Мулоҳаза
Бугун кўпчиликни ўйлантирадиган бир савол мавжуд: “Тарбиялаш оғирми ёки тарбияси оғирми?”
Бир нарсани унутмаслик керакки, фарзанд тарбиясига ота-она масъул, мактаб эса бу борада кўмакчи. Чунки боланинг оилада олган тарбиясига қараб, ота-она раҳмат ёки лаънат эшитиши мумкин. Ота оилада масъулиятли бўлса, болани тергаб, назорат қилса, бола эрка ва бебош бўлмайди ва ота-онани хижолат торттирадиган ишларни қилмайди. Шу боис ҳам Абдулла Авлоний “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур”, дея таъкидлаган.
Кузатишларимиздан шуни кўришимиз мумкинки, баъзи оилаларда ота-она эрталабдан кечгача ишлайди, уйда бўлган вақтларида ҳам ўз ишлари билан овора бўлиб фарзандларига вақт ажрата олмайди. Оиласида ҳаловат тополмаган бола тарбияни телефон, интернет, телевизор ҳамда кўчадан олади. Бу эса бола ўзини ўзи тўғри тарбия қиляпти, дегани эмас. Биз педагоглар таълим ва тарбияни параллел олиб боришимиз, бир ёқламаликка сира йўл қўймаслигимиз зарур.
Боланинг комил инсон бўлиб етишиши учун истеъдод, илм ва машқ асосий ўрин тутади.
Навоий шаҳридаги 16-умумтаълим мактабимизда ташкил этилган табиий фанларга йўналтирилган тўгаракларда физика, кимё, биология фанларига қизиқадиган 3-8-синфларда ўқиётган ўқувчилар қатнашади.
Тўгаракка ўқувчиларни жалб қилишдан олдин тарғибот ишларини олиб борамиз. Шундай жараёнларнинг бирида 7-синф ўқувчиларини фаолиятимиз билан таништириш чоғида барча ўқувчилар савол-жавоблар ва муҳокамаларда фаол қатнашаётган бир пайтда орқа партада ўтирган бола диққатимизни тортди. Мунозараларни тўхтатмай, сўзимизда давом этиб, билдирмай боланинг ёнига бордик ва диққатини бўлган “нарса”сини қўлидан олдик.
– Устоооз, маники эмас, – деганича бошқа гапиришга ҳадди сиғмади. Суҳбатни тугатиб, “нарса”ни олиб чиқиб кетдик. Дафтарни варақлай бошладик. Одатдагидай “юракча” ва унинг ичида бўёқдор бош ҳарфлар...
“Менинг орзуларим”.Ўқувчининг орзулари: шахсий брендини яратиш, онасини Ҳаж сафарига юбориш, икки қаватли ҳовли олиш, кийимига мослаб машина ҳайдаш ва яна шунга ўхшаш фикрлар.
Даҳшатлиси, “Менинг энг катта сирим” номли ҳикояси бўлди. Унда отаси тадбиркорлик бизнесини бой берганлиги, онаси билан ажрашганлиги, отасининг бизнес ҳамкори ўқувчининг онасига уйланганлиги ва яқинда онасининг фарзандли бўлиши ва токи боғча ёшидан ҳозиргача бўлган воқеалар ёзилган.
Бу ўқувчининг таржимаи ҳолини тўгарагимизнинг икки йиллик бошқа бир аъзоси – 8-синф ўқувчиси оиласи ва ютуқлари билан солиштириб чиқдик. Ота-онаси зиёли, топганини данғиллама ҳовли, қимматбаҳо машинага эмас, балки фарзандларининг илм олишига сарфлайди. Натижада яқиндагина Қашқадарё вилоятида ўтказилган нуфузли халқаро Ал-Хоразмий номидаги табиий фанлар йўналишидаги олимпиаданинг республика босқичида юқори натижаларни эгаллади. Эътироф этиш керак, “Топ-5” таликдан ўрин олган ўқувчимизнинг олимпиададаги иштирокини бевосита, биз устозларидан ташқари ота-онаси ва нафақага чиққанига 15 йил бўлган бувиси ҳам кузатиб борди. Бу билан ўқувчининг ўзига ишончи ортди. Елкасида катта масъулият борлигини ҳис қилди ва ўз ўрнида улардан далда олди.
Энди юқоридаги саволни қайтарсак: “Тарбиялаш оғирми ёки тарбияси оғирми?”
Бизнинг фикримизча, тарбиялаш оғир. Фарзандларингиз бўш вақтида нима билан шуғулланмоқда? Уйдаги телевизор ёки компьютерда нималарни томоша қиляпти? Сиз олиб берган “беминнат дўст” –- телефондан яна қандай мақсадларда фойдаланмоқда? Интернетдан қандай маълумотларни ўқиб, қандай лавҳаларни кўрмоқда? Кўчада кимлар билан дўст бўлиб, улар билан вақтини қандай ўтказмоқда ёки сиз бераётган пулларни нималарга сарфлаяпти?
Шу каби саволлар сиз азиз ота-оналарни доимо қизиқтириб турсин. Фарзандларингиз асло назоратсиз қолмасин…
Гулноза Ачилова,
Дилдора Раззоқова,
Навоий шаҳридаги 16-мактаб ўқитувчилари.
ЎзА