Ҳар бир мамлакат Конституцияси унинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. Жорий йилнинг апрель ойида бўлиб ўтадиган референдум арафасида жойларда Қашқадарё вилояти суд органлари томонидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Китоб туманининг Башир маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувда Қашқадарё вилояти судлари масъуллари ҳамда қишлоқ аҳолиси иштирок этди. Тадбир аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалардан хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда сўз олган Қашқадарё вилоят суди раиси Абдуқаюм Маҳкамов жорий йилнинг 30 апрель санасида мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилаётган референдум ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасига асосан ўзгартиришлар, моддалар ва бандлар мазмун-моҳияти хусусида фикрларини билдиришди.Шунингдек, мазкур референдумда ҳар бир инсон ўз овозини бериш йўли билан халқ фаровонлиги ва юрт равнақига ҳиссасини қўшиши лозимлиги таъкидланди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.