Ватан учун, миллат учун, халқ учун!
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида нишонланаётган юртимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида бизнес вакиллари учун муносиб совға тайёрланди.
Президентимиз 20 августь куни тадбиркорлар билан ўтказган навбатдаги очиқ мулоқотида ушбу соҳа ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қиладиган муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари суриб, Янги Ўзбекистонда бизнес вакилларини ҳимоя қилиш, бу
йўлдаги ҳар қандай тўсиқларни бартараф этиш вақтинчалик эмас, балки давомли, ортга қайтмас жараён эканини яна бир бор амалда кўрсатди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида бизнес субъектларини энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз Мустақиллиги байрами
билан қутларкан, бугун юртимизда яратилаётган ҳар бир иш ўрни, қад кўтараётган корхоналар, халқимизнинг оғирини енгил қилаётган хизматлар, экспорт бўлаётган ҳар бир маҳсулот тадбиркорларнинг жасоратли меҳнати, ташаббус ва изланишлари ҳосили эканини таъкидлади. Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: ҳар бир соҳа, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла – фақат тадбиркор ҳаракат қилганида, уларга қулоқ тутиб, ишонч билдирилганида ривожланади, обод бўлади.
Қайд этиш лозим, соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган таъкиди бугун Янги Ўзбекистон ислоҳотларида ҳақиқий маънода ўзининг исботини топяпти.
Тадбиркор, ташаббускор, изланувчан, ишнинг кўзини биладиган, халқ, давлат манфаатини ўйлаб, тиним билмайдиган инсонлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланяпти.
Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимиз тараққиёти, истиқболини таъминловчи асосий куч сифатида қаралаётган тадбиркорларга бўлган муносабат бутунлай ўзгарди.
Уларнинг муаммолари, мурожаат ва таклифларини тинглаб, самарали ечим топиш тизими яратилди. Ортиқча текшир-текширишлар, чекловлар, бюрократик тўсиқларга барҳам берилди. Илк очиқ мулоқотдан буён тадбиркорларнинг 1 мингга яқин ташаббуси қонунчиликка киритилди.
Бунинг натижасида сўнгги саккиз йилдаги статистикага қарайдиган бўлсак, тадбиркорлик субъектлари сони 2017 йилда 275 мингтани ташкил қилган бўлса, 2024 йилда 456 мингтага етди. Бугун ишли аҳолининг 11 миллиони, яъни 74 фоизи айнан шу соҳада хизмат қилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 3 миллиондан зиёд иш ўрни очилди. Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бир қисми ҳам бизнес вакиллари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бу каби натижаларнинг барчаси тадбиркор ишига ҳеч ким аралашмайдиган даражада ҳуқуқий асос яратилгани билан боғлиқ. Ишбилармонликка оид камчиликлар “кабинет”ларда эмас, очиқ мулоқотлар орқали ҳал қилинадиган тизим яратилда. “Текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди”, деган қараш билан иш юритиб бўлмаслиги амалда исботланди.
Тадбиркор ҳам “сояда” ишлашдан кўра қонуний фаолият кўрсатишни, фақат соғлом рақобат муҳитигина манфаатли, фойдали бўлишини тушуниб етди. Натижасида 139 мингта корхонада иш ўринлари 811 мингтага кўпайди, 273 мингта корхона иш ҳақи фондини 22 фоизга оширди. Ўтган йили хусусий секторда ўртача ойлик 4 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда 5 миллион сўмга яқинлашди.
Тадбиркорлар билан навбатдаги учрашув улкан бунёдкорлик ишлари бошланган Янги Тошкентда ўтказилганида ҳам рамзий маъно бор. Ушбу мегалойиҳа “Инсон қадри учун” ғояси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларимиз одамларнинг кундалик ҳаётида қандай акс этаётганининг яққол исботи, янгиланиш ва тараққиёт йўлидаги дадил қадамларимизнинг ёрқин тимсоли бўлади. Яъни, Янги
Тошкент тадбиркорлар учун ҳам янги имкониятлар, янги ғоя ва янги бозорлар майдонига, инновациялар ва инвестициялар марказига айланади.
Албатта, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ижросини таъминлашга, қонунчилик асосларини янада такомиллаштириб, тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишга масъулмиз. Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиёти, истиқболини таъминлайдиган, давлатимизни бой қиладиган, энг асосийси, халқимиз, оилалар ҳаётини фаровон қиладиган куч бу – тадбиркорлардир.
Гўзал САМИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати