Бухоро вилояти Когон туманининг “Сиёзпоён” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларида тарғибот ишлари олиб борилди.
Таъкидлаш лозим, ҳудуд суюлтирилган газ таъминотига мослаштирилган. “Когонгаз” газ таъминоти корхонаси томонидан аҳолига маиший газ баллонлари 40 кунга бормай етказиб берилмоқда. Бу галги жараён давомида бевосита газ таъминоти корхонаси ҳамда Когон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари томонидан тарғиботлар олиб борилди.

Тадбирда газ баллонларини фақат маиший эҳтиёж учун ишлатиш лозимлиги таъкидланар экан, улардан тўғри фойдаланиш, ўрнатилиши борасида ҳам тавсиялар берилди.


– Кўп ҳолларда истеъмолчилар газ баллонлари ҳамда газдан нотўғри фойдаланиб келишади, натижада эса турли бахтсиз ҳодисалар келиб чиқиши мумкин. Ходимлар маҳалла фуқаролари учун олиб борган тарғиботда уларнинг ҳам кўпчилиги томонидан газ баллонларининг ўрнатилишига аҳамият қаратилмаганлигининг гувоҳи бўлди. Ачинарлиси, хавфсизлик талабларига риоя қилинмаган ҳолда фойдаланилмоқда. Бундай нотўғри хатти-ҳаракат сабаб турли бахтсиз ҳодисалар келиб чиқиши мумкинлиги соҳа ходимлари томонидан таъкидланди, – дейди “Когонгаз” газ таъминоти бўлими ходими Замон Рўзиев.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.