Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарғиботчи аёллар жойларда ўрганишлар олиб боради
14:23 / 2022-07-28

Айни кунларда Ўзбекистон Республикасида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси марказий аппарати вакиллари вилоятларда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўрганишлар олиб бормоқда.

Шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, тегишли вазифалар ижросини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар. Бу борада жойларда семинарлар, тренинглар ҳамда турли муҳокама йиғилишлари, учрашувлар ўтказилмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бири Хоразм вилояти ҳокимлиги мажлислар залида ташкил этилди. Унда Республика Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Раъно Турдибоева ҳамда қўмита бўлим бошлиғи Нодира Каримова иштирок этди.

Тарғиботчи аёллар ҳамда ишчи гуруҳи билан ўтказилган учрашувда уларнинг иш фаолиятларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Хотин-қизлардан иборат 50 нафар тарғиботчиларни туман, шаҳарларга, 30 нафарини маҳаллаларга ҳамда 15 нафар кўча бошиларни бириктириш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жойларда ўтказиладиган семинарларга тайёргарлик кўриш бўйича вазифалар тақсимланди.

Учрашувда ҳар бир маҳаллада 15 нафардан кўча боши аёллар базасини шакллантириш зарурлиги қайд этилиб, бу борада муҳим кўрсатмалар берилди. Жумладан, битта маҳаллада кўча бошиларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича намунали тарзда тренинг ўтказилди.

Шунингдек, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан мулоқотлар ташкил этилиши белгилаб олинди.

Учрашув давомида Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Н.Усмонова, ЎзА