Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарғибот тадбирида аҳоли ва ёшлар фаол иштирок этди
20:24 / 2020-11-23

Хоразм вилоятида янги ташкил этилган Тупроққалъа туманининг Саримой ва Тупроққалъа массивларида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Бу ерлик аҳоли кам сонли бўлишига қарамай, ўзининг меҳнатсеварлиги, бунёдкорлиги, янги марраларни забт этишга бўлган иштиёқи билан вилоятнинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, туман миришкорлари жорий йилги пахта йиғим-теримини вилоятда биринчи бўлиб тамомлади.  

Туман ҳокимлиги биносида  ўтказилган тадбирда сиёсатчилар, маънавият тарғиботчилари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар, таниқли спортчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тарғибот тадбирида иштирокчиларга “Конституция – халқ фаровонлиги ва юрт тинчлиги”, “Янги Ўзбекистон – янги тараққиёт босқичида”, “Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда инновацион ёндашув” каби мавзулар юзасидан кенг тушунчалар берилди.

“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” мавзуси билан боғлиқ турли видеороликлар намойиш этилди. Тадбирда аҳоли вакиллари, айниқса ёшлар фаол иштирок этди.

− Биз карантин даврида уйда қолиб онлайн машғулотларда фаол қатнашиб илм олдик, − дейди 15-умумтаълим мактаби ўқувчиси  Меҳриноз Собирова. – Яқинда жонажон мактабимиз бағрига қайтдик. Бугунги тадбир доирасида ўтказилган “энг зукко китобхон” танловида ғолиб бўлдим. Шунингдек, ёш рассомлар маҳорат дарсларида ҳам қатнашдим. Ўтказилган суҳбат ва маърузалар менда катта таассурот қолдирди.

Халқимиз азалдан санъатга ошно. Тадбир давомида эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди. Айниқса, вилоят драма театри жамоаси ижросидаги “Султон Жалолиддин” спектаклининг жонли намойиши тамошабинларга катта хаяжон баробарида фахру ифтихор бахш этди.

− Бугунги тадбир маҳалламиз аҳлини жуда қувонтирди, − дейди Пошшохон  Жуманазарова. – Айниқса, кузги йиғим-теримдан сўнг ҳар бир деҳқон маданий ва маънавий ҳордиқ чиқаришни хоҳлайди. Бугун вилоятнинг кўзга кўринган санъаткорлари, театр актёр ва актрисалари келиб бизни жуда хурсанд қилишди. Вилоят марказига бориб театр тамоша қилишга ҳамманинг ҳам имконияти тўғри келмайди. Бироқ, Жалолиддин Мангуберди спектаклини маҳалламизда ижро этилиши барчамиз учун маънавий озуқа бўлди. Куй ва қўшиқларни мириқиб тинглаб, завқ билан рақсга тушдик.

Айни кунларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ижобий самаралар бериб, аҳолининг турмуш фаровонлиги, маънавияти юксалмоқда. Халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг нуфузи ортиб бормоқда. Ана шу ўзгаришлар, эришилаётган ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, умуман, ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида юртдошларимизга янада кенгроқ маълумотлар бериш ўтказилаётган тадбирларнинг асосий мақсадидир.  

Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА