Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиёт юқори малакали мутахассисларни талаб қилади
16:46 / 2022-03-26

Тошкент халқаро инвестиция форумининг иккинчи куни қизиқарли тадбирларга бой бўлди.

Хусусан, “Янгича таълим ва келажак 50+” давра суҳбати давомида қатнашчилар таълим тизимидаги жорий ислоҳотлар ва янги технологиялар келажакда қандай намоён бўлиши, келгуси 30 йил ичида нималарга тайёр туриш кераклиги масалаларини муҳокама қилдилар.

Давра суҳбати спикерлари, шунингдек тадбир давомида сўзга чиққан бошқа экспертлар таълим соҳасидаги тенденциялар, яқин келажакда эҳтиёж пайдо бўладиган касб-ҳунар турлари ва зарур кўникмалар, мамлакат салоҳиятини инобатга олган ҳолда сифатли кадрлар тайёрлаш жараёнини ташкил этиш юзасидан фикр алмашдилар.

Муҳокамада таълим тизими эволюциясини олдиндан белгилаш, тўпланган тажрибани таълим тизими самарадорлигини оширишга мослаштириш, сунъий интеллектнинг таъсири каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов сифатли таълим муҳимлигини таъкидлаб, “ўқитувчилар таълим соҳасида асосий восита” эканини алоҳида қайд этди. Сифатли таълим асосида ўқитувчилар билими ётади.

 Замонавий технологиялар тинимсиз ривожланиши ва дунёнинг ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда, замон билан ҳамнафас яшаш керак. Бунинг учун ҳозирданоқ бугунги ўзгаришларни таҳлил қилиш, келажакни олдиндан кўра билиш лозим. Демак, 2030 йилда сунъий интеллектни ривожлантириш долзарб масалага айланади, 2050 йилга келиб “Smart House Design”, “Мобил дастурлаш” атамалари кўпчиликка тушунарли бўлади.

- Дунё ўзгаряпти, эртага нима бўлишини олдиндан аниқ айтолмаймиз, - деди Рустам Каримжонов. - Пандемия даврида барчамиз шунга гувоҳ бўлдик. Демак, болаларда мустақилликка, мустақил таълимга иштиёқни кучайтириш орқали уларни келажакка тайёрлаш зарур.

Ўзбекистонда олий ўқув юртлари сони жадал ўсиб боряпти. Бу рўйхатда халқаро ва хусусий университетлар салмоғи юқори.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Музаффар Жалолов Ўзбекистон 2030 йилга келиб Марказий Осиёнинг таълим марказига айланишига ишонч билдирди.

Таълим тизимини рақамлаштириш бугунги кунда қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини қўшимча қиларкан, у пандемия ҳамма мамлакатлар ҳам онлайн форматга мажбурий ўтишга тайёр эмаслигини кўрсатди, дея қўшимча қилди. Тўғри, ҳозир масофавий таълим тез оммалашяпти, ёшларда янгиликни ўзлаштиришга нисбатан иштиёқ кучли. Бунда фарзандларимизга IT-технологиялар ёрдамга келади.

Шон Кори, “Oliver Wyman” вакили:

- Яқин йиллар ичида кўпгина соҳа вакиллари, масалан, ҳайдовчилар ўрнини сунъий интеллектли машиналар эгаллаши мумкин. Бундан ташқари, келажак учун режа тузаётганда, интернет билан боғлиқ барча воситалар узлуксиз ривожланиб боришини ҳисобга олиш лозим. Виртуал ҳақиқат тобора реалликка айланяпти.

Алексей Сим, Ўзбекистон Республикаси Стратегик ривожланиш агентлиги бош директори ўринбосари:

- Бугун Ўзбекистон юқори технологияларнинг барча йўналишларида ривожланиш йўлидан бормоқда. Биомеханика, нанотехнология, водород энергетикаси каби тармоқлар фаол ривожланяпти. Тараққиёт юқори малакали мутахассисларни талаб қилади. Агар шу йўналишда давом этсак, 5-10 йилдан кейин шу соҳаларда етакчилар қаторига киришимиз мумкин.

Гўзал Сатторова,
ЎзА