French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик
14:04 / 2023-05-11

Халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон Республикасида давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Иқтисодий ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда мавқеининг кўтарилаётганлиги халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш учун замин яратмоқда. Хусусан, “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида Ўзбекистон беш йил ичида 141-ўриндан 69-ўринга кўтарилганлиги бунга яққол мисолдир.  

Эътироф этиш жоиз, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар Кенгашининг 32-йиллик йиғилишини жорий йилнинг 16-18-май кунларида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ЕТТБ томонидан Ўзбекистон Республикасига бўлган ишонч ва эътиборнинг юксак намунасидир. Жаҳон молия тизимида ўз нуфузига эга бўлган ушбу халқаро ташкилотнинг сўнгги йилларда Ўзбекистондаги фаолияти, айниқса, республикада ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматини кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар учун ажратган имтиёзли кредитлар ҳажми анча кенгайди.  

Хусусан, 2018 йилдан ҳозирги кунга қадар соҳани қўллаб-қувватлаш учун EТТБ билан 7 та лойиҳа бўйича жами 420 миллион долларлик битимлар имзоланди. Ушбу маблағлар ҳисобидан ичимлик суви йўналишида 342 километр сув тармоғи, 3 та сув олиш иншооти, 6 та сув тозалаш иншооти, 40 та сув тақсимлаш иншооти ҳамда оқова сув йўналишида 365 километр оқова сув тармоғи, 11 та оқова сув тозалаш иншооти ва 57 та оқова сув насос станцияси қурилади ва реконструкция қилинади.  

EТТБ иштирокидаги лойиҳалар тўлиқ фойдаланишга топширилиши эвазига 1 миллион 419 минг нафар аҳоли ичимлик суви ва қарийб 780 минг нафар аҳоли марказлашган оқова сув хизматлари билан таъминланиши кутилмоқда. Айни пайтда ушбу лойиҳалар Хоразм (2 та), Наманган (2 та), Қашқадарё (1 та) ва Сурхондарё (1 та) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (1 та) амалга оширилмоқда.  

– Хусусан Хоразм вилоятининг Питнак, Урганч, Хива ва Гурлан шаҳарларида ичимлик ҳамда оқова сув тизимини ривожлантириш мақсадида ЕТТБнинг 150 миллион доллар имтиёзли кредитлари жалб этилмоқда, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ Европа тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳаларини мувофиқлаштириш бошқарма бошлиғи Нуриддин Ваисов. – Ушбу маблағлар ўзлаштирилиши эвазига умумий қуввати 400 минг м3/сутка бўлган 2 та сув тозалаш иншооти, қуввати 50 минг м3/сутка бўлган сув олиш иншооти, жами қуввати 45,5 минг м3/сутка бўлган 4 та оқова сув тозалаш иншооти, 37 та янги оқова сув насос станцияси ва 220 км оқова сув тармоқлари қурилади. Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Чуст, Поп, Наманган ва Мингбулоқ туманларида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматини яхшилашга ЕТТБнинг 130 миллион доллар кредит маблағлари жалб этилмоқда. Бунинг эвазига қуввати 100 минг м3/сутка бўлган сув тозалаш иншооти, умумий қуввати 30 минг м3/сутка бўлган 2 та сув олиш иншооти, умумий қуввати 16,7 минг м3/сутка бўлган 3 та оқова сув тозалаш иншооти, 266 км ичимлик ва 53 км оқова сув тармоқлари қурилади ҳамда 20 та сув тақсимлаш иншооти реконструкция қилинади.  

Сурхондарё вилояти Музработ тумани аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун ЕТТБнинг 50 миллион доллар маблағлари ҳисобига “Оқтош” ва “Пошхурт” ер ости сув манбаларидан узунлиги 75 км сув қувури қуриш, шунингдек, 18 та сув тақсимлаш ва кунлик қуввати 53 минг м3 бўлган сув тозалаш иншоотини қуриш режалаштирилмоқда. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри оқова сув тизимини яхшилаш учун ЕТТБнинг 60 миллион доллар маблағлари ҳисобидан кунлик қуввати 60 минг м3 бўлган оқова сув тозалаш иншооти, 16 та оқова сув насос станцияси ва 90 км оқова сув тармоғи қурилади.  

Шунингдек, Тошкент шаҳри ичимлик ва оқова сув тизимини ривожлантириш мақсадида ЕТТБнинг 30 миллион доллар имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилиши эвазига 2 та сув тозалаш иншооти, 1 та сув тақсимлаш иншооти ва 3 та оқова сув тозалаш иншооти ҳамда 3 та оқова сув насос станцияси ва 2,2 км узунликдаги оқова сув коллекторлари реконструкция қилиниб, 1 та сув тақсимлаш иншооти ва 1 та оқова сув насос станцияси қурилади.  

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда ижтимоий йўналтирилган мазкур лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳудудларнинг экологик ҳолатини яхшилашда катта ўрин тутади. Яқин келажакда санитария-экологик вазиятни яхшилаш ҳудудларнинг барқарор ривожланишига, саноат тармоқларига қўшимча инвестициялар жалб этилишига, шунингдек, ҳудудларнинг туристик ва экотуристик салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.  

 

Нилуфар БОЗОРОВА,  

ЎзА