Тарбияланувчиларга байрам совғалари топширилди
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйида яшовчиларнинг ҳолидан хабар олишди. Муассасанинг тарбиячи ва ўқитувчиларини ҳам 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклашди. Уларнинг фидокорона меҳнати учун миннатдорчилик билдиришди.
Божхона ходимларига Мурувват уйида тарбияланувчи аёлларнинг қўл меҳнати билан тайёрланган ишлари яқиндан таништирилди. Тарбияланувчиларнинг меҳр ва сабр-тоқат асосида ўз қўллари билан яратган ҳунармандчилик буюмлари божхона ходимларида катта таассурот қолдирди.

Интернет уйида яшовчиларнинг меҳнатлари маҳсули бўлмиш гўзал нақшлар билан безатилган турли безак буюмлари ва сувенирлар нафислиги билан кўпчиликни беихтиёр ҳайратга солди. Бу буюмлардаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир нақш уларнинг қалбидаги меҳр, орзу-интилиш ва эзгу тилакларни акс эттиргандек эди.
Тарбияланувчи аёлларга байрам совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири