Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тарбиядаги қусур ёхуд ёшлар маънавиятдаги бўшлиқ
14:20 / 2019-11-05

Наҳотки шу ишни одам боласи қилган бўлса, деб ўйга толади.


Жиззах шаҳридаги “Ўрда” истироҳат боғига ўрнатилган вертолёт макетининг синган ойналари, тирнаб ташланган ўтирғичлари, турли сўзлар ёзилганини кўрган кишининг ҳафсаласи пир бўлади. Наҳотки шу ишни одам боласи қилган бўлса, деб ўйга толади. 

“Ўрда” экологик боғи нафақат истироҳат ва дам олиш, балки, ватанимиз тарихи, халқимизнинг миллий озодлик ҳаракатлари, ўтган асрнинг бошида бўлиб ўтган Жиззах қўзғолони билан бевосита боғлиқ тарихий, маданий, маърифий маскан ҳисобланади. Шунинг учун бу жой мустақиллик йилларида икки бор қайта қурилиб ободонлаштирилди.

Биринчи марта 2008 йилда вилоят ташкилотларининг, айниқса, ёшларнинг кучи билан бу ерда жуда катта ҳажмда қурилиш, ободонлаштириш ишлари бажарилди. Тарихий, маърифий, маданий мажмуа – “Ўрда” ёшлар экологик боғидаги ишлар 2009 йил баҳорида ниҳоясига етказилиб, Наврўз байрами ўтказилган эди.

Мазкур боғ 2019 йилда қайта реконструкция қилинди. Бошланишига вилоят ҳокимияти томонидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, лойиҳага кўра 37,5 гектардан иборат бўлган боғ майдонида унинг тарихий иншоотларига, экологиясига зарар етказмаган ҳолда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари бажарилди.

Боғни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида реконструкция қилишда тарихий иншоотларини, экологик хилма-хиллигини сақлаб қолишга алоҳида эътибор берилди. Ҳудуддаги тарихий обида ва дарахтлар муҳофазага олинди.

Энди боғ шаҳар аҳолиси йил бўйи дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган маскан ҳисобланади. 

Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус асосида боғ ҳудудида маънавий-маърифий масканлар барпо этилган. Жумладан, ёдгорлик, рамзлар, девор лавҳалар ўрнатилган. Вертолёт макети ҳам ана шу мажмуанинг бир қисми ҳисобланади.

Эзгу мақсадларни кўзлаб амалга оширилган ишларга ҳар куни “маънавияти ўсаётгани, ҳақиқий ватанпарвар бўлиб вояга етаётгани” ҳақида фахр билан айтаётган ёшларимиздан айримлари беписанд муносабатда бўлмоқда. Хўш, нега?

Энг ёмони бу биргина ҳодиса эмас. Шароф Рашидов хиёбонидаги, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номидаги ижод боғидаги ўриндиқларни синдириб, тахталарига тирнаб ёзиб кетиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Боғдаги чиқинди солинадиган идишларни синдирилаётгани, жойидан олиб ташлаётгани оқибатида ҳудуднинг ифлосланиши ортмоқда.

Айнан шундай маданият масканларига ёввойиларча муносабатни “Ёшлар шаҳарчаси” даги электр ёритгич лампаларини синдириб, ўғирланиб кетилаётганида, ўриндиқларга шикаст етказилаётганида ҳам кўриш мумкин.

Бундай пайтда ушбу масканларнинг сақланишига, қўриқланишига масъул бўлганларни айбдор қилиб кўрсатиш осон. Албатта уларнинг ҳам айби бор. Аммо асосий сабаб ёшлар тарбиясидаги қусурда. Бунинг учун, аввало биз катталар айбдормиз. Бизнинг тарбиямиздаги қусур бу.

...Яқинда “Ўрда” экобоғдаги ўриндиқлар суянчиғи устига чиқиб ўйнаб юрган 11-13 ёшли икки болани учратдим. Кўнглида ҳеч бир ёмон нияти йўқ бу болалар бу ҳаракатни ҳеч нарсани ўйламасдан ўйнаб қилаётгани кўриниб турибди. Биз ҳам барчамиз болалигимизда бирор деворнинг устига чиқиб мувозанатни сақлаш учун қўлларимизни ёзиб юрганимиз каби.

Ўзимни уларга беэътибор кўрсатиб, суҳбатга тортдим. “Эҳтиёт бўлинглар, ўтирғич ағдарилиб кетса, йиқилиб тушасизлар” деганимга, “йиқилмайди, оёғи ерга маҳкамлаган” деб жавоб бериб машғулотларини давом эттиришди.

Мен суянчиқ жуда ингичкалигини, унинг устида юриш қийинлигини, бизнинг болалик давримизда бундай ўриндиқлар ҳеч қаерда бўлмагани, шунинг учун унинг устига бирор марта ҳам чиқиб кўрмаганимни, айтдим.

– Ҳозир кўп-ку, – деди болаларнинг каттароғи қизиқувчанлигимдан кулиб.– Ҳозир ҳам чиқиб кўришингиз мумкин. Барибир ҳеч ким ўтиргани йўқ-ку.

– Ҳеч ким ўтирмаган бўлса ҳам чиқиб бўлмайди, – дедим болаларни суҳбатга торта олганимни сезиб. – Чунки ўтиришга мўлжалланган буюмнинг устига оёқ кийим билан чиқиб бўлмайди. Масалан, уйда кўрпача, стул ёки диваннинг устига оёқ кийим билан чиқилмайди-ку. Бу ўриндиқ эса бу ерга зиёратга ёки дам олишга келганлар ўтириши учун ўрнатилган. Сенинг оёғингдан ўтирғичга теккан лой кимнингдир елкасини ифлос қилиши мумкин. Бу сенга барибирми?

– Йўқ, – деди боланинг каттароғи сал сергакланиб, – Мен яқин вақтларда бу ўриндиқларга бировнинг ўтирганини кўрмаганман.

– Гапинг тўғри, балки айнан шу ўриндиққа ўтирмагандир, лекин аслида бу ўриндиқлар ўтириш учун ўрнатилган. Чунки бу ер аждодларимизнинг қони тўкилган муқаддас жой. Масалан, қабристонларда ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилиш учун қўйилган ўриндиқларнинг устига оёқ билан чиқилмаслигини биласан-ку. Ота-онанг ёки устозларинг билан келганда улар шу гапни айтишгандир.

– Ўзимиз шу маҳаллада турамиз-ку. Уларсиз ҳам ҳар куни келиб шу ерда ўйнаймиз, – дейди болалардан бири. – Фақат аввал биз, ўйнайдиган майдон хусусий спорт мажмуасига айлантириб пуллик қилиб қўйилди. Ўйнайдиган жой қолмади...

Болаларни суҳбатга тортаман, деб ўзим жавобсиз саволларга тутилиб қолдим. Чунки, кўпчилигимиз бундай маданий тарихий масканларга бирор тадбирга қатнашганимиз ҳисобга олинмаса, атайлаб бормаймиз, болаларимиз билан бирга айланмаймиз. Бормагач, бу ёдгорликлар, хиёбонлар, боғлар нима учун барпо этилгани, ўтирғичлар нима учун қўйилганини ҳам билмайди. Шаҳарда болалар ўйнайдиган бўш жой қолмаяпти. Спорт майдонлари, тўгараклар кўпи пуллик. Ҳамманинг ҳам ота-онаси эса боласининг ўйнаб вақт ўтказишлари учун пул беравермайди.

– Ҳа, болаларга ўйнайдиган жой қолмабди, – дедим уларга ҳамфикрлигимни билдириб. – Болалар зерикканларидан сўнг билмасдан ёмон ишларни ҳам қилишмоқда. Масалан, анаву вертолётнинг ойналарини синдириб, ўтирғичларини тирнаб, ёзиб ташлашгани жуда ёмон бўлибди. Бу ишни қилган одамга, агар болалар қилган бўлса ота-оналарига қонунда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Болаларнинг одатдаги ўйинлари ҳақида бошланган суҳбатнинг анча жиддий жиноятга бориб уланиши ҳамсуҳбатларимни қизиқтириб қўйди. Уларнинг қизиққанидан фойдаланиб, моддий ва маданий бойликларни шафқатсизларча зиён етказиш вандализм деб аталадиган жиноят эканлиги, бу сўз тарихи 455-йилда Рим шаҳрини талон-тарож қилиб кўплаб антик маданият обидаларини вайрон этган қадимий ёввойи қабила номига бориб тақалишини айтиб берганимдан кейин ёш дўстларим анча жиддий тортишди.

Ушбу суҳбат болаларда қандай таассурот қолдирганлигини билмадиму аммо мен, ёшларимиз маънавиятини аҳён-аҳёнда ўтказиладиган шоу-тадбирлар билан шакллантириб бўлмаслигини, бу оила ота-онанинг, оиладаги бошқа катталарнинг маданий, маънавий даражасига боғлиқ бўлган доимий иш эканлигига яна бир карра амин бўлдим.

Бу иш билан доимий шуғулланиш ота-онанинг зиммасига юкланган. Чунки болани тарбиялаш ота-онанинг бурчи.

Ножўя иш қилган ҳар қандай боладан, “Ота-онанг нимани ўргатган?” деб сўраймиз.

Ҳозир ота-оналарнинг аксарияти болалар тарбиясига вақт ажратмайди. Иши кўплигини важ қилиб фарзандлари ва оиласига етарлича вақт ажрата олмаётгани айтади. 

Шу боис мамлакатимизда кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини такомиллаштириш борасида аниқ чоралар кўрилмоқда.

Президентимиз томонидан жорий йил 3 октябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимиз кадрлар сиёсатини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган биринчи навбатдаги чора-тадбирларни белгилаб берди.

Жумладан, Меҳнат кодексига кўра ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортмаслиги лозим.

Шунда ходим оиласида болалар тарбияси билан шуғулланишга, уларни истироҳат боғлари, музейларга, театрга олиб боришга вақти бўлади. Шунда болалар ўтирғичларни синдирмайдиган, ёдгорликларга чизмайдиган, муқаддас жойларни ифлос қилмайдиган бўлишади. Шунда бўш ўриндиқлар ҳам, болаларнинг маънавиятида бўшлиқ ҳам бўлмайди.