Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарихий обидалар: шароит ва қулайлик
17:40 / 2020-09-14

Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё 11-халқаро “Етакчилик ва волонтёрлик – Тараққиёт тарихи” конференцияси доирасида “Самарқанд тарихий обидаларига йўл” волонтёрлик акцияси якунига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.


Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё 11-халқаро “Етакчилик ва волонтёрлик – Тараққиёт тарихи” конференцияси доирасида “Самарқанд тарихий обидаларига йўл” волонтёрлик акцияси якунига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), фуқаролик жамиятини ривожлантириш уюшмаси (АРГО) ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган ва қарийб йигирма кун давом этган мазкур акция давомида бир гуруҳ кўнгиллилар жалб этилган ҳолда Самарқанддаги туристик объектлар, тарихий обидаларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракат қилиши учун яратилган шароитлар ўрганилди.

Акция якунларига бағишланган давра суҳбатида Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари Шерзод Сапаров, Ўзбекистон ногиронлар жамияти Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари Дилмурод Пардаев акциянинг мазмун-моҳияти, амалга оширилган ишлар самараси ва келгусида туризмни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

photo_2020-09-14_17-40-46.jpg

Акцияга жалб қилинган кўнгиллилар Регистон мажмуасида кўзи ожиз инсонлар учун мазкур обида макети, кар-соқов бўлган ташриф буюрувчилар учун сурдотаржимон хизматларини йўлга қўйиш, Амир Темур мақбарасига кириш эшиги ва ичкарида пандуслар ўрнатиш, ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштирилган гигиена хонаси қуриш бўйича таклиф ва тавсиялар берди. Шунингдек, Имом Бухорий мажмуасидаги пандусларни стандарт талабларига мослаштириш, Шоҳи Зинда зиёратгоҳида ногиронлик аравачасида ҳаракатланиши учун шароитлар яратиш юзасидан ҳам таклифлар илгари сурилди. Ўрганилган ва бошқа объектларда кўзи ожизлар учун Брайл алифбосида маълумот берувчи йўл кўрсаткич ва маълумотномалар бўлиши кераклиги таъкидланди.

– Ушбу акцияда қатнашиб, тарихий обидалардаги мавжуд ҳолатни батафсил ўргандик, – дейди волонтёр Жамолиддин Имомназаров. – Тўғриси, ногиронлиги бўлган шахслар саёҳатга чиқса, қандай мураккаб вазиятларга тушиб қолишини ҳис этдим. Ўрганишларимиз давомида хато-камчиликларни жойида масъулларга билдирдик. Бугунга қадар ушбу мауссасаларда аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, ногиронлиги бўлган шахслар учун барча шароитлар яратилди. Биз ушбу тўртта тарихий обида ўрин олган Самарқанднинг инклюзив харитасини тайёрлаб, интернет тармоғига жойлаштирдик. Келгусида ушбу ишларни узвий давом эттириб, барча тарихий обидаларни ушбу харитада қамраб олиб, юртимизда туризм ривожига муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Давра суҳбатида Қозоғистон ва Қирғизистондаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари онлайн иштирок этиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларни санаб ўтди. Жумладан, инклюзивлик нафақат тарихий обидаларда, балки жамиятнинг ҳар бир бўғини, умуман жамият инклюзивлаши кераклиги таъкидланди. Шундагина ҳар бир фуқаро, яратилган имкониятлардан бир хилда фойдаланиши мумкин.

Тадбир сўнгида акциянинг фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

photo_2020-09-14_17-40-47.jpg