Мулоҳаза
Ҳеч бир жамият ўз-ўзидан мустаҳкам бўлиб қолмайди. Бунинг учун йиллар, балки асрлар ҳам ўтиши мумкин. Аммо барқарор жамият шакллантиришнинг асосий талабларидан бири савияли шахслар ва фаровон оилаларнинг кўпайишидан иборат. Негаки, бундай кенг дунёқарашли, соғлом фикрли, илмли инсонлар оиланинг муқаддас эканини англайди. Соғлом оила муҳити эса тафаккури бутун фарзандлар тарбиялайди.
Мамлакатимизнинг бугунги сиёсати ҳам мустаҳкам жамият барпо этиш орқали барқарор ривожланишни мақсад қилган. Бироқ ҳар бир даврда бўлгани каби бу йўлда тўсиқ бўлаётган иллатлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай иллатлардан энг хавфлиси, маҳаллийчиликнинг кучайишидир. Шуни унутмаслик лозимки, ватанни севмай туриб, унда олиб борилаётган сиёсатнинг асл моҳиятини англамай туриб, барқарор жамият шакллантириш имконсиз.
– Уч йилдан буён Тошкентда ўқийман. Табиийки, пойтахтда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан талабалар ўқийди, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Элдор Ёқубов. – Мени хафа қиладиган ҳолат шуки, бир мамлакат фуқароси бўла туриб, бир вилоят вакили бошқа вилоят вакили билан маҳаллийчилик қилиб зиддиятга боришидир. Маънавияти дунёга кўзгу бўлган миллатимизни қадрсизлантирадиган бундай онгсизларни тараққиётимизнинг энг катта душманларидан деб биламан. Талаба алмашинуви дастури асосида олти ой Туркиянинг Измир шаҳрида таҳсил олиб келдим. У ердаги муҳитга ҳавас қилдим, тўғриси. Улар нафақат юртдошларига, балки барча туркий давлатлар фуқароларига ҳақиқий қардошона муносабатда бўлишар экан. Эндиликда, атрофимда маҳаллийчилик қилинаётган ҳолатларга дуч келсам, унинг олдини олишга астойдил ҳаракат қиламан.
Таъкидлаш жоизки, мустаҳкам жамият тузиш йўлида давлатимиз раҳбари илгари сураётган ташаббуслар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Маърифат маскани бўлмиш таълим ташкилотларида олиб борилаётган мазмунли маънавий-маърифий суҳбатлар натижасида ёшларнинг қалбида ватанга бўлган муҳаббат, келажакка бўлган ишонч ортиб бормоқда. Жамиятнинг энг қуйи бўғинларидан бошлаб соғлом муҳитни шакллантириш мақсадида оилалар фаровонлиги, маҳаллалар осойишталиги ва ободлигига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Олиб борилаётган бундай эзгу сиёсатни барчамиз яхши англаган ҳолда унинг амалий ифодасида томошабин эмас, иштирокчи бўлмоғимиз талаб этилади. Шундагина тараққиётимизга соя солаётган юқоридаги каби иллатларни бартараф этмоғимиз мумкин бўлади.
Шербек Исломов, ЎзА