Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарғиботчилар фаолияти қониқарлими?
15:26 / 2022-10-21

Андижонда умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар фаолияти самарадорлигини ошириш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Республика маънавият ва маърифат маркази, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган семинарда Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар, Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари раҳбарлари, мутахассислари, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмасининг қўшма қарорига асосан, жорий йил май ойидан умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иш олиб бормоқда.

Ўтган давр мобайнида тарғиботчилар зиммасига юклатилган вазифаларни қай даражада уддалади? Мактабда ижодий муҳитни ярата олдими? Фаолияти давомида қандай ютуқларга эришди, бугун қандай муаммоларга дуч келмоқда? Умуман, мазкур йўналишдаги натижалар қониқарлими? Семинарда ана шу саволлар доирасида атрофлича сўз юритилди, эришилган натижалар таҳлил қилинди.

– Тарғиботчиларнинг аксарияти мактабларда ижодий муҳитни ярата олди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Зилола Тоштемирова. – Лекин ишни кўнгилдагидек олиб бормаётган тарғиботчилар ҳам йўқ эмас. Ана шундан келиб чиқиб, Ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳамма тарғиботчининг фаолияти ўрганиб чиқилмоқда. Мақсадимиз, ушбу вазифага энг аввало, ҳақиқий ижодкорларни жалб этиш, ижобий натижага эришиш, уларнинг белгиланган ишларни самарали ташкил этишларига кўмаклашишдир. 

 Семинарда Республика Маънавият ва маърифат маркази таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Тўхтасин Арслонов тарғиботчининг асосий вазифалари, фаолиятининг муҳим ва ўзига хос жиҳатлари хусусида тўхталди. Мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўзининг таклиф, фикр ва мулоҳазаларини билдирди. 

[gallery-9227]

Семинар доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази таълим муассасалари билан ишлаш бўлими томонидан ишлаб чиқилган “Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар учун ўқув-услубий қўлланма” тақдимоти ҳам ўтказилди. 

– Фаолиятимизни самарали юритиш бўйича кўп нарсаларни ўргандик, – дейди Андижон шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби тарғиботчиси, ёзувчи Воситжон Аҳмадхонов. – Айниқса, тарғиботчилар учун тайёрланган ўқув-услубий қўлланма ишимизни умумий режа асосида олиб бориш, ижобий натижаларга эришишда бизга яқиндан ёрдам беради. 

Тадбир иштирокчилари мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан жавоб олди. 



Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА