Бухоро тараққийпарварлик ҳаракатининг йирик намояндаси Абдурауф Абдураҳим ўғли Фитратнинг ғоявий қарашлари бугунги кунда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
У кўплаб асарлари ва шеърлари орқали жадидчилик ғояларини тарғиб қилди. Асарларида жамиятдаги иллатларни танқид қилиб, улардан қутулиш йўлларини кўрсатди. Унинг “Мунозара” асарида Бухорода фаолият кўрсатган ёш тараққийпарварларнинг мақсад ва вазифалари ўз ифодасини топган.
Абдурауф Фитрат буюк маърифатпарвар аллома, ёзувчи, драматург ва жамоат арбоби бўлиш билан бирга адабиёт, тарих, ҳуқуқ ва маориф сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланган жадидларимиздан бири. Абдурауф Фитрат газета-журналлар орқали жаҳонда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб Туркистонда мактаб, маориф ва маданият масалалари, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи билан шуғулланган. Абдурауф Фитратнинг илм-фанга юксак эътибори ўзининг “Танланган асарлар”и 2-жилдида (Тошкент, “Маънавият”, 2000) Алишер Навоийнинг “Қутадғу билиг” асари 3-нусхаси топилганлиги борасида ифтихор қилиб ёзиш билан бирга, Аҳмад Яссавий фаолияти, унинг назмий асарларидаги тасаввуфий ғоялари, ҳар бир ҳатти-ҳаракатида Аллоҳга таваккал қилиш, инсонларга фақат яхшилик қилишнинг саодати борасидаги таълимотини ёрқин бўёқларда акс эттирганлигини кўришимиз мумкин.
Фитрат ижодини шартли равишда 3 даврга бўлиш мумкин. Агар Фитрат 1909-1916 йилларни ташкил этган 1-даврда жадид маърифатпарвари сифатида ижод қилган бўлса, 1917 йил февраль инқилобидан кейин Москвага сургун қилингунига қадар бўлган 2-даврда ҳуррият ва мустақиллик ғоялари билан тўйинган асарлар ёзади (1917-23). Совет махфий хизматининг доимий назорати остида яшаган Фитрат ижодининг 3-даври (1923-37)да асосан илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланади. Фитратнинг адабий мероси бой ва ранг-баранг. У ёзувчи сифатида бадиий ижоднинг барча турларида қалам тебратибгина қолмай, ўзбек адабиётининг янги жанр ва турлар билан бойиши, шеър тузилишининг ислоҳ этилиши, реализмнинг теранлашиши, давр, жамият ва халқ ҳаёти билан боғлиқ муҳим ижтимоий муаммоларнинг ўзбек адабиётида бадиий талқин этилишига улкан ҳисса қўшди.
Фитрат 1912 йилда Истанбулда нашр этилган “Ҳинд сайёҳи баёноти” асарида ўлка ҳаётининг кўплаб муаммолари – халқнинг ночор ҳаёти, ҳарбий нозирларнинг интизомсизлиги, шаҳар ва унинг атрофидаги қишлоқларнинг экологик аҳволи, эл соғлигини сақлаш – табобат ва даволаш усуллари, саноат ва ишлаб чиқаришнинг ночор ҳолати, қозихоналар иши, қатор вилоятларнинг миллий газетага муҳтожлиги, йўл қурилиши, ҳатто темир йўллар, деҳқончилик ва ҳунармандчилик – ҳаётнинг барча соҳалари кескин ислоҳга муҳтож экани ҳинд сайёҳининг назари орқали идрок қилинади. Бу асарда нафақат ислоҳотчилик ғоялари, балки янги капиталистик муносабатларга ўтиш ҳам тарғиб қилинган. Асарда Бухоро мадрасаларида диний таълимнинг оғир аҳволда эканлиги, нафақат талабалар, ҳатто мударрисларнинг илм савияси, араб тилини саёз билиши натижасида исломнинг муқаддас китоблари нотўғри талқин қилинаётгани баён этилган.
Абдурауф Фитрат маърифатпарвар адиб сифатида “Мунозара”да Бухоро амирлиги идорасида муайян ислоҳот-ўзгариш киритиш ғоясини илгари сурган бўлса, “Ҳинд сайёҳи баёноти”да янгича ғояни — муайян даражада Бухоро амирлигига нисбатан ўз эътирозномасини баён этади. У ислоҳот ғояларидан воз кечмайди, бироқ, Бухоро давлатининг маданияти, табобати, саноати ва ҳатто ер ости бойликларидан халқ манфаати йўлида фойдаланиш ҳақида қайғуради.
Фитратнинг “Нажот йўли” асарисиз эса жадидларнинг ҳаракатига объектив баҳо бериш мушкул. Бу асар жадидларнинг ғоя ва мақсадларини баҳолашда ягона ва бирламчи манбадир. Муаллиф миллатни қолоқликдан қутқариш йўли деб ислом динининг муқаддас китоби Қуръони каримни билади ва бу муқаддас китоб ҳамда ислом дини ғоялари атрофида миллатни жипслаштиришга даъват этади. Унинг фикрича, “Қуръони карим” – бу илм ва маърифатдир, ота-боболаримиз ҳар соҳада, айниқса, илм ва маърифатда олам аҳли учун ибрат ва намуна бўлганлар, улар ҳар бир илмнинг асосий моҳиятини яхши билиб, ундан яхшигина истифода ва истеъмол қилганлар.
Фитрат Бухоронинг тараққиётдан орқада қолиб кетаётганига урғу бериб, мамлакатни таназзулдан, халқни ночор аҳволдан қутқариш учун илм-фанни ривожлантириш зарурлигини уқтиради. Фитратнинг яна бир ғояси – халқни бирлаштириш, жипслаштириш ғояси эди. Фитрат дастур аҳамиятига эга рисола ва мақолаларни эълон қилибгина қолмай, бу асарлар замирида ётган асосий ғоя – маърифатпарварлик фаолияти билан амалий жиҳатдан ҳам шуғулланди. Шу боис у 1913 йил охири 1914 йил бошларида мактаб очиш билан машғул бўлди.
Фитрат зуллисонайн ёзувчи бўлиб, адабий фаолиятининг дастлабки даврида асосан форс тилида ижод қилган («Сайҳа»). Фитратнинг бизга етиб келган ўзбек тилидаги шеърлари 1917 йил ва ундан кейинги даврга оид. Маълумки, Февраль инқилобидан кейин Туркистон халқларининг мустақилликка эришишлари учун бирдан-бир тарихий имконият туғилган. Фитрат шу даврда халқнинг мустамлакачилик кишанларини парчалаб, истиқлол учун курашга даъват этувчи шеърлар ёзишга киришган.
Аммо анъанавий аруз вазни, унинг назарида, бундай замонавий ғояни ифодалаш, халқни оёққа қалқтириш ва сафарбар этиш кучига эга эмас эди. Шунинг учун ҳам Фитрат турк ва татар шеъриятларида шаклланган, ўзбек халқ оғзаки шеъриятида айрим унсурлари бўлган сочмани миллий адабиётимизга олиб кирди. Шоир «Юрт қайғуси» деб номланган бир шеър ва 4 та сочма ёзиб, уларда ҳуррият учун кураш ғоясини баралла куйлади.
Фитрат мазкур сочмаларида Туркистонни хўрланган ва хорланган Она образида тасвирлаб, бу жабрдийда Онани зулм асоратидан халос этиш учун Амир Темур сингари жаҳонгирларга мурожаат этди, халқни эрк ва ҳуррият учун кураш майдонига даъват этди. У шу йилларда “Миррих юлдузига”, “Шарқ”, “Шоир” сингари шеърларини яратиб, уларда Туркистонни энди “қизил” мустамлакага айлантира бошлаган большевикларга ва улар барпо этаётган тузумга нафрат туйғусини ифодалади. Фитрат бармоқ вазнида ёзилган шу шеърлари билан халқ оғзаки шеъриятининг мулки бўлган бармоқни ислоҳ этиб, Чўлпон билан бирга уни ёзма адабиётга олиб кирди ва унга янги ҳаёт бағишлади.
Фитрат фақат янги усулдаги мактаблар очиш билангина жадидчилик ҳаракати олдида турган мақсадларга эришиб бўлмаслигини англаган ҳолда солиқларни камайтириш, деҳқонлар аҳволини яхшилаш, амалдорлар ўртасида авж олган порахўрликка барҳам бериш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш каби талаблар билан чиқди. Ўз асарлари ва мақолаларида янги усул мактабларининг аҳамиятини кўрсатиб, Бухорода илм-фанни ривожлантириш, давлат мустақиллигини сақлаб қолиш учун ички низоларга барҳам бериб, жадидлар ва қадимчиларни бирлашишга чақирди.
Ушбу ғоялар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмади, шу боис Абдурауф Фитрат каби буюк ватандошларимиз фаолиятини ўрганиш ҳар биримиз учун ниҳоятда хайрлидир.
Махсуд Мухаммедов,
“Миллий тикланиш” демократик партияси
Бухоро вилояти кенгаши раиси,
вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари
ЎзА