Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти томонидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда “Science and Innovation” халқаро илмий журнали билан ҳамкорликда “Тарбиявий жараёнларни бошқаришнинг халқаро моделларини қўллаш механизмлари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуманни Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти директори, педагогика фанлари доктори, академик Холбой Иброҳимов кириш сўзи билан очиб, бугунги халқаро анжуманнинг асосий мақсади ва ўз олдига қўйган вазифаси узлуксиз таълим тизимида тарбиявий жараёнларни ташкил этиш, бошқаришнинг халқаро моделларини ўрганиш, илғор тажрибаларни қўллаш асосида таълим сифат ва самарадорлигига эришиш механизмларини аниқлаш ва уларни амалга жорий этишдан иборат эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда узлуксиз таълим тизими босқичлари ва таълимнинг турли шаклларида тарбиявий жараёнларни бошқаришнинг ҳозирги ҳолати ва уни такомиллаштириш долзарб масалалардан бири саналади. Бугунги халқаро анжуманда, шунингдек, илмий тадқиқотлар натижалари асосида ўқувчи-ёшларнинг тарбиявий эҳтиёжларини қондириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект каби илғор технологияларни тарбиявий жараёнларга жорий этиш имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Анжуман ўз ишини тўртта, яъни таълим тизимида тарбиявий жараёнларни бошқаришнинг халқаро моделлари ва илғор тажрибаларни оммалаштириш, узлуксиз таълим тизимининг турли босқичлари ва шаклларида тарбиявий жараёнларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, ўқувчи-ёшларни тарбиялашда анъаналарни ривожлантириш ҳамда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳамда тарбиявий жараёнларни бошқариш моделларини жорий этишнинг институционал механизмлари каби йўналишларда олиб борди. Анжуманга 150 дан ортиқ илмий мақола тақдим этилиб, улардан 100 таси илмий ҳакамлар ҳайъати томонидан танлаб олинди. Шунингдек, 15 та хорижий мамлакат олим ва тадқиқотчиларининг мақолалари қабул қилинди.


Мазкур халқаро илмий-амалий анжуман тарбиявий жараёнларни бошқаришда халқаро тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий тажрибалар билан уйғунлаштиришга хизмат қилиб, замонавий технологияларни таълим жараёнларига татбиқ этиш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради. Анжуманнинг илмий натижалари эса, ўз навбатида, миллий таълим тизимини глобал стандартларга мослаштириш, ўқувчи-ёшлар тарбиясининг сифатини ошириш ва замонавий илмий инновацияларни жорий қилишга ҳисса қўшади.
Нурзод Тошбулатов,
ЎзДЖТУ талабаси