Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиётга тушов бўладиган иллат
09:51 / 2022-03-17

Бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мамлакатимиз ривожида, турли соҳалар равнақида муҳим ўрин тутади. Аммо бу борада Ҳисоб палатаси томонидан 2021 йил давомида давлат бюджети маблағларининг сарфланиши устидан амалга оширилган назорат тадбирларида бир қатор молиявий камчилик ва камомадлар аниқлангани ачинарли ҳол.

Биргина Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 260,4 миллиард сўмлик молиявий хато, камчилик ва ўзлаштиришлар аниқланган. Жумладан, туман тиббиёт бирлашмаларида иш ҳақи учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши бўйича текширишларда 9 та туман ва шаҳарда 16,7 миллиард сўм бюджет маблағлари ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланган. 

Масалан, Ургут туманида 2,3 миллиард сўм, Андижон туманида 1,8 миллиард сўм, Улуғнорда 1,7 миллиард сўм, Боёвутда 1,2 миллиард сўм иш ҳақи учун маблағлар сохта тўлов ҳужжатларини расмийлаштириш орқали ноқонуний ўзлаштирилган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Тиббиёт қурилиш инжиниринг" корхонаси назоратида бўлган қурилиш-таъмирлаш ишларида қўшиб ёзиш, қурилиш материалларига қиммат нархларни қўллаш орқали 11 миллиард сўм бюджет маблағлари ортиқча сарфланган. 

Тошкент тиббиёт академияси биносида дастлабки бажарилган тугалланмаган қурилишлар лойиҳани қайта ишлаб чиқиш натижасида асоссиз бузилиб, 22,4 миллиард сўм маблағ самарасиз сарфланган. 

Бу биргина соғлиқни сақлаш тизимида аниқланган рақам ва ноқонуний ҳолатлардир. Афсуски, бошқа қатор йўналишларда ҳам бу каби молиявий хатоликлар, бюджет маблағларини ўзлаштиришлар, халқ, давлат пулини бемақсад сарфлашлар учрайди. Бу эса мамлакатнинг бугуни ва эртасига хиёнатдир.

Амалга оширилиши режалаштирилган юксак мақсад ва вазифалар, лойиҳалар самарадорлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади, тараққиётга тушов бўлади. Бу каби иллатларни бартараф этиш эса ҳар бир инсоннинг ўз нафсини жиловлашидан бошланади... 

Муҳтарама Комилова, ЎзА