Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарғибот тадбирлари кучайтирилмоқда
11:25 / 2023-02-25

Жиззах вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази ташаббуси билан вилоят ички ишлар бошқармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ҳамда фаол ёшлар иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош шифокори Нилуфар Асқарова ўтган 2022 йилда соҳа ходимлари томонидан вилоятда ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда 2023 йилда белгиланган режалар юзасидан ахборот берди.

– Президентимизнинг жорий йил 20 январдаги «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида тасдиқланган дастурнинг 13-бандига асосан Жиззах вилояти ҳокими томонидан медиа-режа ишлаб чиқилди. Шу асосида чора-тадбирлар ишлаб чиқдик ва амалда бошладик, – дейди вилоят ОИТС маркази бош шифокори Нилуфар Асқарова. – ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олишда ишни ҳамкорликда олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу касалликнинг оқибатлари ҳақида кўпроқ ёшлар фойдаланадиган ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари орқали уларни фикрлашга ундайдиган, эътиборини торта оладиган мақола, маълумот ва видеороликлар бериб боришимиз, келажагимиз ворислари билан ушбу мавзуда тез-тез суҳбатлар, учрашувлар ўтказиш ҳар томонлама фойдали бўлади.

Шунингдек, тадбирда марказ бош шифокорининг ўринбосари Анвар Холбоев ҳамда ОИТС маркази шифокори Мунаввар Содиқовлар томонидан ОИВ инфекцияси тарқалиш сабаблари ва олдини олиш бўйича иштирокчиларга батафсил тушунчалар берилди.

Сўнгра ОИВ инфекцияси тарқалишининг омил ва оқибатлари ҳамда уни олдини олиш борасида ҳар бир киши амал қилиши лозим бўлган талабларга қаратилган махсус видеоролик иштирокчиларга намойиш этилди.

Брифинг мутасаддиларига берилган савол ва таклифларга иштирокчилар батафсил жавоб олди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБEКОВ (сурат), ЎзА