Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарих қатидаги яширин ҳақиқатлар: ўз халқига қайтарилаётган ўзбек раҳбари – Усмон Юсупов
16:50 / 2020-11-03

У жуда катта ташкилотчилик қобилият соҳиби, халқни англаш, унинг бор-йўғидан бохабар бўлган, оммани мушкулларини осон қилишдек кўплаб савоб ишларни кекса авлод жуда яхши қадрлайди.

1-қисм

photo_2020-11-03_16-48-36.jpgУсмон Юсупов (1900-1966) – бутун қалби ва вужуди билан Коммунистик партия, советлар ишига, социализм ва коммунизм ғояларига астойдил ишонган ва амалда эса алданган, камтарин ва олижаноб ўзбекона қадрият ва фазилатларга эга бўлган Ўзбекистоннинг совет давридаги сиёсат ва давлат арбобларидан бири бўлган. Бу миллатпарвар, юртпарвар инсон 1937-1950 йилларда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби, 1953-1955 йилларда эса Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси лавозимларида халқ манфаати, юрт равнақи йўлида самарали ва ибратли фаолият кўрсатган сиймолардан бири эди.

У жуда катта ташкилотчилик қобилият соҳиби, халқни англаш, унинг бор-йўғидан бохабар бўлган, оммани мушкулларини осон қилишдек кўплаб савоб ишларни кекса авлод жуда яхши қадрлайди. Халқимизнинг ишонч ва ҳурматини қозонган омма етакчиси эди. Ўзбекистоннинг 1937–1940 йиллардаги, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихида юз берган буюк бунёдкорлик, ниҳоятда оғир ҳаётни унингсиз тасаввур қилиш мумкин эмас. У тарих синовидан шон-шараф билан ўтган, ўз халқининг ҳурмат ва эҳтиромини қозонган ўта камтар, меҳнаткаш, ғамхўр, миллатпарвар, ватанпарвар арбоб эди. Аммо Усмон Юсуповнинг ҳаётлигида ва бу ёруғ дунёни тарк этгандан кейин ҳам унга нисбатан бир қанча туҳмат ва бўҳтонлар уюштирилган. Унга қарши биринчи ҳамла 1937–1938 йиллардаги “Катта террор” давридаёқ бошланган эди. ВКП(б) Марказий Комитети Сиёсий бюроси 1937 йил 11 июлдаги йиғилишида “Антисовет унсурлар тўғрисида”ги масала бўйича Ўзбекистон ССРда Икромов, Болтабоев ва Загвоздин таркибида учликни тасдиқлаган. Бироқ С.Болтабоев ўрнига Жўрабек Тўрабеков учликнинг аъзоси бўлган. Унда 1489 кишини отувга, 3952 кишини сургун қилиш белгилаб берилган.

Акмал Икромов 1937 йил лавозимидан олиб ташлангач, унинг ўрнига Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котиби этиб Усмон Юсупов тайинланган.

Бу ўринда Марказ ва республикадаги куч ишлатиш органлари томонидан унга қарши ботиний йўллар, турли хил шантаж, қўрқитишлар, обрўсизлантириш, раҳбарлик лавозимларидан маҳрум қилиш каби мудҳиш ҳужумлар бўлгани яқин тарихимиздан маълум.

1937 йили Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари лавозимида фаолият кўрсатишининг дастлабидаёқ Усмон Юсуповни ботиний йўл билан шантаж, қўрқитиш усулларини қўллаш билан Марказ ва республикадаги куч ишлатиш органлари машғул бўлишган. Улар томонидан “До конца истребить контрреволюционную банду” номли мақола ёзилган ва Усмон Юсуповнинг номидан республика марказий матбуотида эълон қилинган, тезкорлик билан бу мақола китоб сифатида 35000 нусхада нашр қилинган. Ахир Усмон Юсупов ЎзКомпартия Марказий Комитетининг биринчи секретари лавозимига 1937 йил 27 сентябрда тайинланган. 20 октябрда эса бу мақола Бектемиров муҳаррирлигида, В.Н. Маленин техник муҳаррирлигида, масъул корректор Третъякова имзоси билан китоб сифатида эълон қилиш учун нашриётга топширилган. Мақола ва китоб рус тилида тайёрланган, кейин ўзбек тилига таржима қилинган. 

Усмон Юсупов 1936 йилдан 1937 йил 27 сентябргача Ўзбекистон Республикаси озиқ-овқат саноати халқ комиссари лавозимида фаолият кўрсатган. Ўз-ўзидан равшанки, бу лавозимда Усмон Юсупов аксарият хўжалик сохасида фаолият кўрсатган. Ахир 23 кунлик муддатда биринчи котиб вазифасида фаолият кўрсатган Усмон Юсупов қандай қилиб рус тилида “До конца истребить контрреволюционную банду” номли мақолани “Правда Востока”да, ўзбек тилидаги таржимасини “Қизил Ўзбекистон”да эълон қилинишига ва шу мақолани 1937 йил 20 октябрда “Қизил Ўзбекистон” нашриётида китоб қилиб 35000 нусхада босиш учун 2673-сонли буюртма билан нашриётга топшириши мумкин эди? Бизнингча Ўзбекистоннинг янги биринчи раҳбарини “Катта террор” гирдобига тортиш, уни обрўсизлантириш, қўрқитиш учун Марказдаги Ежов ва Республикадаги унга бўйсунувчи куч ишлатиш органлари раҳбарларининг ботиний ҳаракатларининг ёрқин кўриниши эди. Улар шошилинч равишда иш кўриб Усмон Юсупов номидан мақола ва китоб тайёрлаб нашр этишга улгуришган. Олдиндан тайёрланган “До конца истребить контрреволюционную банду” номли мақоланинг рус тилидаги асл нусхаси қатағон қурбони Акбар Исломовнинг турмуш ўртоғи Кетевани Давидовна Клдиашвилининг шахсий архивида (Тбилиси шаҳри, Бакрадзе кўчаси №16) сақланиб қолган.

Мақоланинг бутун мазмун ва моҳияти, унда илгари сурилган фикр-ғоялар, ёзилиш услуби ва методи, шакли-шамойилидан унинг муаллифи Усмон Юсупов эканлигига бизда шубҳа уйғотди.

Қарийб 30 йил мобайнида Ўзбекистонда амалга оширилган 1937–1938 йиллардаги қатағон тарихи мавзуси билан шуғулланиб Москва, Тошкент, Украина, Ставрополь ўлкаси, Қозоғистон, Қирғизистон республикаларидаги архивларда тадқиқот олиб бориб, тўпланган ҳужжатлар ва материаллар асосида ўнлаб китоблар, юзлаб илмий мақолалар, рисолалар муаллифи сифатида ўша қатағон ва унинг амалиёти, фожиаси тарихини озми-кўпми билган тадқиқотчи сифатида Усмон Юсуповнинг 1937–1938 йилларда “Катта террор” кампаниясида тутган ўрни ва ролига янгича ёндашув, янгича муносабат бўлиш керак деб хисоблайман.

1956 йили КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси ҳузурида 1937–1938 йиллардаги “Катта террор”да қатағон қилинганларни реабилитация қилиш бўйича комиссия тузилган. Унинг аъзолари қилиб Ўзбекистондан 2 киши тайинланган, бири Н.А.Муҳитдинов, иккинчиси академик, юрист Хадича Сулаймонова тасдиқланган. Бу ҳар икки юртдошимиз Ўзбекистон бўйича “Катта террор”да қатағон қилинганларни реабилитация қилишда улкан хизматлар қилишди.

Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети маслаҳатчиси бўлиб хизмат қилган Нуриддин Акрамович Мухитдинов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг лавозимида ишлаганлардан икки шаҳс тақдирига эътибор қаратиб улардан бири Усмон Юсупов ҳақида шундай ёзган: 

“...Усмон Юсупов 13 йил Марказий Комитетга секретарлик қилиб, республикани катта ғалабаларга олиб келди. Айниқса, уруш вақтидаги энг оғир кунларда республика меҳнаткашларини қийин ва тиғиз вазифаларни бажаришга сафарбар эта олди. У халқ билан гаплаша биларди. Республиканинг ўзига хос хусусиятларини ҳеч нарсадан қочирмас, шу билан бирга КПСС Марказий Комитетининг йўлини тўғри амалга оширишга сидқидилдан ҳаракат қилар эди. Энг муҳими халққа суянарди, ўз вақтида сафарбар этилган халқ нималарга қодирлигини ўз тажрибасидан яхши биларди ва ундан мурувватини ҳеч аямасди. Тўғри, ўша йилларда ҳам анча мунча камчиликлар бўлган. Шу жумладан, Усмон ака ҳам хато ва камчиликларга йўл қўйган. Лекин бу унинг республика тараққиёти учун қилган меҳнатлари олдида мисқолчадир. У партиявий ишни тўғри йўлга қўйиб, меҳнаткашларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга эришгани, уларни катта бунёдкорлик ишларига отлантира олгани аниқ. Ана шу чин юракдан қилган меҳнатлари эвазига ҳам у бутун халқ юрагида қолди. Иззати абадий”.

Тўғри 1937–1938 йиллардаги қатағонда Усмон Юсуповнинг айби йўқ деб бўлмайди. У “Учлик”нинг аъзоси эди. Бу “Учлик”нинг бири Ўзбекистон НКВД комиссари Н.А.Загвоздин, иккинчиси республика прокурори Борис Владимирович Шейдлин эди. Бу “учлик” таркиби Москвадан, Сталин, Ежовлар томонидан белгиланган. Усмон Юсупов ана шу юқоридан тушган буйруққа итоат қилиши табиий бир хол эди, бундан бошқача йўл йўқ эди. Акс ҳолда у ўзининг эгаллаб турган лавозимида ишлай олмаслиги аниқ эди.

1938 йилнинг баҳорига келиб областлар, шаҳарлар ва районлар партия комитетлари секретарларининг 60 фоизи қамоққа олинган. Ҳудди шу йилнинг иккинчи ярмида яна партия ходимларидан 114 киши қатағон қилинган.

Бундай қалтис ҳолатлар 30 йилларда Усмон Юсупов фаолиятида анчагина содир бўлган албатта. Бундай йўлни тутмасдан у ўзининг эгаллаб турган лавозимида ишлай олмасди. Мабодо “бошқача” йўл тутган тақдирда ҳам унинг қўлидан ҳеч нарса келмаслиги ақли расо ҳар бир кимсага ойнадек аёндир. Усмон Юсупов ҳам қўғирчоқ миллий раҳбарларнинг бири бўлган, холос. Аммо бундан мамлакатда уюштирилган оммавий қатағонликларга Ўзбекистон раҳбари бефарқ қараган, деб айтиш албатта Усмон Юсупов хотирасига нисбатан ҳурматсизлик бўлур эди.

Усмон Юсупов 1938 йилда шаҳсан И.В. Сталин, А.А. Андреев ва Г.М. Маленковларга махсус хат билан мурожаат қилиб, НКВД (Ички Ишлар Халқ Комиссари) ходимлари ҳаддан ошаётганликлари ва шу боисдан уларни жиловлаб қўйиш масаласини кўндаланг қўйишга журъат этганди: 

“Ўзбекистон Ички ишлар халқ комиссарлари органлари фаолиятида жуда катта камчилик ва қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда, бу ҳолат НКВД органларига суқилиб кириб олган душманлар, айниқса Леонов (халқ комиссарининг собиқ ўринбосари) ва Апрессян (собиқ халқ комиссари) томонидан ҳар жиҳатдан рағбатлантирилиб, ҳатто шунга мажбурлаб келинди. Оммавий қамоққа олишларга зўр берилди, кўп ҳолатлар етарли даражада асосланмади. Ички ишлар халқ комиссарлигида, унинг районлардаги бўлимларида ҳатто энг кўп қамоққа олиш учун мусобақа эълон қилинди. Бинобарин, НКВД ходимлари фаолиятига баҳо беришда уларнинг ўзлари ҳибсга олган одамларнинг кўрсатмалари ва сони далил бўлиб хизмат қилди. Бу эса етарли даражада асосланмай қамашларга кенг йўл очди”.

“Катта террор” авжига чиққан бир шароитда И.В. Сталинга бундай хат билан мурожаат қилиб бор ҳақиқатни ёзганлиги ўта хавфли бўлган, бу унинг катта жасорати эди.

Биргина шу ёзилган хат туфайли Усмон Юсуповнинг ҳаёти хавф остида қолган, унинг ўзини устидан айблов ҳужжатлари тўплай бошланганди. Файзулла Қиличевнинг ёзишича Леонов-Немировскийга нисбатан 1938 йилда қўзғатилган жиноий иш ҳужжатлари орасида Г.Затуловскийнинг кўргазмасида шундай дейилган:

“Леонов бошчилигида бўлим бошлиғи Лисицин томонидан Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг котиби Усмон Юсуповга нисбатан уйдирмалардан иборат материал тўплана бошланди. Улар қамоқда ётган Ғулом Ёқубов ва Рустам Исломов (иккаласи ҳам республикада раҳбар ходимлар бўлган)лардан минг хил азоблар бериш йўли билан, Юсупов, Акмал Икромов тўдасидаги аксилинқилобий ҳаракатда бўлганларнинг фаолларидан эди деб ёздириб олдилар...”

Кўриниб турибдики, Усмон Юсупов ҳам қамалиш арафасида эди. Фақат унинг бахтига Москвада тўсатдан Ежовнинг қамоққа олиниши Усмон Юсуповни қабоҳатли қатағондан сақлаб қолган эди.

Давоми бор.

Рустамбек ШАМСУТДИНОВ,
Андижон давлат университети 
профессори, тарих фанлари доктори.