Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” шиори остида “Тарғибот поезди” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳада иштирок этиш учун Тошкент давлат юридик университетининг 600 нафарга яқин талабаси истак билдирган. Уларнинг орасидан нотиқ, илғор, фаол, жамиятдаги ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий жараёнлардан яхши хабардор 126 нафар талаба саралаб олиниб, ҳудудлар бўйича университет профессор-ўқитувчилари ва талабаларидан иборат тарғибот гуруҳларига бириктирилди.
Айни кунларда ушбу тарғибот гуруҳлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, фуқароларнинг Бош қомусимизга оид ва ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ана шундай тарғибот тадбирлари Андижон давлат тиббиёт, машинасозлик ҳамда иқтисодиёт ва қурилиш институтларида бўлиб ўтди.
[gallery-14860]
Тарғибот гуруҳи аъзолари томонидан олий ўқув юртлари талабаларига Конституциянинг мазмун-моҳияти, Ватанимизнинг буюк келажаги ва равнақи учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конститутцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Талабалар Бош қомусимиз бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабаларидан батафсил жавоб олди.
Шунингдек, тадбирлардаги савол-жавоб ва мулоқотларда фаол иштирок этган талабаларга тарғибот гуруҳининг эсдалик совғалари топширилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари