китоблар топилмаган эди.

Рўзи акам билан бирга яна тўрт киши қора курсида ўтирган. Улардан бири бўш вақтларида бозорда китобфурушлик килувчи, онда-сонда «Мушкулкушод»ни қўлда кўчириб, аёлларга сотувчи Муҳаммаджон ака, деган қирқ ёшли камбағал, бўйдоқ; иккинчиси – Қори ака, деган баланд бўйли хушмўйлов киши, у «утиль» дўконида ишлар эди. У макулатурага қабул қилиб олган китоблар ичидан оммабопини ажратиб қўйиб, сотар эди. Учинчиси – Шарқшунослик институтининг хаттоти Абдулла Носиров. Тўртинчиси – Тошкент Тиббиёт институтининг талабаси, яхши китобхон Абдулла Пўлатов деган қашшоқ йигит эди.

Рўзи акам билан алоқадор бўлган бу китобпарварлардан Муҳаммаджон ака олти йил, Қори ака беш йил, Абдулла Носиров ва Абдулла Пўлатовлар уч йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Кейинчалик Абдулла Носиров билан Абдулла Пўлатовни қайтадан суд қилиб, оқлаб юборишди. Қолган уч киши жазосини тўла ўтаб келишди.

Ўшанда Абдулла Носировнинг адвокатига қойил қолган эдим. Европалик яҳудий миллатига мансуб бу одам ниҳоятда гўзал, нуроний эди. Абдулла Носиров Шарқ мумтоз маданияти учун керакли одам эканлигини, эски қўлёзмаларни қўлда кўчириш шарафли санъат эканлигини меҳрибонлик билан таъкидлаб, уқтирди. Аммо...

Шўринг қурғур уч киши барибир бекордан-бекорга қамалиб кетаверди. Кейин Муҳаммаджон акани қайта кўрмадим. Қори акани бундан бир неча йил бурун Чилонзорда кўриб, икки-уч дақиқагина суҳбатлашдик, холос. Рўзи акам вафотидан бир-икки йил илгари ақлдан озиб, телбаланиб юрди. Абдулла Пўлатов Андижонда врач эди, ичкиликка берилиб, жуда эрта ўлиб кетибди. Ҳам аламидан, ҳам ваҳимадан ичган экан, бечора. Абдулла Носиров яқинда вафот этди. Шарафли ишларни қилиб кетди. Адвокатнинг башорати тўғри экан.

...Рўзи акам қамалганидан кейин 1945 йилнинг август ойида мени НКВДга гувохликка чақиришди. Бир кун эмас, икки кун эмас, бир неча кун қатнадим. Гоҳ кундузи чақиришади, гоҳ кечаси. Терговдан гоҳ оқшомда, гоҳ ярим кечада, гоҳ тонготарда уйга қайтаман.

Уйқудан қолганим ҳам майли-я, очиқиб, сулайиб, силлам қуриганини эсласам...

Терговчи Зотов деган йигирма олти ёшли йигит эди. Икки юзи хўрознинг тожидай қип-қизил, жисмоний соғлом бу одам ўта бадқовоқ, ғазабнок ва бақироқ эди.

– Ёмон бақироқ эди, – деди Ҳабибулло ака ғижиниб.

Зотовнинг ёнида ҳамиша жилмайиб турадиган, қорачадан келган гирдиғум бир ўзбек йигит бўлар эди. Русча саволга яхши жавоб беролмасам, ўша йигит таржимонлик қиларди.

– Энди бир саволга жавоб бер, – деди Зотов бир куни кечаси. – Ҳусанов сенинг уйингга китоб олиб борганми?

– Ҳа, олиб борган, – дедим мен. – У киши доим китоб қўлтиқлаб юрарди. Бизникига қачон бормасин, қўлида китоб бўларди.

– Йўқ, сен менга 1944 йил ёзида қанақа китоб олиб борганини айтгин.

– Бу эсимда йўк.

– Эсла, – деди Зотов. – Яхшилаб эсла. Газетага ўралган каттакон бир китобни олиб бориб, сенга берган. Эртаси куни бориб қайтариб олиб кетган.

Мен ўзимни меровликка солдим. Бўйнимга олмадим. «Эсимда йўқ» деган икки сўзни кайтаравердим. Гапга таржимон аралашди:

– Ўшанда ўрик пишиғи эди. Ҳовлида укаларинг, сингилларинг билан ўрик еб, данагини чақиб ўтирган эдинглар. Эсингга тушдими?

– Йўқ, эсимда йўқ.

Таржимон ўша воқеанинг ойи, куни, соатигача аниқ айтиб берди.

– Эсимда йўқ, – деганимча без бўлиб ўтиравердим.

Бироқ хаёлимда ўша кунги манзара жонланаверди. Ўша жазирама ёз кунида кўча эшигимиз тақиллади. Бориб очсам, ранги қув ўчиб, кўзлари ола-кула бўлиб кетган Рўзи акам турибди. Қўлида газетага ўралган қалин китоб.

– Шуни бекитиб қўй, эртага олиб кетаман, – деди нафаси оғзига тиқилиб.

Ичкарига таклиф қилдим, кирмади. Китобни менга берди-ю, изига қайтди.

– Нима қилай, Ҳусанов билан юзлаштирайми?! – деди Зотов ғазаб билан.

– Юзлаштиринг, – дедим.

Баҳонада Рўзи акамни бир кўриб олмоқчи эдим. Бир оздан кейин хона эшиги очилиб, Рўзи акам пайдо бўлди. Орқасида милтиқли аскар йигит. У Рўзи акамни хонага елкасидан итариб киритди. Мен ўрнимдан туриб салом бердим-у кўзларимга ишонмай бир зум қотиб қолдим. Чунки Рўзи акам оз вақт ичида шишиб, таниб бўлмас даражада ўзгариб кетибди.

Савол-жавоб бошланди.

– Ҳа, ўша китобни Азизга олиб бориб берганман, – деди Рўзи акам ниҳоятда заиф, ҳорғин овозда. – Уни мен макулатурага топширмоқчи эдим. – Кейин менга юзланди. – Эсингда борми? Катта китоб эди... Газетага ўралган...

Мен тан олишга мажбур бўлдим.

– Бизникиларга боргин, – деди кейин. – Менга овқат олиб келишсин. Бу падари лаънатилар овқат бермаяпти. Очман.

У шундай деб йиғлаб юборди. Бир зумда кўз ёшлари шишган юзидан сизиб оқа бошлади. Аскар йигит орқасидан милтиқнинг қўндоғи билан итариб олиб чиқиб кетди.

– Ҳа, эсингга тушди, а?! – деди Зотов хунук тиржайиб. – Хўш, ўша қанақа китоб экан, эсингда йўқми?

– Эсимда бор, – дедим аламзадалик билан дадилланиб.

– Хўш, қанақа китоб экан?

– Бировнинг омонатини очиб кўриш яхши эмас-у, лекин китоб бўлгани учун қизиқиб очиб кўрдим.

– Хўш, қанақа китоб экан?

– Билмадим, араб алифбосида экан. Мен арабча билмайман.

– Билмасанг билиб қўй, – деди Зотов. – Ўша «Ўткан кунлар» эди.

– А? – дедим мен меровсираб.

Бу китоб «Ўткан кунлар»нинг чипор муқовага жойлаштирилган учала бўлими эди.

– Арабчани билсанг, ўқирмидинг?

– Йўқ, ўқимас эдим.

– Нега?

– Илгари лотин алифбосида ўқиганман, – дедим бамайлихотир.

– Эҳ, онангни! – деб бақирди Зотов столни бор кучи билан муштлаб. – Афсуски, сен, жуҳуднинг боласи, ўн саккизга тўлмагансан. Бўлмаса, ҳозироқ Ҳусановнинг ёнига жўнатар эдим!

– Мен ўзбекман.

– Йўқ! Сен бухор жуҳудисан! – деди яна бақириб.

Мана, кўрдингизми, Рўзи акамга «миллатчи» деган тамғани ёпиштирган кимсанинг гапи бу. Эртаси эрта билан Рўзи акамнинг уйига бордим. Онаси Ойхон опоқи, укаси Абдураҳим ака, синглиси Хадича опа бор экан. Бўлган воқеани айтиб бердим. Опоқим билан Хадича опам роса йиғлашди. Абдураҳим акам ич-ичидан эзилиб, бир нуқтага тикилганича сукут сақларди. Овқат масаласини айтганимда, аёллар фиғон чекишди. Улар жуда кўп марта овқат олиб боришган экан. Лекин ўша овқатларнинг бирортаси ҳам бечора, бегуноҳ маҳбуснинг қўлига тегмабди.

Хуллас, Рўзи акам қамалиб кетаверди. Жазо муддатини ўтаб, озодликка ҳам чиқди-ю, ҳукмда кўрсатилганидек, Тошкентдан бадарға бўлиб, бир неча вақт Қашқадарёда яшади. Мен ҳам шубҳали одамнинг шубҳали жияни сифатида таъқиб остида қолдим. Узоқ вақтгача НКВДнинг хуфия одамлари орқамдан кузатиб юришди...

