Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон санъат музейида “Кибержиноятларга қаршимиз” мавзуига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда масъул идоралар ҳамда жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда содир этилаётган кибержиноятлар кўп ҳолларда банк пластик карталари билан боғлиқ бўлиб, бу орқали фуқароларга моддий зарар етказилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда энг самарали йўллардан бири фуқароларда “кибергигиена”ни шакллантириш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган. Ҳозирги кунда кибержиноятнинг 40 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг тури кундан-кунга ортиб бормоқда. Телеграм тармоғи орқали “Click хавфсизлик хизматиданмиз”, “Сизга ютуқ чиқди”, “Катта миқдорда пул ютиб олдингиз”, “Aкция иштирокчисига айландингиз”, “Трейдинг орқали пулларингизни кўпайтириб берамиз”, “Чет элга ишга юборамиз” ва бошқа ёлғон, сохта хабарлар билан содда фуқароларни чув туширмоқда. Тадбирда “Кибермаданиятни юксалтириш” ойлигини жойларда кенг аҳоли қатламини жалб этган ҳолда уюшқоқлик билан самарали ўтказиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Кибержиноят билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг киберҳужумлар қурбонига айланишининг олдини олиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, шунингдек, IT мутахассислари ҳамкорлигида тарғибот тадбирлари жойларда давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири