Маҳаллаларда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шу жараённинг ёрқин намуналаридан бири сифатида Бухоро вилояти Олот тумани “Хидрейли” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулсанам Абдуллаева бошчилигидаги оилавий тадбиркорлик фаолиятини келтириш мумкин.
Оила томонидан ташкил этилган корхона бугунги кунда маҳалладаги энг фаол субъектлардан бирига айланиб, ўз йўналишларида барқарор ўсишга эришмоқда. Воҳид Ҳаққиев оилавий бизнесни кенгайтириш мақсадида 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олган. Ушбу кредит маблағлари нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, автомобилларни ювиш хизматини ташкил этишга йўналтирилган.

Тадбиркорлик субъекти томонидан ишлаб чиқарилаётган нон ва патир маҳсулотларидан ойига 30 миллион сўмга яқин даромад кўрилмоқда. Бу эса оиланинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш билан бирга, фаолиятнинг янада кенгайиши учун зарур имкониятлар яратмоқда.
Шунингдек, оилавий корхона ҳисобидан 2 нафар доимий иш ўрни ташкил этилган бўлиб, бу маҳалладаги бандликка ижобий таъсир кўрсатмоқда.

– Маҳаллада авваллари асосан деҳқончилик билан шуғулланиш устун бўлган бўлса, бугун кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш тармоқлари сезиларли даражада ривожланмоқда. Фуқаролар имтиёзли кредитлардан самарали фойдаланиб, янги иш ўринлари яратмоқда. Эндиликда фақат деҳқончилик эмас, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳам кенгайиб, маҳалламизда ўзига хос маъмурий ва иқтисодий марказ шаклланиб бормоқда – дейди ҳоким ёрдамчиси Элбек Раҳматов.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.