...Абдулла Қодирий қанчалик азоб чеккан бўлса, унинг китоблари ҳам шунчалик азоб-уқубатларни бошидан кечирди. Таъқиб қилинди, таҳқир қилинди, ерга кўмилди, сувга оқизилди, ёндирилди... Бу ҳақда, Абдулла Қодирий китобларининг кўрган-кечирганлари ҳақида ривоятнамо воқеалар бўлиб ўтганини, бир оз бўлса-да, айтмоқчиман.

1955 йилда бир йигитчадан ғаройиб воқеани эшитган эдим.

– Ўқитувчи қўшнимиз бор, – деб ҳикоя қилган эди у. – Уйининг тагида ертўла бор. Ертўланинг бир бурчагига хум кўмилган. Хумнинг тагига «Ўткан кунлар» билан «Меҳробдан чаён»ни ташлаб, устига қум босиб қўйган. Ҳар замон-ҳар замонда биз ўша китобларни сўрасак, тушиб олиб чиқади-да, ўзи бекитиқча бизга ўқиб беради. Қўлимизга бермайди. Қўрқади...

Мирсоқи исмли тоғам бор эди. Ўта тақводор, ўта ҳалол, меҳнаткаш киши бўлиб, бўш вақтини китобхонлик билан ўтказарди. Кичик ҳужрага яшириниб олиб, қайта-қайта ўқийдиган китоблари «Ўткан кунлар» билан «Меҳробдан чаён» эди. Рўзи акам қамалганидан кейин ваҳимага тушиб қолибди. Бу икки китобни кўп жойларга яширибди-ю, бари бир ҳукумат одамлари келиб тинтув қилгудай бўлса, топиб олади, деб ўйлабди.

Нима қилиш керак? Ерга кўмса, чирийди. Ёндирса, йўқ бўлиб кетади. Ўйлаб-ўйлаб, Юнусободдаги Дарвозакент сойига оқизибди. Шояд сувдан биров тутиб олиб сақлаб қолса, деб умид қилибди-да. Умид қилишга қилибди-ю, узоқ вақт йиғлабди. Тоғам бу воқеани Абдулла Қодирий оқланганидан кейин менга йиғлаб-йиғлаб ҳикоя қилган эди.

Шундай қилиб, бахтимиздан ўргилайким, вақт-соат етиб, Абдулла Қодирий ҳам оқланди. Унинг китобларини нашрга тайёрлаш ишлари бошланиб кетди. Жумладан, «Меҳробдан чаён»ни Иззат Султон нашрга тайёрлади. Бу 1958 йил ёз палласи эди. Ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйига биринчи марта боришим эди. Ўшанда Иззат Султон «Меҳробдан чаён»ни жўка тагидаги сўрида қолдириб, боғда танаффус қилиб юрган эди.

Фурсатдан фойдаланиб, китобни чинакам мўъжизадай қўлимга олдим (Уни соғинган эдим-да). Варақлай бошладим. Қарасам, ҳар бир бобнинг ёнига бирор эркак кишининг исми оддий қора қаламда ёзиб қўйилган экан. Бу мени қизиқтирди.

Буни Иззат Султон тушунтириб берди. Унинг айтишига қараганда, уруш пайтида бир мактабнинг ўнинчи синф ўқувчилари китобни кимдандир ўқишга олиб, кейин қўлда кўчиришган экан. Қайси бобни ким кўчириши керак бўлса, сарлавҳа ёнига ўша ўқувчининг исми ёзиб қўйилган экан. Ўшандан кейин бир куни гапдан гап чиқиб, шу воқеани амакимнинг ўғли Мавлон акамга айтиб бердим. У киши мийиғида кулди.

– Ўша менинг китобим эди, – деди у. – Абдулла Қодирий оқланганини эшитдим-у эртаси уни «Навоий» кутубхонасига олиб бориб, совға қилдим.

Шунда Иззат Султон ўша китобни Навоий номли кутубхонадан олганини, уни кутубхонага кимдир совға қилганини менга айтгани эсимга тушди.

Мана, дўстлар, Абдулла Қодирий китобларининг тақдири ҳақида уч лавҳа шулардан иборат. Бу, шахсан менинг билганларим. Билмаганларим қанча... Эҳ-ҳэ-э..

Азиз АБДУРАЗЗОҚ,

шоир

Манба: “Тарихнинг номаълум саҳифалари”

китобидан