Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Абдушукур Хамзаевнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили Наманган тумани сайловчилари билан учрашди.
Ишончли вакил, Наманган давлат университети доценти Абдуғаффор Назаров номзоднинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ҳақида гапирди. Қайд этилганидек, дастурда “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, экологик ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли учун қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш йўналишларига кенг урғу берилган. Глобал иқлим ўзгариши бўйича Париж битими доирасида мамлакатда иссиқхона газларини қисқартиришни назарда тутувчи миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ҳудудларда иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнларни кузатиш мақсадида замонавий илмий станциялар ташкил этиш бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда. Учрашувда номзоднинг сайловолди дастурида табиий доривор маҳсулотлар турини кенгайтириш, маданий доривор ўсимликлар плантацияларини кўпайтириш орқали маҳаллий доривор ўсимликлар хом ашёсини етиштириш, чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларни овлаш, ўсимлик турларини табиатдан ажратиб олишга 10 йиллик мораторий эълон қилиш каби муҳим масалалар ўрин олганлиги қайд этилди.
Тадбир якунида ишончли вакил йиғилганларни Президентликка номзод Абдушукур Хамзаевга овоз беришга чақирди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.