Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиётнинг асосий кафолати
09:28 / 2025-05-12

Ўзбекистонда охирги йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ижтимоий шериклик муносабатларини кенгайтириш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди.

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги қарорига мувофиқ, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда жами 26 та амалий чора-тадбир белгиланган бўлиб, уларнинг барчаси фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ҳуқуқий, институционал ва ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Жамшид Жўраев мазкур қарор билан белгиланган муҳим устувор йўналишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

— Биринчидан, соҳанинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланади. Йўл харитасининг дастлабки бандларида фуқаролик жамияти фаолиятига дахлдор ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, янгиларини ишлаб чиқиш ва мавжуд қонунларни такомиллаштириш режалаштирилган. 

Иккинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун янада кўпроқ имкониятлар эшиги очилмоқда. Мазкур ҳужжатнинг марказида фуқаролик жамиятининг ННТларнинг ҳуқуқий, моддий ва ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватланиши турибди. Эндиликда фуқаролик жамияти институтлари фақат ижтимоий ташаббусларни амалга оширувчи субъект эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги узвий боғловчи бўғинга айланиши кўзда тутилган. 

Бу мақсадда 250 нафар ННТ раҳбари учун махсус малака ошириш курслари ташкил этилиши, солиқ, ҳисобот ва грант тизимлари бўйича аниқ услубий қўлланмалар ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Илғор тажрибалар умумлаштирилиб, барча ташкилотлар ўртасида ўзаро ўрганиш ва тажриба алмашиш майдони яратилади. 

Учинчидан, жамоатчилик назорати ва фаол фуқаролар учун майдон янада мустаҳкамланмоқда. Фуқаролик жамияти институтларини давлат бошқаруви жараёнига жалб этиш бугунги кунда юртимиздаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. 

Бу энди аниқ амалий механизмлар, жавобгарлик ва очиқлик асосида шаклланиб бормоқда. Йўл харитасида назарда тутилган чора-тадбирлар бу сўзда эмас, амалда халқ иштирокини таъминлашга қаратилган изчил ҳаракатдир.

Давлат дастурлари фақат ҳужжатда қолиб кетмаслиги, уларнинг амалга ошиш жараёни жамоатчилик назоратида бўлиши керак. Жамоатчилик кенгашлари энди фаолият юритяптими ёки йўқми, фойдаси борми, деб бош қотириш шарт бўлмайди. Булар йиллик рейтинглар орқали уларнинг самарадорлиги халққа аён қилинади.

Ёшлар билан мулоқот қилувчи реал платформалар ташкил этилиши, коррупцияга қарши кураш, экологик хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари каби муҳим йўналишларда жамият овозининг эшитилиши таъминланади. Бу ўзгаришлар орқали фуқаро ўзини “томошабин” эмас, балки ислоҳотлар жараёнининг тўлақонли иштирокчиси сифатида ҳис этади.

Бугунги ислоҳотлар даврида жамиятни маънан бойитиш, аҳолининг фикрлаш маданиятини шакллантириш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифага айланмоқда. Бу йўлда журналистлар, фаоллар ва ёшлар сингари жамиятнинг турли қатламларини қамраб олган мақсадли лойиҳалар Йўл харитасида алоҳида ўрин олгани бежиз эмас.

Аввало, ахборот майдонидаги барқарорлик ва масъулиятни таъминлаш мақсадида “Медиа-таълим ва фактларни текшириш” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган. Бу ташаббус асоссиз маълумотларга қарши жамоавий иммунитетни шакллантиришга қаратилган.

Бундан ташқари, илҳомлантирувчи механизм сифатида “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти жорий этилади. Фаол фуқароларни юксак минбарлардан эътироф этиш нафақат уларнинг фаоллигини оширади, балки бошқалар учун ҳам ибрат манбаига айланади.

Фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик Миллий маъруза тайёрланиши, 2030 йилгача мўлжалланган янги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ва “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” каби чоралар эса ислоҳотларни тизимли таҳлил қилиш, уни халқ билан очиқ мулоқотда баҳолаш имконини беради. 

Албатта, буларнинг барчаси 2025 йил сентябрда ўтказилиши режалаштирилган “Халқаро демократия куни”га бағишланган халқаро конференция билан яхлит мазмун касб этади. Ушбу анжуман Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг дунё ҳамжамияти олдида юз тутиши, салоҳияти ва демократик  жараёнлардаги сўзини айтиш минбари бўлиши кутилмоқда.

Йўл харитасида белгиланган ҳар бир чора бу фақат расмий тадбир эмас, балки халқ билан мулоқотни кучайтириш, адолатли ва очиқ бошқарувни таъминлаш, фуқарони қарорлар марказига қўйиш сари ташланган қадамдир. Унинг самарали ижроси фақат давлат органларининг эмас, балки жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлар ва энг, аввало, оддий фуқароларнинг фаол иштирокида намоён бўлади.

Фуқаролик жамияти бу нафақат давлатга ёрдамчи тизим, балки тараққиётнинг асосий кафолати, халқнинг овози, ислоҳотлар таянчи ва адолатли жамият қуришнинг ҳал қилувчи механизмидир. Демак, ҳар бир фаол фуқаро, ҳар бир масъул ташкилот бу жараёнда ўз ўрнини топиши, ўз ҳиссасини қўшиши, ўз юрти учун масъулиятни ҳис этиши зарур.

Зариф Комилов, 

ЎзА мухбири