Маҳалла ва оила масалалари вазирлигининг ташкил этилиши, албатта, ягона мақсад йўлида, бир мушт бўлиб жипслашиш, таъсирчан куч бўлиб ишлашимизга шарт-шароит ва имкониятлар яратади.
Кўп минг йиллик тарихни ўзида мужассам этган маҳалла халқимизнинг эзгу қадриятлари, турмуш тарзи ва бой маънавий меросидан таркиб топганлиги билан барчамиз учун қадрли ва мўътабар маскандир.
Аслида Ватан туйғуси, юртга садоқат тушунчаси маҳалладан бошланади. Маҳаллада онгу шууримиз, дунёқарашимиз, эътиқод ва тафаккуримиз шаклланади. Шундан она юртимиз азизлигини, тупроғининг муқаддаслигини, одамларнинг иссиқ меҳри ва қайноқ қалбини ҳис қиламиз ва фахрланамиз.
Кейинги йилларда бу ноёб тузилма ҳаётимизга тобора чуқурроқ сингиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида куни кеча – 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши маҳаллаларнинг жамиятимиз ҳаётидаги мавқеи, нуфузини мустаҳкамлаш, уни ижтимоий кўмаклашувнинг адолатли ва таъсирчан институти, аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш борасида ўта муҳим қадам бўлди.
Жамиятимизнинг энг муҳим бўғини бўлган маҳалла тизимида қатор муаммолар йиғилиб қолганлигини бугун яширишнинг ҳам, сабабларини хаспўшлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Биргина мисол — ҳудудларни ўрганиш давомида на иш жойи, на бир хонаси тайин, авария ҳолатига тушиб қолган биноларда ишлаётган маҳалла раисларини кўриб ўйга толасан киши: ўзининг муаммосини еча олмаган раис қандай қилиб аҳоли муаммосини ҳал қилиши мумкин? Эртага одамлар унинг ортидан эргашадими, ўзини қийнаётган дарду ташвишларини унга ишониб айтадими?
Йиғилишда Президентимиз томонидан маҳаллаларнинг ўзида ҳам қатор муаммолар борлиги қайд этилиб, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Йиғилишда тўғри таъкидланганидек, бугунги кунда 1 минг 234 та фуқаролар йиғини турли ташкилотлар ёки тадбиркорларга тегишли биноларда жойлашган. Яна мингдан зиёди ижтимоий муассасаларда, 78 таси қўшни маҳалла йиғинлари биноларида фаолият кўрсатмоқда, 48 та маҳалла биноси авария ҳолатида.
Эндиликда бу борада давлат-хусусий шериклик шартлари асосида маҳаллалар учун хизмат биноларининг қурилиши, уларга етарли шароитларнинг яратилиши, шубҳасиз, фаолиятда яхши самараларга эришишга хизмат қилади.
Бугунга қадар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими бўлган – маҳаллаларда ишлар жуда тарқоқ ва сусткашлик билан фаолият олиб бораётган эди. Маҳалла раиси ўз ташвиши билан, профилактика инспектори ўз йўналишида, хотин-қизлар бўйича мутахассис ҳам ўзи билганича иш тутади. Хуллас, бугунги кунда яхлит мақсад учун хизмат қилиши шарт бўлган соҳа алоҳида-алоҳида иш юритар, ўхшатиш лозим бўлса, ҳар томонга тариқдек сочилиб кетганди.
Президентимиз томонидан белгилаб берилган ягона давлат сиёсатини олиб борадиган тизим, шубҳасиз, энг маъқул ва ижобий натижасини узоқ куттирмайдиган, самарали механизм бўлиб хизмат қилади. Зеро, Маҳалла ва оила масалалари вазирлигининг ташкил этилиши, албатта, ягона мақсад йўлида, бир мушт бўлиб жипслашиш, ўзаро ҳамжиҳатликда, таъсирчан куч бўлиб ишлашимизга шарт-шароит ва имкониятлар яратади.
Президентимиз Олий Мажлисга яқинда йўллаган Мурожаатномасида маҳалла тизимини ўзгартириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш зарурлиги тўғрисида фикр билдирган эди.
Видеоселектор йиғилишида эса ана шу тамойилни амалга ошириш, маҳалла тизимини ислоҳ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг ғояси фақатгина бунёдкорлик ёки қурилиш эмас, энг аввало, аҳолининг қалб ободлиги, давлатдан розилиги, шукроналиги мезонларига асослангандир. Шу маънода энди асосий урғуни қишлоқларимизга тадбиркорлик руҳини имкон қадар киритиш, муҳтожлар қатламини камайтиришга қаратишимиз зарур. Буни барчамиз бугун янада теран ҳис қилмоқдамиз. Чунки доимий даромадга эга инсоннинг дунёқараши ҳам, ҳаётга бўлган интилиши ҳам ўзгача бўлишини барчамиз жуда яхши англаймиз.
Ташкил этиладиган Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги маҳаллаларда ва оилаларда фаолият олиб борадиган барча масъулларнинг “бир ёқадан бош чиқариб”, ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилади.
Йиғилишда Юртбошимиз ташаббуслари билан маҳаллалар учун янги бинолар қурилиши, фуқаролар йиғинлари ортиқча вазифалардан халос бўлиши, янги иш ўринларининг ташкил этилиши, ойлик маошларнинг оширилиши, маҳаллаларнинг иқтисодий-молиявий асосларини кучайтириш учун қўшимча даромад манбаларини белгилаб берилганлиги, маҳалла раисларининг мақомини кўтариш, уларнинг малакасини ошириш каби муҳим масалаларнинг ўз ечимини топиши барчамизни тўлқинлантириб юборди.
Маҳалла раисларининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга ўзгартирилиши уларга ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муҳитга ижобий таъсир этиш имконини беради.
Фуқаролар йиғинларида ҳам эндиликда, 3 нафар раис ўринбосари лавозимлари, хусусан ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар ҳамда ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимларининг ташкил этилиши маҳалланинг “халқ билан давлат ўртасида кўприк” бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Айниқса, ўз фаолиятига сидқидилдан ёндашиб, яхши натижаларга эришган маҳалла раисларини муносиб тарзда рағбатлантириш белгиланганлиги соғлом рақобат муҳитини яратади.
Президентимизнинг муҳим ташаббусларидан яна бири – 22 март санасининг мамлакатимизда “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилиниши давлатимиз ва жамиятимизнинг энг яқин суянчиғи ҳамда маслакдоши бўлган маҳалла ходимлари учун тарихий қарор бўлди.
Бир сўз билан айтганда, ўтказилган видеоселектор йиғилиши маҳалла тизими учун муҳим тарихий аҳамиятга эга воқелик бўлиб, унда илгари сурилган ғоялар, белгилаб берилган устувор вазифалар маҳалла институтининг ривожланишига хизмат қилади.
Рахмат МАМАТОВ,
Республика маҳаллалар кенгаши
бошқаруви раиси, сенатор